Ҳаётингиз хавфда қолмасин

Кунлар совиши билан оммавий ахборот воситаларида ис газидан заҳарланган юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар, хабарлар кўпайди. Мудҳиш тарқатмадан бир қалқиб олсак-да, негадир у қадар парво қилмаймиз. Ис газидан сақланиш учун етарли шароит яратишга эса шошилмаймиз…

Ис гази ва  бошқа фавқулодда  ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тегишли мутасадди ташкилотлар тадбирлар, учрашувлар ўтказмоқда. Шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва омма­вий коммуникациялар агентлигида “Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ойлиги”га бағишланган матбуот анжумани бўлди.

Анжуманда Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш, Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, Давлат солиқ қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмиталари, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

— Ҳаво совуши билан аҳоли ностандарт газ қурилмаларидан ҳам фойдалана бошлайди. Шунингдек, уйда қўлбола ускуна консерваланган маҳсулотларни истеъмол қилиш кўпаяди. Натижада, заҳарланишнинг оғир ҳолатлари хавф солиши кузатиляпти. Бундай ҳолатлар эса биздан фуқароларимиз саломатлиги муҳофазаси йўлида амалий тадбирларни ташкил этишни тақозо этади, — деди  ФВВ Матбуот хизмати ходими Самандар Ҳикматуллаев.

— Ҳар йили мавсумда ОАВ орқали маълумотлар бериб боришимизга қарамай, фуқароларимиз газдан фойдаланиш қоидаларини унутадилар. Ис гази (СО) рангсиз, ҳидсиз, заҳарли бирикма бўлиб, табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги оқибатида ҳосил бўлади, — дейди «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Саноат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Шоназар Аҳмедов. — Ис газидан заҳарланмаслик учун, биринчи навбатда, иситиш мавсуми бошланиши олдидан печлар, қозонхоналар, сув иситиш қурилмаларининг созлиги, мўриларнинг тозалигига эътибор қаратиш зарур. Қўлбола ясалган иситиш мосламаларидан фойдаланиш мутлақо мумкин эмас, шу билан бирга, табиий газдан фойдаланишда резина шланглар, газ сўрғичларини ишлатиш ярамайди.

— Овқатдан заҳарланишнинг энг оғир шакли ботулизм бўлиб, уни қўзғатувчи микроби ҳавода кенг тарқалган ва узоқ муддат тупроқда спора ҳолатида сақланиб қолади. Бу микроб тез кўпаяди. Масалан, уй шароитида сабзавотлардан консерва тайёрлаш қоидасига риоя қилинмаганда микробнинг урчиши кузатилади. Унга ошқозон шираси таъсир қилмайди, ривожланган микроблар ўзларидан илон заҳридан бир неча юз марта кучли токсин (заҳар) ишлаб чиқаради. Ботулизм оғир кечадиган касаллик. Унга чалинганда ўлим кўрсаткичлари юқори бўлади. Шу боис ҳам унинг олдини олиш чораларини кўриш шарт. Муҳими, ушбу касалликни грипп сингари эмлаб ёки дизентерия сингари антибиотиклар билан даволаб бўлмайди, — дейди ФВВ Матбуот хизмати бошлиғи Мурод  Содиқов.

Қисқаси, ҳаётимизга хавф соладиган бундай омилларнинг олдини олиш учун етарли маълумотга эга бўлишимиз даркор. Яна ушбу тадбирдан шу нарса аниқ бўлдики, ҳукумат ва тегишли идоралар аҳоли хавфсизлиги ҳамда тинчлигини таъминлаш учун ҳар қанча ҳаракат қилмасин, аввало, фуқароларнинг ўзлари тегишли тушунчаларга эга бўлиши жуда муҳимдир.

Феруза Раҳимова

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × one =