Бахтсиз ҳодисалар нега кўпаймоқда?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида қайд этилганидек, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир. Бу амалда мамлакатимиз фуқароларининг меҳнат ҳуқуқлари таъминланишига хизмат қилмоқда. Аммо меҳнат бозорида сўнгги пайтларда жуда кўп қурбонликлар бўлмоқдаки, бунга асло кўз юмиб бўлмайди. Юнусобод туманида метро қурилишида вафот этган ватандошларимизнинг хотираси ҳам бунга йўл қўймайди.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мазмун-моҳияти тўғрисида” мавзуидаги пресс-брифинг ўтказилди. Унда Касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, ҳамкор вазирликлар мутасаддилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Брифингда таъкидланганидек, 2019 йилнинг 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни имзоланди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур Қонун фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини амалга ошириш, касаба уюшмаларини тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

— “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонун қабул қилингунига қадар амалда бўлган “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун бундан 27 йил илгари қабул қилинган эди ва у асосан деклоратив характерда бўлиб, аниқ, тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳуқуқий нормалар деярли келтирилмаган эди. Ўтган давр ичида мулкчиликнинг янги шакллари юзага келди, айниқса, сўнгги 3 йилда, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда ҳар бир соҳада, шу жумладан, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида олиб борилаётган улкан ислоҳотлар натижасида миллий ва халқаро меҳнат стандартларини ҳаётга татбиқ этиш соҳаси такомил топиб, кўплаб ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Мазкур ўзгаришлар ўз навбатида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясига янгича ёндашувни талаб этади. Шу нуқтаи назардан аввалги қонун ўзининг тарихий вазифасини ўтаб бўлган эди. Шу боис ҳам Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонуни қабул қилинди.

Таъкидлаш зарурки, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонунда фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш имконияти кенгайди. Хусусан, ходимларнинг касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқи конституциявий ҳуқуқ даражасида кенгайтирилди ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига ҳам мос равишда Ўзбекистон фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл фуқароларининг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи кўзда тутилди, — деди Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмад­алиев.

— Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, корхоналарда содир бўлаётган ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабабларидан бири ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этмаслигидир. Баъзан иш берувчи томонидан ходимларнинг иш вақти ва дам олиш вақтини белгилашда, уларни хизмат сафарларига юборишда хавфсизлик талаблари бузилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Иш вақтида ҳалок бўлиш ёки тан жароҳати олиш ҳолатлари, афсуски, йилдан-йилга ошмоқда. 2017 йил статистикасига қарайдиган бўлсак, 456 та бахтсиз ҳодисада 519 нафар ходим жароҳат олган. Улардан 162 таси вафот этган. 2018 йилда 553 та бахтсиз ҳодисада 667 нафар ишчи лат еган, 182 нафари вафот этган. 2019 йилда бу кўрсаткич янада ошган. Бизга бир йил давомида 20 мингдан ошиқ шикоятлар келиб тушади. Мурожаатларнинг 100 фоизини тўлиқ ижобий ҳал қилиб беролмасак-да, 70 фоизига амалий ёрдам кўрсатамиз. Во­қеанинг асл мазмун-моҳиятини кўриб чиқамиз. Қонунчилигимизда хавфсизлик қонун-қоидалари тўлиқ кўрсатиб берилган. Иш берувчи ҳам, ишчи ҳам бунга риоя қилса, кўрсаткичлар албатта камаяди, — дейди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг давлат меҳнат инспекцияси ўринбосари Абдувоҳид Шаропов.

Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилотининг 98-сонли конвенциясига кўра, иш берувчилар касаба уюшмаси таъсисчиси ва сайлаб қўйиладиган орган аъзоси бўла олмайди. Шунингдек, Касаба уюшмаларига иш берувчилар, ташкилотлар ва сиёсий партияларга молиявий кўмак бериш тақиқланади. Бу меъёр касаба уюшмалари мустақиллигини таъминлаш мақсадида кўзда тутилган бўлиб, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасида мазкур жиҳатлар ҳам эътиборга олинди ва бу касаба уюшмалари ва иш берувчилар ташкилотларининг бир-биридан мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Яна бир жиҳат, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонунда касаба уюшмалари фаолиятининг асосий принциплари белгилаб қўйилди. Булар: қонунийлик, ихтиёрийлик, камситишга йўл қўймаслик, мустақиллик ва ўзини-ўзи бошқариш, тенг ҳуқуқлилик, ошкоралик ва очиқликдир.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши натижасида касаба уюшмаларига ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва иш берувчилар томонидан меҳнат қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш ҳуқуқига эга бўлган меҳнат инспекцияларини тузиш ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, касаба уюшмалари иш берувчига қонунбузилишига йўл қўйган шахсларни интизомий жазога тортиш талабини қўйишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунда касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари бўлиши мумкин деб белгилаб қўйилган. Янги қонунда мана шу “ўзига хос хусусиятлар” ёритиб берилди. Яъни, энди касаба уюшмалари томонидан нафақат давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг фао­лиятлари устидан, балки иш берувчилар ва уларнинг бирлашмалари фаолияти устидан ҳам жамоатчилик назоратини олиб бориш ҳуқуқи берилди.

Брифингда Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қабул қилинган қонунда касаба уюшмаларининг мустақиллиги янада мустаҳкамлангани алоҳида таъкидланди.

Хусусан, касаба уюшмалари ўз фаолиятида, шу жумладан, молиявий фаолиятида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан мустақиллиги, улар олдида ҳисобдор эмаслиги ҳамда улар томонидан назорат қилинмаслиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Феруза Раҳимова,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × five =