Ростан ҳам ўқишга вақт йўқми?

Баъзи қасрга ўхшаш уйларга кириб, хонадонида биронта китоб йўқлигини кўриб хунобингиз ошади. Бундай хонадон эгалари эса четнинг фалон машинаси-ю фалон доллар турадиган мебели билан мақтанишни хуш кўришади.

Мамлакатимизнинг қайси шаҳрига борманг, шундай манзара кўзга ташланади, яъни “Вино-водка”, “Шароб-май”. Барча ёмонликларнинг дебочаси бўлган спиртли ичимликлар дўконлари, баҳорги ёмғирдан кейинги қўзиқориндай кўпайиб кетди. Ўйлаб қоласан киши, демак шунча ароқ сотадиган дўконга эҳтиёж бор экан-да. Ахир, қарз-ҳаволасиз бинойидай ишлаб туришибди…

Аммо минг таассуфки, инсониятнинг минг йиллик билим ва маърифатини ўзида жамлаган китоб дўконлари спиртли ичимликлар сотиладиган дўконлардан кам. Баъзида атайлаб ўқимишли танишларимдан мумтоз ёки жаҳон адабиётимиз ҳақида фикрини сўрайман, бир хил жавоб: “Китоб ўқишга вақт йўқ”.

Газета-журналларда чиқаётган ривожланган давлатлар ҳақидаги мақолаларни ўқиб бораман. Менга таъсир қилгани: “Миллатнинг тафаккур савияси қандай адабиёт ўқигани билан ўлчанади”. Абдулла Қодирий ўз даврида бекорга “миллатимизнинг бой-бадавлат ўғлонлари илм-маърифатдан йироқ, чойхоналарда ароқ, пиво ичиш билан банд”, дея бонг урмаганди. Бу балодан ҳали ҳам қутулмадик.

Бугун одамлар қандай китоб ўқиганликлари билан эмас, балки қимматбаҳо ресторан ёки кафеда фалон одам билан улфатчилик қилганини айтиб мақтанишга ўтишди.

Шукрки, давлатимиз раҳбарининг ўзи китоб ўқишга кўникма ҳосил қилиш кераклигини бот-бот таъкидлайдилар. Китоб мутолаасини қўллаб-қувватлашга оид махсус қарор чиқарган ўзимизнинг Юртбошимиздан ташқари, бошқа давлат раҳбарини билмайман. Зеро, тараққиётга, юксалишга элтувчи манзилга фақат китоб ўқиш, билим олиш билан борилиши тарихий ҳақиқат.

Лекин яна бир масала борки, адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев айтганидек: “Шундоқ ҳам ўқирманлардан кўра, ёзармонлар кўпайган замонимизда китоб наш­рига 15 фоизли ҚҚС солиниши кўзда тутилаётгани китобхонлик маданиятини юксалтиришга берилган зарбага ўхшайди”. Маънавиятни пулга чақиш, ундан даромад кўзлаш нечоғли тўғри?

Бу масалада солиқчиларнинг тушунтиришларига кўра, чет эл тажрибасидан келиб чиқиб ушбу йўл танланган. Ажабо! Ахир ажнабий эркаклар юбка кийишни маъқул кўришса, буни ҳам жорий қилиш керакми, энди?!

Менга таъсир қилгани: “Миллатнинг тафаккур савияси қандай адабиёт ўқигани билан ўлчанади”. Абдулла Қодирий ўз даврида бекорга  “миллатимизнинг бой-бадавлат ўғлонлари илм-маърифатдан йироқ, чойхоналарда ароқ, пиво ичиш билан банд”, дея бонг урмаганди. Бу балодан ҳали ҳам қутулмадик. Бугун одамлар қандай китоб ўқиганликлари билан эмас, балки қимматбаҳо ресторан ёки кафеда фалон одам билан улфатчилик қилганини айтиб мақтанишга ўтишди.

Менимча, миллатининг келажагини ўйлаган ҳар қандай шахс маънавиятни қўллаб-қувватлаши шарт. Токи китоб ёзаётган ижод аҳли ёзганидан аввал ўзи баҳра олсин. Ана шундагина жаҳон адабиёти билан беллаша оладиган асарлар яратилади.

Ўтмиш тажрибасидан яна маълумки, энг ривожланган давлатларнинг маънавий таназзулга кетиши китобга бўлган муносабатларининг заифлигидан бошланган.

Бундан беш-олти йил олдин Андижон давлат университетининг фахрий профессори Сайфиддин Жалилов: “Маънавият, маънавият деймиз, аммо унга бўлган эътибор чорвачиликдан ҳам кейинги ўринда туради”, деганди. Бугун Президентимизнинг ўзлари китобга қайтишни тарғиб қилаётган бир пайт­да, биз зиёлилар ҳам китоб савдосини тартибга келтириб, ўз ҳиссамизни қўшайлик. Боласига китоб олиб бераман деган ота-она дўконга кирганда “арзонидан борми?” демасин.

Албатта, китобни барча ўқиши керак! Фарзанд оилада китоблар оламида улғайсагина, маърифатга интилиб яшашга одатланади. Улуғ рус шоири Александр Сергеевич Пушкин ақлини таниб-танимасдан кунини отасининг кутубхонасида ўтказганини эсланг.

Баъзи қасрга ўхшаш уйларга кириб, хонадонида биронта китоб йўқлигини кўриб хунобингиз ошади. Бундай хонадон эгалари ҳам четнинг фалон машинаси-ю фалон доллар турадиган мебели билан мақтанишни хуш кўришади. Энг ачинарлиси, уларнинг кўнглида осойишталик йўқ. Доим ташвишда яшашади. Одам осойишталикни — ҳаловатни китобдан олади.

Яқинда нуфузли идора раҳбарининг қабулига кириб салом-алик қилиб улгурмасимдан: “Бу йил мажбурий обуна йўқ. Агар шу масалада келган бўлсангиз, беҳуда овора бўлибсиз”, деди. Ичимда: “Ўлма, жоним чидаб тур”, дедим-да: “Майли, агар бу билан томорқамни шудгорлаб бераётгандек малол олаётган бўлсангиз, обуна бўлмай қўя- қолинг”, дейишдан нарига ўтмадим. Лекин кундалик матбуот нашрларини ўқимаган раҳбар одам маънавияти ҳақида нима дейиши мумкин? Йўқ, айтарли гап тополмайсиз. Аммо бирдан хаёлингизга: “Ана, коррупция қаердан келиб чиқаркан?” — деган ўй келади. Ахир, газета-журналлар маънавият- маърифат чироғи, одамни тўғри йўлдан адаштирмайдиган маёқ-ку!

Ҳар ким, ҳар куни китоб, газета-журнал ўқиш билан тафаккур уйига маънавият чироғини ёқиб борсин. Чунки, йўқотилган маънавий бойликнинг ўрнини қайта тиклаш жуда қийин. Зеро, бу туганмас хазинага йўл “игна билан қудуқ қазишдек” узоқ ва машаққатли эканлигини унутмаслигимиз керак.

Анваржон Ҳалимов,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 1 =