Экологик хавфсизликни таъминлашга эришамиз!
Фаолиятимизнинг устувор вазифалари
Эркин Омонов,
Ўзбекистон Экологик партияси Ахборот хизмати раҳбари:
— Ўзбекистон Экологик партияси ўз дастурий вазифаларини, сайловолди сиёсий позициясини амалга оширишда, партиянинг дастурий мақсад ва ғояларини қўллаб-қувватлайдиган, экология соҳасида етарли тажриба орттирган, ўз фаоллиги билан Ватанимиз манфаатларига садоқат билан хизмат қиладиган, экологияни ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда аҳолининг соғлиғини сақлаш, санитария-эпидемиология осойишталигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган туб ислоҳотларни тушуниб етган, ташкилотчилик тажрибасига эга бўлган ва бу борада мустақил қарор қабул қила оладиган фуқароларга таянади.
Ўзбекистон Экологик партияси қуйидагиларни ўз фаолиятининг устувор йўналишлари деб ҳисоблайди:
— фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга йўналтирилган сиёсатни амалга ошириш, табиатни муҳофаза қилиш ва аҳоли соғлиғини сақлаш борасида кенг жамоатчилик саъй-ҳаракатларини бирлаштириш;
— давлат органларининг мавжуд экологик муаммоларни ҳал этиш ҳамда уларнинг салбий оқибатларини бартараф қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг ижроси юзасидан масъулиятини кучайтиришга қаратилган самарали парламент ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш;
— глобал, минтақавий, маҳаллий экологик муаммоларни ҳал этиш ҳамда экологик ҳолатни барқарорлаштириш ишида жамоатчиликнинг фаол иштирокини ҳар томонлама кучайтириш;
— атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш;
— аҳолининг экологик хавфсизлигини ҳамда жамиятда соғлом турмуш тарзини ва тиббий маданиятини оммалаштирилишини таъминлаш, экологик маданиятини юксалтириш, бунда юксак маънавият, ижтимоий онг ва тафаккур орқали миллий анъана ва қадриятларимизга амал қилиб, она-табиатни асраб-авайлашга эришиш;
— ўсиб келаётган ёш авлодда экологик онгни, билимни шакллантириш ҳамда ривожлантириш, узлуксиз таълим тизимида экологик таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш асосида экологик таълим самарадорлигини янги босқичга кўтаришда фаол иштирок этиш;
— ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда фаол иштирок этиш, иқтисодиётнинг барча тармоқларига энергия ва ресурсларни тежайдиган, кам чиқитли, экологик тоза инновацион технологияларни жорий этишга кўмаклашиш;
— атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда халқаро ва хорижий экологик ташкилотлар билан алоқаларни изчил ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш йўлида фаолият юритади.
Атмосфера ҳавоси мусаффолигини таъминлаш учун нима қилиш керак?
Дилфуза Муйдинова,
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши аъзоси:
— Инсоният ҳаёти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсаткичларини экологик нормативларга мослигини таъминлаш бугунги куннинг глобал муаммоларидан биридир. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши инсон, ўсимлик, ҳайвонот, умуман, жамики тирик мавжудотларга зарарли таъсир кўрсатади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра, дунёда ўн нафардан тўққиз киши ифлосланган ҳаводан нафас оляпти. Ер юзининг 91 фоиз аҳолиси ҳавоси ифлосланган ҳудудларда яшамоқда. Одамлардаги юрак касалликларининг 25 фоизи, шол касаллигининг 24 фоизи, ўпка касалликлари ва ўпка саратонининг 43 фоизи ифлосланган ҳаводан нафас олиш натижасида келиб чиқмоқда. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши нафақат инсон, балки атроф-муҳит, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Масалан, мутахассислар томонидан Қайрағоч табиий шароитда 350-400 йил яшаши, шаҳар хиёбонларида 120-220 йил серқатнов йўллар атрофида эса 40-50 йил яшаши аниқланган. Йирик саноат, металлургия, кимё, кончилик корхоналари атрофида (5 км радиусда) қишлоқ хўжалик ўсимликларнинг ҳосилдорлиги 25-30 фоизга, сифат кўрсаткичлари эса 40-50 фоизга камайиши, автомобиль йўл атрофларида етиштирилган деҳқончилик маҳсулотлари таркибида эса қўрғошин бирикмалари ҳамда айрим кимёвий моддалар рухсат этилган меъёрдан 5-10 баробарга кўпроқ тўпланиши аниқланган.
