Сўров натижалари қандай бўлди?

Сўнгги йиллари юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани барчанинг диққат-эътиборида турибди ва бу борада аҳолининг ўзига яраша ўй-фикрлари бор. Буни эса ижтимоий сўровлар орқали билиш мумкин. Бугунги кунда бундай сўровлар ўтказиш ҳам сифат жиҳатидан янгиланди.

“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ва қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида Ўзбе­кистон социологлари ассоциацияси ташкил этилди. Марказда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни мониторинг ва таҳлил қилиш учун “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси”, “Қўнғироқларни қайта ишлаш маркази” ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналарининг ахборот тизимлари фаолиятига доир статистик ва бошқа ахборотлари таҳлили йўлга қўйилди. “Ижтимоий фикр” марказида телефон ва интернет тармоғи орқали ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва мамлакатимиз ҳаётининг бошқа йўналишларига доир долзарб жорий масалалар юзасидан аҳоли ўртасида блиц-сўров ўтказадиган “Call-center” ташкил этилди.

Эртага — 22 декабрь куни  юртимизда катта сиё­сий жараён Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази қошида ташкил этилган ушбу “Call-center” сайлов жараёнларида аҳолининг фикрини ўрганишга қаратилган олти босқичдан иборат “Сайлов — 2019” блиц сўровлар ўтказди. Сўров натижалари “O‘zbekiston 24” телеканалида махсус рукнда тайёрланган инфографикада доимий ёритиб борилди.

Ўтказилган тезкор тадқиқотларда умуммиллий репрезентативлиги 4 фоиз хатолик ва 95 фоиз ишончлилик даражасида мамлакатдаги барча стационар телефон алоқаси абонентлари ичидан тасодифий стратификациялашган усул билан танлаб олинган мингга яқин респондент иштирок этди. Тадқиқот натижаларининг минтақалар, жойлар, жинс ва ёш кесимидаги репрезентативлиги учун Ўзбекистон Республикаси Давлат статис­тика қўмитасининг маълумотларидан фойдаланилди. “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг тезкор тадқиқотлар бўлими — “Call-center” “Express-modus” жамоатчилик фикри блок-мониторинги доирасида “Сайлов — 2019” сўровлари 5-17 сентябрь, 20 сентябрь – 7 октябрь, 8-22 октябрь, 25 октябрь – 6 ноябрь, 8-20 ноябрь, 21 ноябрь – 4 декабрь саналарида олиб борилди. Сайлов доирасида ўтказилган сўровлар саволлари Марказ социолог мутахассислари томонидан ишлаб чиқилди. Респондентларга “Сиз мамлакат ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётига қизиқасизми?”, “Мамлакат ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий воқеалари ҳақида қайси ахборот манбаи орқали билиб оласиз?”, “2019 йил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар йили эканлигини биласизми?”, “Сайловларда шахсан иштирок этасизми?”, “Сиз сайловолди кампаниясининг бориш жараёнини кузатасизми?”, “Агар сайловлар эртага бўлиб ўтадиган бўлса, Сиз қайси сиёсий партия номзоди учун ўз овозингизни берган бўлардингиз?” каби саволлар билан мурожаат қилинди. Натижалар эса қиёсий таҳлил қилинди.

Сўровларда аҳолининг сайловолди жараёнини кузатиши бўйича қайси ОАВ манбаидан кўпроқ маълумот олишлари борасида фикри ҳам сўралди. Сўнгги сўров натижаларига кўра, респондентларнинг ярми, яъни 50,1 фоиз Ўзбекистон телеканалларидан, 14,2 фоиз интернетдан, 15,2 фоиз ташқи реклама эълонларидан, 4,9 фоиз сайловолди тадбирларидан, 4,1 фоиз даврий матбуотдан, 3,5 фоиз Ўзбекистон радиостанцияларидан бу борадаги маълумотларни олишлари маълум бўлди. Ушбу сўров натижалари бўйича сайлов мавзусини ёритиш ва аудито­риянинг диққат-эътиборини тортишда қайси ахборот воситаси етакчилик қилаётганлигини билиш мумкин. Олиб борилган сўровга кўра, мазкур натижалар кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон телеканаллари етакчи бўлишса, кейинги ўринларда интернет ва ташқи реклама эълонлари турибди. Даврий матбуот ва радиостанциялари кўрсаткичлари энг сўнгги ўринларни эгаллаган. Сўровга кўра 8 фоиз респондент­лар сайловолди жараёнларини кузатиб бормасликлари аниқланган.

Ушбу сўровлар илк маротаба ўтказилди. Бу натижага эришишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим аҳамият касб этди. “Сайлов — 2019” мавзуидаги социологик сўровлар Фармонда Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланган — фуқаролар дунёқарашини шакллантириш, уларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий онгини белгилаш, аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий маданияти даражасини ўрганишда муҳим омил бўлди.

Юлдуз Ортиқова,

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази

Матбуот хизмати раҳбари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − twelve =