Очиқ жойга тушар қуёш нури ҳам

Бугун оммавий ахборот воситалари – радио ва телевидение, босма ва интернет нашрларини  кузатган киши бир нарсага амин бўлади. Мамлакатимизда кечаётган жараёнлар ҳақида одамларимиз эмин-эркин ўз фикрларини билдиришмоқда.  Бир масалага турлича ёндашувлар кўзга ташланаётир. Баъзида ошкора мулоқотлар турли баҳс ва мунозараларга ҳам сабаб бўлаяпти.  Сўз ва матбуот эркинлиги шахсий муносабатлар доирасидан кўтарилиб,  тобора ижтимоий аҳамият касб этмоқда.

Бунга бош сабаб, жамоатчилик уч йил муқаддам Президент тақдим этган Ҳаракатлар стратегиясидан  мақсад — қоғозда эмас, амалда ҳаётни яхшилаш, одамларни рози қилиш, мамлакатни обод этиш, ўзбек халқи ва жонажон Ўзбекистонимизнинг бутун дунёда  обрў-эътиборини юксалтириш эканини ўз кўзлари билан кўриб, ўз ҳаётлари мисолида ҳис этмоқдалар.

Ижтимоий сиёсий  ҳаётда ҳар қандай  ғоя аҳамияти, биринчи галда, унинг халқ манфаатларига нечоғли мувофиқ эканига кўра белгиланади. Ўтган  ҳафта, шу маънода, халқ манфаатига дахлдор кўп­лаб масалалар ҳал этилган,  истиқбол аҳамиятига молик кўп­лаб ғоялар илгари сурилган етти кунлик,  давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, тарихий ҳафта бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга  Мурожаатномаси –  шу тарихий ҳафтанинг гултожи, истиқболимизнинг дастури. Барча соҳаларда та­­рақ­­қиё­тимиз келажаги  бел­­гилаб берилган  Мурожаатнома  бамисоли жўшқин дилнома каби юракларни ижобий маънода ларзага солди, тўл­­қинлантириб юбор­ди, ишимиз­да иштиёқ  ишонч ва рағбат уйғотди.

Чунки бугун ҳаётда  бўлаётган янгиланишлар жараёнини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Тонг ёруғида пана-пастқамлардан соя қочганидек, жамиятдан қўрқув, ҳадик ва ёлғон чекинмоқда. Тўғри, ҳаққоний ва рост сўзни айтишга тилимиз келишиб қолгани рост. Куни кеча пахтакор туманлардан бирида яшайдиган эски танишим қўнғироқ қилиб қолди.

Пахта ва ғаллага давлат буюртмаси бекор қилинадиган бўлди. Унинг тагидаги гапни ҳаммаям тушунавермаслиги мумкин, дея сўзлай кетди у ҳая­жонланиб. Шунча йил бериб келинган буюртма нега бекор қилинаяпти. Давлатга пахта керак эмасми? Ғалла керак эмасми? Керак. Давлатга энди ёлғон керак эмас. Буюртмани бажараман,  деб қўшиб ёзиш кўринишидаги кўзбўямачилик керак эмас. Ростнинг иложи бўлмаган  жойда ёлғон аралашади.  Албатта, пахта керак,  лекин  ҳосил ортидаги ишлар ҳам пахтанинг ўзидай, деҳқоннинг кўнглидай оқ бўлсин. Ғаллаям  албатта керак. Лекин ҳосил йиғиб олингандан кейин деҳқоннинг ризқи қийилиб қолмасин. Буюртма ҳисобига омборидаги қолган-қутган дон ҳам ташиб кетилмасин. Пахтаям, ғаллаям  деҳқонга азоб-изтироб эмас, даромад келтирсин, рағбат келтирсин. Мана қаранг, бир янги фикр, янги ғоя замирида қанча эзгу ўй, тоза ният, умид ва ишонч мужассам.

Шунча гапни соҳа туфайли  нон еб юрганлар билмас эдиларми? Билар эдилар. Лекин айта олмас эдилар. Ошкоралик йўқ эди, шаффофлик йўқ эди.  Эшиклар ёпиқ эди. Ўзимизни, бир-биримизни  алдаб келдик.  Эндиям алдайверсак, замон аравасининг орқасида қолиб кетиш майлику-я, катта карвондан узилиб қолиш ҳеч гап эмас. Эндиликда   “…демократик ислоҳотлар йўли – биз учун якка-ю ягона ва энг тўғри йўлдир”.  Барча ишларимизни бутун халқимиз билан биргаликда ҳал этамиз. “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” бўлади. “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”,  деган олтин қоидага изчил амал қиламиз. Халқ қабулхоналари, виртуал қабулхоналар, “Менинг фикрим” портали эшиклари мулоқот, таклиф ва ташаббус, танқидий мулоҳаза учун ҳамиша очиқ туради.  Орқага йўл йўқ, олдинда эса –  халқ танлаган йўл.

Яқин-яқин вақтлардаям давлат идоралари раҳбарларининг газеталарда чиқиш қилиши, телевидениеда интервью бериши фавқулодда бир ҳолат, уям бўлса,  узун ва зерикарли,  фақат ютуқларни ифода этувчи рақамлар қалаштириб ташланган ҳисоботдан иборат бўлар эди. Эндиликда улар воқеа қизиғи устида фикр билдиришмоқда, ўз камчиликларини айтишдан чўчимаяптилар, журналистлардан қочаётганлари йўқ. Реал ҳолатдан келиб чиқиб, соҳага оид зарур таклифларни илгари сурмоқдалар.