Шу билан биргаликда, атмосфера ҳавосига чиқарилаётган иссиқхона газлари глобал исишга сабабчи бўлиб иқлим ўзгаришларини келтириб чиқармоқда. Дунё ҳамжамияти, шу жумладан, мутахассислар томонидан бекорга бонг урилмаяпти. Дунё миқёсида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ташланмалар миқдори шу суръатларда кетса, глобал исиш ва иқлим ўзгаришлари натижаси башорат қилиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Сўнгги йилларда атмосфера ҳавосининг ифлосланишида антропоген таъсирнинг роли кескин ортиб бормоқда. Ишлаб чиқариш корхоналари, автомобиллар сонининг кўпайиши атмосферага ташланаётган ташланмалар миқдорининг ортишига сабаб бўлмоқда.
Биргина мисол, 6 йил давомида ишлатилган ўртача автомобиль атмосферага 9 т СО2, 0,9 т СО, 0,25 т NОх и 80 кг углеводород чиқаради. Автомобиль транспортидан чиқаётган ташланмалар таркибида инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи 200 дан ортиқ моддалар — углерод ва азот оксидлари, углеводородлар, бензопирен, қўрғошин, оғир металлар ва бошқа бирикмалар мавжуд. Ёки шаҳарда 100 мингта автомобиль бир пайтнинг ўзида ҳаракатланса, миллион литр қайноқ сув чиқарадиган энергия билан тенг иссиқлик чиқаради. Шу билан биргаликда автомобиль шовқинни кучайтирувчи манба ҳам ҳисобланади.
Юртимизда 99,5 минг турғун ифлослантирувчи манбага эга 3,5 мингдан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда 2,816 млн.дан ортиқ кўчма ифлослантирувчи манбалар, яъни автомототранспорт воситалари мавжуд.
Атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларнинг умумий миқдори 1991 йилдан 2006 йилгача қарийб икки баробарга (1991 йил 3,81 млн. тонна, 2006 йилга келиб бу кўрсаткич 1,92 млн. тоннани ташкил этган) камайган бўлса, 2010 йилдан 2018 йилгача атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори қарийб 1,3 баробарга ортган ва 2018 йили 2,442 млн. тоннани ташкил этган. Бундан 65 фоиз ёки 1 млн. 560 минг тоннаси автомототранспорт воситалари ҳиссасига тўғри келади. Йирик шаҳарларда, мисол учун Тошкент шаҳрида эса бу кўрсаткич 80 фоизни ташкил этади.
Дарҳақиқат, атмосфера ҳавоси ифлосланишининг ортиб боришини Орол денгизи қуриган тубидан кўтарилаётган чанг ва туз заррачалари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари, автомобиллар сонининг кўпайиши, жойларда қурилиш майдонларида олиб борилаётган жадал ишлар билан изоҳлаш мумкин.
Ўзбекистон Экологик партияси атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш мақсадида қуйидаги энг муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш лозим деб ҳисоблайди:
Биринчидан, кўкаламзорлаштирилган ҳудудларни, айниқса, шаҳар ва автомобиль йўллари четида яшил ҳудудларни кенгайтириш. Йирик шаҳарлар атрофида “яшил қалқонлар” ташкил этиш;
Иккинчидан, ёқилғилар сифатини янада яхшилаш ҳамда экологик тоза транспорт воситаларини кўпайтириш, шу жумладан, кенг жамоатчилик учун қулай бўлган велойўлакчалар ташкил этиш;
Учинчидан, иқтисодиётнинг барча жабҳаларида яшил, экологик тоза, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, технологик ва маънан жиҳатдан эскирган ишлаб чиқариш корхоналарини реконструкция қилиш;
Тўртинчидан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни амалиётга кенг татбиқ этиш;
Бешинчидан, янги қурилаётган уйлар ва биноларни энергия ва ресурс тежамкор материаллардан фойдаланиб қурилишини таъминлаш;
Олтинчидан, атмосфера ҳавосига ташланмаларнинг асосий қисмини чиқарувчи кўчма ифлослантирувчи манбаларга нисбатан, доимий манбаларга қўлланилган иқтисодий механизмларни қўллаш ва буларни тегишли қонун ва қонуности ҳужжатларида акс эттириш.
