Қабр устида қўшиқ айтиладими?

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги эътиборига!

Табаррук масканларда қўшиқ айтиш миллатимизга ярашмайдиган одобсизлик эканини билишимиз, билмаганларга эса билдиришимиз керак. Зеро, қабрлар қошида қўшиқ айтилмайди, ўйинга тушилмайди, аксинча, муқаддас Қуръон тиловат қилиниб, савоби ўтган улуғ зотлар, жамики марҳумларга бахшида этилади.

Ўтмишнинг ҳар бир обидаси бугунги давр одамлари учун ҳайратланарли туюлиши табиий. Чунки меъморий жиҳатдан афсоналардагидек таассурот уйғотадиган минора-ю мақбараларни томоша қилган кишининг қалби энтикиб кетади. Шундан бўлса керак, кўпчилик уларнинг ёнида суратга тушиб, видеотасвирлар олишга шошилади. Бироқ тарихий обидалар ёнида сурат ва видеотасвирга тушишнинг ҳам ёзилмаган ўз қоидалари бор.

Кейинги пайтларда қатор телеканалларда ёш хонандаларнинг клиплари ана шундай тарихий обидаларда тасвирга олинаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу бир томондан яхши, зиёрат туризмини ривожлантиришда ўзи­га хос тарғибот вазифасини ўташи мумкин. Лекин айрим клипларнинг маш­ҳур авлиё ва алломаларнинг мақбараларида олинаётгани, айрим ўзларини “бетакрор” санъаткор ҳисобловчи “юлдуз” ва “юлдузча”ларнинг беўхшов хатти-ҳаракатлари кўн­гилда оғриқ уйғотмоқда.

Яқинда Хоразмдаги хусусий телеканаллардан бирида “Шираси чак-чак томади, Анор менга ёқади” деган нақоратга эга жуда дилтортар ашула янграб қолди. Тан олиш жоиз, ўзига хос ёқимли овоз… Бироқ ёш хонанда ўша қўшиқни Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг мақбарасида куйлаяпти?!

Паҳлавон Маҳмуд мақбараси Хивадаги энг нақшинкор обида бўлиб, ўзининг мовий кошинлари билан такрорланмас ва бошқаларига ўхшамайдиган даражада тенгсиз саналади. Шунингдек, ушбу мақбарага кираверишда чап томонда Қўнғирот сулоласига мансуб Хива хонлари ва уларнинг авлодлари дафн қилинган. Хонанда клипидаги  жойнинг шундоқ ёнида эса “Шажараи турк” ва “Шажараи тарокима” асарларининг муаллифи Абулғози Баҳодирхон қабри бор…

Клипнинг қолган қисмлари эса Исломхўжа мажмуасидан шундоқ чиққан жойдаги гумбазлар ёнида тасвирга олинган. Бу жойларда улуғ аждодларимиз ҳоклари ётгани ёш болага ҳам аён-ку!

Нафақат вилоят, балки пойтахт телеканалларида ҳам муқаддас қадамжоларда тасвирга олинган клиплар тез-тез намойиш этилмоқда. Икки ёшнинг муҳаббат саргузаштлари тасвирланган клипларнинг бири Жума масжид мажмуасида тасвирга олинган экан. Қўшиқ янграяпти, масжид ичида икки ёш бир-бирига эҳтирос билан суйкалишяпти. Худо инсоф бергурларнинг хабари йўқки, бу тарихий обида бир замонлар ота-боболаримизнинг қони билан ювилган.

Манбаларда қайд этилишича, Чингизхоннинг ўғли Жўжи Хоразмни истило қилганида шу масжидда ибодат қилаётган мусулмонларни ёшу қари демай қиличдан ўтказган экан. Айрим шахсларнинг қабри масжид ичида ҳозирга қадар сақланиб қолган.

Хўп, баъзи бир хонандалар ғўрлигига бориб, муқаддас қадамжолар ҳурматини жойи­га қўймаётгани рост, аммо “Ичон-қалъа” давлат музей-қўриқхонаси маъмурияти қаерга қараяпти? Улар ўз назорати остидаги ҳудудда бундай “яланғоч” клип олишга рухсат беришдан аввал сценарий ёки режиссёр лойиҳаси билан танишиб, зарур маслаҳат ва кўрсатмаларини бериб боришса, минг чандон яхши бўлар эди.

Хива — мафтункор ва афсонавий тарихий обидалар маскани бўлиш билан бирга, улуғ аждодларимиз ҳоки ётган манзил ҳамдир. Шу боис унинг қайсидир жойида қўшиқ айтиш, рақсга тушиш ёхуд шунчаки ўйин-кулгу қилишдан аввал фаросатни ишга солиш керак. Табаррук масканларда қўшиқ айтиш миллатимизга ярашмайдиган одобсизлик эканини билишимиз, билмаганларга эса билдиришимиз керак. Зеро, қабрлар қошида қўшиқ айтилмайди, ўйинга тушилмайди, аксинча, муқаддас Қуръон тиловат қилиниб, савоби ўтган улуғ зотлар, жамики марҳумларга бахшида этилади.

Эрпўлат Бахт.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − five =