Тоға

Болалик хотираларга бой давр. Айниқса, яхшиликлар бир умр ёдда қолади. Биз бола пайтимизда аёллар бозорга боришмасди. Бозор-ўчарни эркаклар қилишарди. Ўшанда Янги йил куни бозор (якшанба) кунига тўғри келди. Отам билан Қўшработ туманидаги Жўш бозорига бордик.

Бозорни айланиб юрганимизда бир кекса киши отам билан қуюқ саломлашди. Узоқ сўрашди. “Ие, бирпасда катта йигит бўлибсан-ку, жиян”, дея эркалаб бошимни силади, пешонамдан ўпди. Сўнг чап қўйнидан газета қоғозига ихчам қилиб ўралган, бир қўшҳовуч келадиган конфетни, ўнг қўйнидан эса бир дона магазин (дўкон) дўпписини чиқариб, “Ма, ол жиян, Янги йилинг муборак бўлсин, ҳозир совуқ, ёзда киясан”, деб узатди. Сўнг қўлини очиб, узоқ дуо қилдилар.

Отамдан: “Бу киши ким, нега буларни менга берди”, деб сўрадим. Отам: “Бу одам, Қидирбой тоға. Қидирбой қассоб деса кўпчилик танийди, ҳурмат қилади”, дедилар.

Уйга келиб бу воқеани онамга айтиб бердим.

Онам:

— У киши Қидирбой қассоб, тоғам. У битта сенга эмас, бозорда қайси жиянини кўрса, ҳаммасига шундай қилади, доимо қўйнини мевага, дўппига тўлдириб юради”, дедилар.

Ҳар гал Янги йил кунлари бозорга тушсам шу тоғани қидирардим. Аммо тоға кўринмасди. Нафақат, у, жиянларига ширинлик ёки дўппи совға қилаётган бошқа тоғалар ҳам кўринмасди. Ўшанда: “Наҳотки у энг сўнгги меҳрибон, қўни-қўнжи совғага тўла тоға бўлса”, деб ўйлардим.

Шу-шу бошқа ҳеч бир бозорда бундай тоғани учратмадим. Аммо менинг қалб китобимга ўчмас бўлиб ёзилиб қолган эди.

Шуҳрат Рўзиев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + nine =