Шодлик ва бахт куйчиси
Ҳамид Олимжон таваллудининг 110 йиллиги
Ҳамид Олимжон нафақат шеърият балки, халқ оғзаки ижодида ҳам салмоқли асарлар яратган. Шоир тафаккурининг бойиши, келажакда етук шоир, ёзувчи, драматург, таржимон, танқидчи, давлат ва жамоат арбоби бўлиб етишишида онаси Комила аянинг ўрни беқиёсдир.
Ўзбек халқининг атоқли фарзанди – дилбар шоир, иқтидорли драматург ва жамоат арбоби Ҳамид Олимжон ўзидан ўлмас мерос қолдирган. У ўзбек адабиётида жўшқин лиризмга асосланган шеърият мактабини яратган шоирдир. Айни кунларда Ҳамид Олимжон таваллудининг 110 йиллиги бутун республикамиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Куни кеча шоир таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, бир қатор зиёлилар, ижодкорлар, Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижод мактаби ўқувчилари “Чиғатой”даги адиб қабрини зиёрат қилишди.
Ўзбек Миллий академик драма театрида эса Ҳамид Олимжон ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий кеча бўлиб ўтди.
…Театр одамлар билан лиқ тўла. Саҳнага Ҳамид Олимжон образида ёш актёр чиқиб келади ва қаршисида дилбар шоира Зулфия пайдо бўлади. Икки дил бутун ўзбек адабиётини яшнатгани каби театр саҳнасини ҳам нурга тўлдиради.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким ва бошқалар адибнинг серқирра ижодий мероси, залворли асарлари, такрорланмас шеърияти ва бетакрор таржималари ҳақида сўз юритдилар.
Ҳар бир инсон дунёда шунчаки яшаб, узоқ умргузаронлик қилишдан кўра мазмунли ҳаёт кечиришни афзал кўриши табиий. Ҳаёт йўллари якунланиб қолган киши ортига назар солганида ундан жамият учун фойдали, номини тарихга муҳрлайдиган ишлари борлигини кўриш унинг самарали ва мазмунга бой умр кечирганлигидан далолат беради. Ўзбек адабиётида мана шундай қисқа ва мазмунли умрини ижодга, тараққиётга сарфлаган беназир ижодкорлар талайгина.
Тақдир ҳукмига кўра эрта вафот этган, бироқ бу қисқа умр мобайнида жуда катта ижодий мерос қолдирган Ҳамид Олимжон ҳали-ҳануз адабиётга ошно қалблар қалбидан чиққанича йўқ. Чунки унинг беғубор ҳисларга тўла шеърлари, халқимизнинг меҳнати, ғайрати тасвирланган ҳикоя-ю, достонлари, ажойиб таржималари ўзининг бетакрорлиги, соддалиги, халқчиллиги билан ажралиб туради.
Ҳамид Олимжон адабиётшуносликнинг кўплаб жанрларида ижод қилган. Шоирнинг илк шеърий тўплами “Кўклам” 15 ёшида босилиб чиққани шеърият осмонида ёрқин истеъдод кириб келаётганидан далолат эди. Шундан сўнг ижодкорнинг “Олов сочлар”, “Пойга”, “Ўлим ёвга” каби тўпламлари унинг энг сара шеърларидан таркиб топган. Шоир шеърияти жуда содда ва қалбга яқин ашъорлар билан лиммо-лимдир. Шоир ижодига мансуб “Ўрик гуллаганда”, “Энг гуллаган ёшлик чоғимда” шеърларини мутолаа қилмаган, завқланмаган китобхон бўлмаса керак.
Ижодкорни ҳеч иккиланмасдан шодлик ва бахт куйчиси, дея таъриф этсак бўлади. Унинг ҳар бир сатрида ҳаётга, оиласига муҳаббат туйғулари сезилиб туради. У қуйидаги мисраларида инсонни ширин туйғулар оғушига етаклайдиган, том маънодаги кашфиётини кўриш мумкин:
Хаёлимда бўлдинг узун кун,
Сени излаб қирғоққа бордим.
Оч тўлқинлар пишқирган тунда,
Топиб бер, деб ойга ёлвордим…
Ҳамид Олимжон нафақат шеърият балки, халқ оғзаки ижодида ҳам салмоқли асарлар яратган. Шоир тафаккурининг бойиши, келажакда етук шоир, ёзувчи, драматург, таржимон, танқидчи, давлат ва жамоат арбоби бўлиб етишишида онаси Комила аянинг ўрни беқиёсдир. Негаки, Комила ая бўлажак шоирга кўплаб эртаклар, ривоятлар айтиб берган ва шоир қалбида адабиётга ошуфталик жўш ура бошлаган. Буюк фольклоршуноснинг “Икки қизнинг ҳикояси”, “Ойгул билан Бахтиёр”, “Зайнаб ва Омон”, “Семурғ” достонлари билан ўзбек адабиётшунослигига инновацион ғояларни олиб кирди. Айнан “Алпомиш” достонининг ҳам илк нашри Ҳамид Олимжоннинг тинимсиз ҳаракатлари натижасида амалга ошди.
Бундан ташқари, Ҳамид Олимжон А.Пушкин, Л.Толстой, М.Горкий, Т.Шевченко, М.Лермонтов, Н.Островский, А.Корнейчук каби жаҳон адабиёти вакилларининг асарларини маҳорат билан она тилимизга таржима қилиб, бугунги кун китобхонларига ўқишлик манба қилиб берди.
Орадан қанча йиллар ўтган бўлса-да, забардаст шоир ҳеч бир китобхоннинг қалбидан ўчмайди. Унинг сатрлари ҳали узоқ йиллар давомида кишиларга маърифат, зиё бахшида этади. Унинг мазмунли умри эса ҳар бир кишга сабоқ бўла олади, у ҳамиша биз учун навқирон ва абадий шахс сифатида хотирамизда мангу сақланади.
Боқий қўшиқлар
Ҳамид Олимжон
Энг гуллаган ёшлик чоғимда…
Энг гуллаган ёшлик чоғимда,
Сен очилдинг кўнгил боғимда.Шунда кўрди кўзим баҳорни,
Шунда қалбим таниди ёрни.Қушлар сайрар жонимга пайваст,
Мен севгининг бўйи билан маст.Куни билан далада қолдим,
Лолазорлар ичра йўқолдим.Қучоқ-қучоқ гуллар терганим
Ва келтириб сенга берганимКечагидай ҳамон эсимда,
Ҳар сония, ҳар он эсимда.Шундан бери тилимда отинг,
Шундан бери дилимда отинг.Энг гуллаган ёшлик чоғимда,
Сен очилдинг кўнгил боғимда.1937 йил
Камола Боймуродова,
Самарқанд шаҳридаги 50-ўрта мактаб ўқитувчиси.