“Мадад” — ҳуқуқий мадад кўрсатади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 9 январь куни “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Ушбу фармон асосида ҳуқуқий онгни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотининг Тошкент шаҳрида ҳуқуқий маслаҳат бюроси очилди.

— Мақсадимиз, аҳолига ҳуқуқий масалалар бўйича бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиб, халққа хизмат қилишдир. “Мадад” бюроси алоҳида бўлинма ҳисобланади ҳамда аҳолига беғараз ҳуқуқий маслаҳатлар ва тушунтиришлар кўрсатиш орқали уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга кўмаклашади, — дейди “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ижрочи директори Тўлқин Турсунов. — Ушбу талаблардан келиб чиқиб, мамлакатимиз аҳолисининг ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини таъминлаш ва бу борада Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш тизимини йўлга қўйиш мақсадида Адлия вазирлиги ташаббуси билан «Advise.uz» ҳуқуқий ахборот тизими ҳам яратилди. Мазкур тизимни ишлаб чиқишда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда «Citizens Advise» тармоғи тажрибаларидан кенг фойдаланилди.

Адлия вазирлиги томонидан «Advise.uz» ҳуқуқий ахборот порталини ташкил этишдан асосий мақсад ҳам жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини юксалтириш ҳамда аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришдан иборат.

Биз “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ижрочи директори Т.Турсуновга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

— “Мадад” ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бюроси  фуқароларнинг мурожаатлари билан қандай тартибда ишлайди?

— Фуқаролар ҳафтанинг беш иш куни давомида  қабул қилинади. Қабулга келганларга реал вақт режимида ҳуқуқий маслаҳатлар ва тушунтиришлар берилади ҳамда электрон дастурга киритилади.  Тегишли ҳужжат лойиҳаларини ёзма равишда тайёрлашга амалий ёрдам сўраган фуқароларга эса қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳужжат намуналарини тўлдириш тартиби тушунтирилади.

— Шу кунгача қанча мурожаатлар келиб тушди?

— “Мадад” муассасаси “Advise.uz” портали билан бевосита ҳамкорликда ишлайди. Порталга  1000 дан ортиқ ҳуқуқий масалалар бўйича контентлар жойлаштирилди. 11 000 дан ортиқ ҳуқуқий саволлар онлайн, 2000 та ҳуқуқий саволлар оффлайн мулоқот орқали йўлланди. Жами 50 мингдан ошиқ  фуқаролар хизматдан  фойдаланди. Фойдаланиш мутлақо бепул бўлганлиги учун ижтимоий қатламнинг барча вакилларига қулай. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли эндиликда адвокатга пул тўлаб, маслаҳат сўрамайди.

— Юридик маслаҳат ва хизматлар юридик шахсларга ҳам кўрсатиладими?

— Йўқ, портал фақат жисмоний шахсларга хизмат қилади.

— Аҳолидан келаётган мурожаатлар таҳлил қилиб борилмоқдами?

— Албатта. “Мадад” ишга туширилаётганда мақсад шундай бўлдики, фуқароларни бугунги кунда қандай масалалар кўпроқ ўйлантир­япти. Қайси  ташкилотларга борганда қонунбузарлик ҳолатларига дуч келмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ҳолларда фуқаролар кундалик турмушда вужудга келадиган айрим бирламчи муаммоларни ҳал қилиш учун айнан қайси ташкилотга ёки мансабдор шахс­га мурожаат қилишни билмай, баъзан оддий ижтимоий масалаларнинг ҳам ечимини тополмасдан, овора бўлмоқда.

Бундан ташқари, фуқароларга адвокатлик тузилмалари томонидан шартнома асосида кўрсатилаётган пуллик хизматлар ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган аҳолининг реал даромадларига мос келмаслиги сабабли, уларнинг бепул юридик ёрдам олишга бўлган имкониятлари чекланиб қолганди.

Бир сўз билан айтганда, бугун кундалик ҳаётида юзага келган маълум бир ижтимоий муаммосини ҳал қилиш учун ишни нимадан бошлашни билмай турган фуқаро “Мадад”га мурожаат қилиши ва биринчи ҳуқуқий ёрдамни олиши мумкин.

Маълумот ўрнида: «Citizens Advise» (Фуқаролик Кенгаши) — Буюк Британия давлати ҳудудида фаолият юритадиган 316 та мустақил хайрия ташкилотларидан иборат тармоқ бўлиб, бу тармоқ фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш фаолияти билан шуғулланади. Тармоқ 1939 йилда ташкил этилган, унда етти минг нафар ходим ва йигирма икки мингдан ортиқ кўнгилли волонтерлар фаолият кўрсатади.

Мамлакатимиз аҳолисига, айниқса, жойларда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида муассасанинг 14 та ҳудудда ҳозирча 28 та туман (шаҳар) ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилди.

Шунингдек, келгусида аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини жойларда ҳал қилиш мақсадида босқичма-босқич равишда ҳар бир туманда маслаҳат бюролари ташкил этилиши режалаштирилган.

Феруза Раҳимова,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × three =