Ҳавонинг ифлосланишига қарши курашнинг энг яхши усулларидан бири шаҳарларни, теварак-атрофни кўкаламзор қилиш: боғу роғлар, гулзорлар, маданият ва истироҳат боғлари, хиёбонлар, дарахтзорлар, ўрмонлар барпо қилиш, корхоналар ва шунга ўхшаш жойлар атрофини кўкаламзорлаштириш. Буларнинг ҳаммаси санитария-гигиена ва эстетик жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлиб, шаҳарнинг қурилиш-архитектура комплексига қўшилиб, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишда жуда муҳим аҳамият касб этади.
Илиқ ва қуёшли кунларда 1 гектар жойдаги кўкат ва дарахтлар фотосинтез жараёнида ҳаводан 220-280 кг карбонат ангидридни ўзлаштириб, 180-220 кг эркин кислород чиқаради ёки бўйи 25 метр келадиган, 80-100 йил умр кўрган бир туп қорақайин дарахти бир соатда 2 кг карбонат ангидрид «ютиб», 2 кг кислород ишлаб чиқаради. Яна шу нарса ҳам ҳисоблаб чиқилганки, бир гектар жойдаги яшил ўт-ўлан бир соатда 200 одам нафас чиқарганда ҳосил бўладиган карбонат ангидридни ўзлаштиради. Демак, яшил ўсимликлар ҳавони карбонат ангидриддан тозалаб, кислород билан бойитади.
Яшил ўсимликлар шаҳарларнинг микроиқлимини ҳам яхшилайди. Дарахтлар иссиқ пайтларда атмосферага кўп миқдордаги сув буғи чиқариб, кундуз кунлари ҳавонинг намлигини 20—30 фоизга оширади, ҳароратни эса бир неча даража пасайтиради.
Шаҳарлардаги яшил бойликларнинг яна бир муҳим ва фойдали хусусияти шуки, улар товуш ва шовқинни 20 фоизга ютади (сусайтиради), дарахтлар қанчалик зич бўлса, шовқинни шунча кўп ютади. Парклар, боғлар, хиёбонлар инсон организмига шифобахш таъсир кўрсатади. Асабларни тинчлантиради, иш қобилиятини оширади. Шундай қилиб, тоза ҳаво одамларнинг соғлиғига ижобий таъсир кўрсатиб, организмнинг турли юқумли касалликларга қаршилигини оширади.
Демак, яшил ўсимликлар одамларнинг кислородга бой соф ҳаво билан нафас олишига имкон туғдириши билан бирга шаҳарликларнинг дам олиши учун қулай шароит яратади. Шаҳар ичидаги ҳавони мусаффо ҳолда сақлайди.
Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловолди дастурида ҳам атмосфера ҳавосининг мусаффолигини таъминлашга қаратилган дастурий вазифалари мавжуд. Хусусан, мамлакатимизнинг йирик ва саноати ривожланган шаҳарларида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган углерод, азот бирикмалари, метан ва бошқа газлар чиқарилишини ҳамда чанг миқдорини 1,5 баробар камайтириш орқали атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичларини белгиланган меъёрлар даражасига келтириш ва уларнинг аҳолига салбий таъсирини камайтириш, шулар жумласидандир.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши, она табиатни асраш, экология ва аҳоли саломатлигини сақлаш билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал этиш ҳамда келажак авлодларнинг мусаффо муҳитда яшаш ҳуқуқини кафолатлаш ишларида фаол иштирок этиш барчамизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Аҳолининг экологик саводхонлик даражасини ошириш, экологик маълумотга эга бўлишини таъминлаш — давр талаби
Мактуба Миртурсунова,
Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси:
— Биз аҳолининг, айниқса, ёшларнинг экологик жиҳатдан юксак маънавиятли ва маданиятли бўлиши тарафдоримиз.
