Коронавирус – “Тўхта!”

Ҳозирча ўлат келтирувчи касалликни даволашда вакцина ишлаб чиқариш устида иш олиб борилмоқда. Хабарларга кўра, Францияда, Таиландда вакцина топилгани ҳақида маълумотлар бор.

Маълумотларга қараганда бугунга келиб Хитойда коронавирус билан касалланганлар сони 20438 минг кишидан ошди. Баъзи манбаларда эса бу рақам икки-уч баробар кўп айтилмоқда. 425 дан ортиқ бемор ушбу дард туфайли вафот этган. Ачинарлиси, коронавирус билан оғриганлар Таиланд, Япония, Жанубий Корея, Вьетнам, Сингапур, Непал, Малайзия, Австралия, Франция, Германия, Финландия, Канада ва бошқа давлатларда ҳам аниқланган. Хитой ҳукумати Ухан шаҳрини изоляцияланган шаҳар дея эълон қилган бўлса-да, янги турдаги пневмания билан касалланиш ҳолатлари Хитойнинг деярли барча ҳудудларида қайд этилмоқда. Коронавирус сабаб Ухан шаҳрида бўлиб ўтиши лозим бўлган ёзги олимпиада саралаш мусобақаси бекор қилинди.

Касаллик аломатлари

— Коронавирус янги касаллик бўлиб, шу пайтгача бирор мамлакатда кузатилмаган. Дунё олимлари томонидан бу касалликнинг келиб чиқиш сабаблари ва клиник белгилари, даволаш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори, Ўзбекистон Бош давлат санитария врачи Баҳром Алматов. — Беморларнинг кўпчилиги тана ҳароратининг юқорилиги ҳамда нафас олишнинг қийинлашишидан шикоят қилган. Кўкрак қафасининг рентгенография хулосасига кўра, айрим ҳолатларда беморларнинг ўпкалари шикастланганлиги маълум бўлган.

Коронавирус, асосан, инфицирланган ҳужайралар цитоплазмасида кўпаяди. Шу пайтгача инфекция ҳайвонлардан юқиши тахмин қилинганди. Афсуски, ушбу касаллик одамдан-одамга, сўзлашув орқали юқиши ҳам мумкин экан. Ҳозирда беморларни даволаётган тиббиёт ходимларининг ўзлари мазкур касалликни юқтириб олганлиги тўғрисида маълумотлар бор. Ухан шаҳрида ўтказилган эпидемиологик суриштирув натижаларига кўра, айрим касалланган беморлар маҳаллий денгиз маҳсулотлари савдо бозорида ишлаганлиги маълум бўлган.

Ҳозирча ўлат келтирувчи касалликни даволашда вакцина ишлаб чиқариш устида иш олиб борилмоқда. Хабарларга кўра, Францияда, Таиландда вакцина топилгани ҳақида маълумотлар бор. Аммо амалиётда ҳали синаб кўрилмаган. Шунингдек, ушбу вируснинг антигенлари аниқланиб, АҚШ ва Россия илмий текшириш институтларида вакцина ишлаб чиқариш устида иш олиб борилаётгани айтилмоқда.

Олдини олиш чоралари

— Бу касаллик юртимизга кириб келишининг олдини олиш учун биз барча чора-тадбирларни амалга оширмоқдамиз, — деди Баҳром Алматов ОАВлари билан бўлган мулоқотда. “Uzbekiston Airports” АЖ ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тиббий-санитария хизмати томонидан давлат чегарасини, айниқса, Хитойни кесиб ўтган шахсларнинг юқори сифатли тиббий мониторингини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.

Биринчи навбатда, ҳаво йўллари орқали келаётганлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг тана ҳарорати ўлчанмоқда. Сўнг республикамиз ҳудудига киришга рухсат этилади. Агарда уларда касаллик симптоми аниқланса, аэропортда изоляция қилиниб, тез тиббий ёрдам машинасида Республика вирусология илмий текшириш институти клиникасида махсус махфий боксларга жойлаштирилади.

Ундан ташқари, 37 та чегара божхона постларимиз орқали фуқаролар кириб келади, у ердаги санитар карантин пунктларда ходимларимиз фаолият юритяпти, уларнинг барчаси махсус тайёргарликдан ўтган.

Жаҳонда касаллик авж олганлиги сабабли кўплаб мамлакатлар: АҚШ, Жанубий Корея, Австралия, Янги Зеландия, Сингапур, Италия, Канада, Покистон, Россия, Қирғизистон ва бошқа давлатлар Хитой билан вақтинчалик авиа қатновларни бекор қилди.

Юқорида Хитойдан келаётган меҳмонлар чегаранинг ўзида, тана ҳарорати ўлчаниб, республикамизга киритилади дейилса-да, муаммонинг яна бир жиҳати борки, гриппнинг инсон танасида инкубацион даври бўлади, яъни бемор вирусни юқтиргандан кейин 2-3 кун ўтиб иситмалашни бошлайди, 14 кун ичида вирус ўзини тўла намоён этади. Чегарада тиббий кўрик назоратидан ўтганлар, уйига келгандан сўнг тана ҳарорати кўтарилса-чи? — деган савол туғилиши табиий. Ушбу саволга Б.Алматов қуйидагича жавоб берди:

— Албатта, касалликнинг яширин даври бўлади, коронавирусни юқтирган беморда аломатлари 5 кун ўтиб кўринади. Шундай пайтда, тиббий назоратда аниқланмай, кейин гумон қилинса, улар тезда тиббий муассасаларига мурожаат қилишларини сўраймиз.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов матбуот анжуманида шундай деди:

— Энг асосийси Хитойга, шунингдек, зарурат бўлмаган тақдирда  бошқа хорижий давлатларга ҳам вақтинча бормаслик керак. Бугунга келиб ушбу касаллик билан оғриганлар дунёнинг кўпгина давлатларида борлиги оммавий ахборот воситалари орқали маълум қилинмоқда. Коронавирус бўйича юзага келган мураккаб эпидемик вазият дунё миқёсида хавфли тус олаётгани ҳаммани хавотирга солмоқда. “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссия­сини ташкил этиш тўғрисида” Президент фармойиши қабул қилинган. Шунга асосан Uzbekistan Airways компанияси эпидемия сабабли  Хитойга (Пекин ва Урумчи) доимий авиақатновларни тўхтатди. Махсус чартер рейс­лар орқали Хитойдан у ерда  бўлиб турган юртдошларимиз ватанга олиб келинди.

Вирусни “Тўхта!” деган амр билан тўхтатиб қўйиб бўлмайди. Тўхтатгувчининг амрини эса бутун дунё юрак ҳовучлаб кутиб турибди.

Наргиза Бобомуродова,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − three =