Туркия айбланувчиларга чиқарилган ҳукмдан норози

Аввалроқ Саудия Арабистони Бош прокуратураси Қошиқчини ўлдиришда айбланган беш киши ўлим жазосига, яна уч киши 24 йилга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилганини маълум қилганди.

«Саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг иши бўйича айбланувчиларга чиқарилган ҳукм ҳар томонлама тергов ва адолатли қарор чиқарилишини кутаётган мамлакатимиз ва жаҳон ҳамжамиятининг кутганларига мутлақо мос эмас. Қурбоннинг жасади қаердалиги, қотиллик буюрт­мачилари ва маҳаллий ёрдамчилар каби муҳим саволлар четда қолиб кетди. Биз бу қотилликни тергов қилиш доирасида Саудия Арабистони ҳукумати билан ҳуқуқий ҳамкорликни кутамиз», дейилади Туркия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Хами Оқсўйнинг баёнотида.

Кашмир масаласида муроса қилинмайди

Покистон қуруқликдаги қўшинлар штаби бошлиғи Қамар Жавод Бажва Покистон Кашмир масаласи бўйича муросага тайёр эмаслигини  маълум қилди.

«Бизнинг тинчликка интилишимиз ожизлик сифатида қабул қилинмаслиги керак. Биз тўлиқ тайёргарлик кўрганмиз ва ҳар қандай тажовузни қайтариш қўлимиздан келади ҳамда мамлакатимизни ҳимоя қилишга тайёрмиз. Нима бўлмасин, Кашмир бўйича муросага келинмайди», деди у Кашмирдаги назорат чизиғини кўздан кечириш чоғида.

Кашмир ҳудуди 1947 йилдан, яъни Ҳиндистон мустақилликка эришганидан сўнг диний белгиси бўйича иккита давлатга бўлинганидан буён Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги баҳс мавзуси бўлиб келмоқда. Айни пайтда ҳудудда давлат чегараси йўқ: унинг ҳудудини назорат чизиғи иккига ажратиб туради.

Нидерландиядаги охирги кўмир электр станцияси ёпилди

Нидерландия пойтахти Амстердамда мамлакатда кўмирда ишловчи охирги электр станция ёпилди. Бу ҳақда Нидерландия ОАВ  хабар берди.

Ўтган дам олиш кунлари Хемвег электр станциясининг печига охирги марта кўмир юкланган, 23 декабрда эса станция расман тўхтатилган.

25 йил давомида электр энергия ишлаб чиқарган электр станцияни иқлим билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун ёпишга қарор қилинган.

Кўмир атроф-муҳитни энг ифлослантирувчи қазилма ёнилғи ҳисобланади. Таъкидланишича, Хемвег электр станцияси йилига 3,3 мегатонна СО2’ни атрофга чиқарган.

Нидерландия ҳукумати станцияга эгалик қилувчи «Vattenfall» швед компаниясига 52,5 миллион евро товон пули тўлаб берган.

«Volkswagen» компанияси рекорд даражада жаримага тортилди

Австралия суди «Volkswagen» компаниясини «дизельгейт» иши доирасида мамлакат учун рекорд миқдордаги 125 млн. Австралия доллари (77,5 млн. евро, 86 $ млн.) жарима тўлашга ҳукм қилди. Бу ҳақда « ВВС News»  хабар берди.

Рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш масалалари бўйича комиссиянинг таъкидлашича, компания 2011 йилдан 2015 йилгача мамлакатга автомобилларнинг заҳарли модда ажратиш миқдорини камайтириб кўрсатадиган қурилма ўрнатилган деб 57 минг дона автомобиль олиб кирган.

Интернет хабарлари асосида

А.Содиқов тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + one =