Партия жамиятда экологик маданият даражасини юксалтириш, мамлакатнинг ноёб табиатини келгуси авлодлар учун асраб-авайлашда фуқаролик масъулиятини янада ошириш бугунги кунда экологик барқарорликни таъминлаш ва атроф-муҳитга салбий техноген ҳамда антропоген таъсирнинг олдини олишни муҳим ва долзарб масалаларидан бири, деб ҳисоблайди.
Ушбу масаланинг ечимини топишда Ўзбекистон Экологик партияси аҳолининг ва ўсиб келаётган ёш авлоднинг экологик саводхонлигини ошириш, экологик онги ва экологик маданиятини шакллантириш ҳамда ривожлантириш, экологик таълим ва тарбия жараёнини самарали ташкил этишга йўналтирилган ишларда кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокини муҳим деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Экологик партияси мазкур йўналишда қуйидагиларга йўналтирилган давлат дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этади:
Ўзбекистон Республикасида Экологик таълимни ривожлантириш концепциясини ҳаётга изчил ва самарали татбиқ этиш;
экология соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини, шунингдек, ишлаб чиқаришнинг турли тармоқлари, иқтисодиёт ва бошқарув, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари ва раҳбар-кадрларининг экологик билим савиясини оширишнинг самарали тизимини яратиш;
экологик таълим-тарбия жараёнига масофадан туриб ўқитиш учун ахборот ресурсларини яратишни ўз ичига олган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
ёшларнинг экологик таълим-тарбияси масалаларида оила, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасаларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш.
Аҳолининг экологик маданиятини ошириш вазифасини ҳал этиш учун Ўзбекистон Экологик партияси халқимизнинг доимо табиат ва инсон уйғунлигига эришишни таъминлашга интилиш, келгуси авлод учун уни асраб-авайлаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан тежамли фойдаланишдек асрий анъаналар ва қадриятлардан иборат маданий ҳамда табиий меросга таянишни муҳим деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Экологик партияси ушбу вазифаларни давлат органлари, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқин ҳамкорликда бажаради.
Мавжуд экологик муаммоларга жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш, уларни изчил ҳал этишнинг энг мақбул йўлларини жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳолати ҳақида фуқароларнинг ҳаққоний экологик маълумотга эга бўлишини ва тезкор ахборот билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилади ҳамда ўзининг босма оммавий ахборот воситаларини, Интернет ресурсларини ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини ташкил этади.
Ўзбекистон Экологик партияси атроф табиий муҳит муҳофазаси соҳасида ресурс ва энергия тежовчи экологик тоза технологиялар борасидаги илмий изланишларни ривожлантиришда ташаббускорларни, олим ва мутахассисларни қўллаб-қувватлаган ҳолда фан ва таълим соҳасига сарфланаётган маблағлар мамлакатимизда экологик маданияти юқори, юксак интеллектуал жамиятни шакллантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлади, деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Экологик партияси доимий равишда:
аҳолининг атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш, фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотларни олиш имкониятини таъминлашга;
экологик таълим ва тарбия тизимини, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадлари учун таълимни ривожлантиришга;
мамлакатимизнинг ноёб табиати халқимиз тарихий меросининг ажралмас қисми сифатида келажак авлодлар учун, уни ҳар бир фуқаро томонидан асраб-авайлашига интилади.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли соғлиғини сақлаш масалаларида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш муҳим
Моҳира Ходжаева,
Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси:
— Ўзбекистон Экологик партияси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари чегара билмаслигини ҳисобга олган ҳолда, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли соғлиғини сақлаш масалаларида алоқаларни изчил равишда ривожлантиради ҳамда мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон Экологик партияси Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканлигини инобатга олган ҳолда, экологик хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланишга доир самарали халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади.