Танқидий-таҳлилий муносабат жамият покланишига хизмат қилиши лозим. Бу — тараққиётимиз йўлида оғир тўғаноқ  бўлаётган  коррупцияга қарши курашда, айниқса, муҳим. Мурожаатда таъкидланганидек, фақат “ҳалоллик вакцинаси”ни қўллаш орқали бу иллатнинг олдини олиш мумкин.  “Ҳалоллик вакцинаси”– бу тоза имон, бу пок виждон. Бу –  шаффофлик,  ошкоралик. Бу –  сўзи ва иши бирлик. Бу –  сўз ва матбуот эркинлиги.

Мурожаатномада давлатимиз раҳбари сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши ва ижод қилишлари учун ҳуқуқий асослар ва кенг имкониятлар яратилганига алоҳида эътибор қаратди.  Бундан буён ҳам журналистларимиз “тўртинчи ҳокимият” вакиллари сифатида эркин ва холис фаолият юритишлари, ислоҳотлар жараёнини мамлакатимиз ичида ва ундан ташқарида кенг тарғиб этишлари  учун  барча шарт-шароитлар яратиб берилади.

“Жойлардаги муаммо ва камчиликларни рўй-рост очиб бериш, уларни ҳаққоний ёритишларида мен профессионал журналистларни ҳамиша ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман”, – деди давлатимиз раҳбари.

Бу ўринда мен  “профессионал журналистлар” иборасига урғу беришни истар эдим. Тўғриси, яқин вақтларда ҳам фуқаролик журналистикаси де­йилса,  бу оммани чалғитиш учун тўқиб чиқарилган нарса, дея баҳолаш ҳеч гап эмас эди. Бугун фуқаролик журналистикаси деган ибора эриш туюлаётгани йўқ. Фаол фуқаро сифатида блогерлар ижтимоий ҳаётда ўз фикрлари билан  иштирок этмоқдалар. Хатолар учраб турибди. Камчиликлар ҳам.  Аммо бефарқлик йўқ.  Жамиятни карахт қилиб келган,  “Менга нима?”  деган лоқайдлик йўқ.  Албатта,  ҳар қандай соҳани обод этгувчилар – булар ўз ишининг усталари. Профессионаллар. Билиб айтилган гап иш битирар, дейди доно халқимиз. Билиб, ўрнига қўйиб айтилган гап оғир ботмайди. Ўйлантиради. Фикрлашга даъват этади. Нафақат танқидга муносабатда, балки танқид қилишда ҳам маданият етишмаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Профессионал ёндашув, ҳеч шубҳасиз, журналистларимиз қаламини янада таъсирчан қилади, ҳаётий муаммоларни холис ва ҳаққоний ёритишда бош омил бўлади.

Журналистларимиз Президентимиз томонидан Мурожаатномада белгилаб берилган барча устувор мақсад ва вазифаларни тўлиқ қўллаб-қувватлайдилар. Уюшмамиз уларнинг ислоҳотлар жараёнини кенг ёритиш, мавжуд муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратиш борасидаги ижодий изланишларини турли танловлар мисолида рағбатлантириш, фахрийларнинг ҳол-аҳволидан хабар олиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш орқали бир мақсад йўлида бирлаштириш борасидаги ишларни йиллик режа асосида изчил амалга ошириб боради.

Хусусан,  Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг таклифига кўра,  мамлакатимизнинг халқаро имижини  юксалтириш,  турли мамлакатларда республикамиз ҳаётини   холис ва ҳаққоний ёритаётган журналистларни рағбатлантириш мақсадида “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг  “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” рағбатлантирувчи  номина­цияси  асосий мукофотга айлантирилмоқда.

Шунингдек,  барча вилоятларда  ўтказилиши режалаштирилаётган “Журналист ва ҳаёт” медиатурлари, ҳеч шубҳасиз,  журналистларимизни халқ ҳаётига янада яқинлаштиради. Ислоҳотлар суръати,  кўлами хусусида кенг жамоатчиликни хабардор этишда муҳим ўрин тутади.

Йил давомида “Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси йўлланмаси билан”  турли омма­вий ахборот воситаларида хизмат қилаётган журналистларни “Дўстлар клуби” ҳисобидан ижодий хизмат сафарларига юборишни доимий йўлга қўямиз. Долзарб ва муаммоли мавзуларни ёритишга қаратилган мазкур лойиҳа, аввало, журналистларимиз учун ижодий малака, мактаб вазифасини ўтайди. Шу билан бирга, жойларда муаммолар ечимига жамоатчилик эътиборини қаратиш ва ҳал этишга кўмак беради, жамиятимизда очиқлик ва шаффофлик янада мустаҳкамланишига хизмат қилади:

Минг йиллардан келар бу ор, бу ғурур,

Боболаринг ичган қуёшга қасам.

Зулматдан юз ўгир, кунбеткайда тур,

Очиқ жойга тушар қуёш нури ҳам!

         Саъдулла  Ҳакимов,

         Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − eighteen =