Партия яқин қўшни давлатлар билан юритилаётган очиқ, дўстона ва прагматик давлат сиёсатини маъқуллайди, минтақамиздаги барча муҳим сиёсий, иқтисодий ва экологик муаммоларни ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, амалий мулоқот ва халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал этиш тарафдоридир.
Ўзбекистон Экологик партияси юқорида қайд этилган мақсадларга эришиш учун асосий эътиборни:
— Оролбўйини “Экологик инновация ва технологиялар ҳудуди” деб эълон қилиш бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш учун кўмаклашишга;
— БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст жамғармаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳамда хорижий молия институтлари маблағларини жалб қилиш бўйича тадбирларни ўтказиш ва амалга оширилган лойиҳаларни тизимли мониторингини ўтказишга;
— Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг минтақада атроф- муҳитнинг ифлосланишини камайтириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, биологик хилма-хилликни муҳофаза қилишни, аҳоли саломатлигини сақлашни назарда тутувчи “яшил белбоғ” дастури қабул қилинишини қўллаб-қувватлаш ҳамда уни амалга оширишда фаол иштирок этишга;
— экологик масалалар бўйича имзоланган конвенциялар ҳамда икки ва кўп томонлама шартнома ва меморандумлар бўйича Ўзбекистон тарафи ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминланишига ҳамда истиқболли янги халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишда ва такомиллаштиришда иштирок этишга;
— турли халқаро экологик тадбирларни ташкил этиш, уларда партия вакилларининг иштирокини таъминлаш ҳамда тадбирларнинг якуний ҳужжатларида Ўзбекистон Республикасининг манфаатлари ва позициясини ҳар томонлама ҳимоя қилишга;
— миллий қонунчиликка халқаро экологик стандартларни ва меъёрларни сингдириш ва ривожланган мамлакатларнинг амалиётини татбиқ этишга;
— Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт” ва “ақлли қишлоқ хўжалиги” дастурларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳамда жорий этишга;
— атроф-муҳитни ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги устувор дастур ва лойиҳаларни инвестициялашга халқаро молия институтларини жалб қилишга қаратади.
Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишнинг олдини олиш чораларини кучайтириш шарт
Алижон Жалилов,
Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилояти партия ташкилоти раҳбари:
— Мамлакатимизда сўнгги йилларда кўплаб прогрессив ва зарур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ўта муҳим масала ҳисобланган омиллардан бўлмиш инсонлар томонидан ҳайвонларнинг ўзаро муносабатлари лозим даражада тартибга солинмаган. Уй ҳайвонларига нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлиш, қаровсиз қолган ҳайвонларга ёрдам кўрсатиш борасида мақсадли дастурларнинг йўқлиги бугунги куннинг афсуски қайғули айни ҳақиқатидир.
Бошқа тирик мавжудотларга нисбатан шафқатсизлик одамларга нисбатан ҳам бундай муносабатни келтириб чиқариши, жамиятнинг маънавий қадриятлари ва одоб-ахлоқ нормаларини ҳамда инсонпарварлик принципларининг бузилишига олиб келиши мумкин.
Криминология, психология, суд психиатрияси соҳасидаги олимларнинг ўтказган тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлаётган шахслар кўпинча потенциал жиноятчилар бўладилар ва ҳуқуқ-тартибот органларининг жиддий эътиборига лойиқдирлар. Тадқиқотларнинг кўпчилиги шуни кўрсатадики, маньяк-қотил 8-12 ёшданоқ шакллана бошлайди.
Криминология, психология, суд психиатрия соҳасидаги олимларнинг фикрларга кўра, агар илгари болаларнинг ҳайвонларни таҳқирлаши, асосан, оиладаги номақбул вазият туфайли тарбиядаги нуқсон сифатида талқин этилган бўлса, ҳозирги кунда ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик ва тажовузкор бўлган шахслар аксарият ҳолларда жиноят содир этишга мойил бўлиб, қотил сифатида 8-12 ёшдан шакллана бошлайди.
Ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлишнинг ижтимоий хавфлилиги, ҳайвонларни, айниқса, вояга етмаганлар кўз ўнгида йўқ қилиш ёки уларга шикаст етказишдан, умумэътироф этилган инсонпарварлик принципларини қўпол бузишдан иборат. Содир этилган жиноят воқеа шоҳидлари ва ҳайвонларнинг эгаларига ахлоқий, руҳий зиён етказади.
«Mehr va Oqibat» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятининг статистик маълумотларига кўра, 2014-2018 йилларда фақатгина Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида фуқаролардан ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳақидаги 4 мингдан ортиқ ариза келиб тушган. Бундай ташвишли ҳолатлар республиканинг аксарият вилоятларида кузатилиб, уларнинг статистикаси йилдан-йилга ўсиб бормоқда ва 2014 йилда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш холатлари 494 тани, 2016 йилда 720 тани, 2018 йилда эса 1014 тани ташкил қилган.
Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзоларининг ташаббуси билан жорий йилнинг май ойида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддасида белгиланган маъмурий жавобгарлик кучайтирилиб, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, жаримани энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдори энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача оширилди. Шунингдек, модда янги иккинчи қисм билан тўлдирилиб, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиш белгилаб қўйилди.
Аммо шунга қарамасдан ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳамон қайд этилмоқда.
Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бригадаси вакиллари томонидан ҳайвонларга нисбатан бениҳоя шафқатсизлик кўпинча болалар ва кекса фуқароларнинг кўз ўнгида содир этилмоқда. Ҳайвонларни тутишда азоб берувчи, шафқатсиз усуллардан, шу жумладан, қўл-оёқларни узиб олиш, турли қаттиқ предметлар билан калтаклаш қўлланилмоқда.
Ушбу муаммо бўйича халқаро тажрибани ўрганиш шуни кўрсатадики, бир қатор мамлакатларда масалан, Беларусь, Россия, Қозоғистон, Украина каби давлатларнинг Жиноят кодексларида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган. Шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Италия, Польша, Япония, Ҳиндистон ва бошқа давлатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш жиноят деб ҳисобланади ва катта миқдорда жарима солишга ёки озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазо қўлланилишига сабаб бўлади
Юқоридагиларга асосан, кўрилаётган чоралар, шу жумладан қабул қилинаётган қонунлар ҳайвонларга нисбатан инсонпарварлик маданиятини ва масъулият ҳиссини шаклланишига хизмат қилиши даркор.
Жамиятимизда бундай холатларга чек қўйишнинг ҳуқуқий аосларини такомиллаштириш Ўзбекистон Экологик партияси олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Ушбу чоралар, шу жумладан қабул қилинаётган қонунлар ҳайвонларга нисбатан инсонпарварлик маданиятини ва масъулият ҳиссининг шаклланишига хизмат қилиши керак.
Ўзбекистон Экологик партияси ушбу вазифани амалга ошириш учун ҳокимиятнинг вакиллик органларидаги ўз депутатлари орқали:
— мазкур муаммо юзасидан билдирилган жамоатчилик фикрини ҳамда халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг «Ҳайвонларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳисини ишлаб чиқиш ва қабул қилинишини;
— ҳукумат даражасида ҳайвонларни, шу жумладан, қаровсиз ҳайвонларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича тегишли қарор ва узоқ муддатли истиқболдаги умумдавлат мақсадли Дастурини қабул қилинишини;
— аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидаларига риоя қилишнинг назоратини кучайтириш, қаровсиз ҳайвонларни вақтинча сақлаш учун бошпаналар яратиш, ҳайвонларнинг ўта хавфли ва юқумли касалликларини аниқлаш, бартараф этиш ва огоҳлантириш бўйича ташкилий ва махсус ветеринария тадбирларини амалга оширишни таъминлайди.
Ўзбекистон Экологик партиясидан кўрсатилган номзодларга овоз беринг!