“Лисон ут-тайр” сари сайр

9 февраль — Алишер Навоий туғилган кун

Биринчидан, мактаб боласи ҳамма асарни ҳам ёд олавермайди. Бунинг устига, катта-катта асарлар бўлса булар. Иккинчидан, “Бўстон”-ку – шеърий достон. Лекин “Гулистон” ‒ назм аралаш насрий асар. Уни бошдан-охир ёдлаган бирор киши бўлмаса керак.

Алишер Навоий “Лисон ут-тайр” достонида мактабда ўқиб юрган кезлари (“туфулият чоғи мактаб аро” (Алишер  Н а в о и й. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. 12-том. ‒ Тошкент: Фан, 1996. ‒ Б.  293.) Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достонини тўлиқ ёдлаб олганини ёзади. Лекин у бу маҳалда неча ёшда экани ҳеч кимга маълум эмас. Мутахассислар, ҳар ҳолда, ўн ёшларда бўлганини тахмин қилишади, холос.

Навоийшуносликдан узоқ муаллифларга осон, чоғи, қўрқмасдан-нетмасдан: “Навоий ҳазратлари 7 ёш(лар)ида Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарини ёддан билганлар” (Сатторов  Ш. Мир Алишер Навоий ҳақида 15 маълумот, 10 ҳикмат ва бир ривоят / Жаноб, 2017 йил, № 1. ‒ Б. 6.), деб ёзаверишади. Бу борада бир кишигина хато қилса, ҳеч гап эмас. Лекин  бошқа бир ерда ҳам: “Алишер етти ёшида Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарини ёд олган”и (Қаранг: Жомбой тонги, 2015 йил, 7 февраль.) айтилади.

Улуғ шахсга муносабатда бундай тахминларга ўрин бермаслик керак. Бу ерда ёшини кичрайтириб кўрсатиш билан шоирнинг обрўйи ошиб қолмайди ҳам.

Бир муаллиф наздида Навоий мактабда ўқиб юрган кезлари аввал Саъдийнинг “Гулис­тон” ва “Бўстон” асарларини, кейин эса Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”ини ёдлаган: “Саъдийнинг  “Гулистон” ва “Бўстон”ини  аллақачон ёдлаб олган бола Алишернинг бу дос­тонни (яъни, “Мантиқ ут-тайр”ни –  С.О.) ҳаммадан пинҳон ўқиб юриши, ёддан билиши унинг дунё­­­ни идрок этишга анча эрта интила бошлаганидан далолат беради” (Муллахўжаева К. Гоҳ завқ, гоҳ изтироб / Тафаккур, 2019, № 1. – Б. 110.)

Биринчидан, мактаб боласи ҳамма асарни ҳам ёд олавермайди. Бунинг устига, катта-катта асарлар бўлса булар. Иккинчидан, “Бўстон”-ку – шеърий достон. Лекин “Гулис­тон” ‒ назм аралаш насрий асар. Уни бошдан-охир ёдлаган бирор киши бўлмаса керак. Учинчидан, Навоийнинг болаликда “Гулистон” билан “Бўстон”ни ёдлагани ҳақидаги маълумот қаердан олиняпти? “Лисон ут-тайр”­нинг “Бу китоб назмида ўз муносабатининг тақриби”, деб номланган 189-бобида “Мантиқ ут-тайр”ни ёдлаб олгани ҳақида шоир­нинг ўзи  маълумот бериб ўтади:

Ёшуруб дафтарни маъдум эттилар,

Шуғлидин кўнглумни маҳрум эттилар.

Манъи кулли қилдилар ул ҳолдин,

“Мантиқ ут-тайр” узра қилу қолдин.

Чун ародин ўтти бир аҳди баъид,

Бўлдилар ул ҳолатимдин ноумид.

Лек чун ёдимда эрди ул калом,

Ёшурун такрор этар эрдим мудом.

                                                (Б. 294 – 295).

Тўғри, шу бобда шоир “Гулистон” билан “Бўс­тон”ни ҳам тилга олади. Лекин улар тамоман бошқа мақсадда зикр этилган-да. Ёзилишича, болаларга бир хил дарс ўтилаверганидан саводи яхшилансин учун муаллим уларга ўқиш учун насрдан “Гулистон”, назмдан “Бўс­тон” каби китобларни берганига ишора бор. Ёш Алишернинг кўнгли эса “Мантиқ ут-тайр”­­га мойил бўлибди.

Маълумки, 1992 йили “Фан” нашриётида чоп этилган “Ишқ, ошиқ ва маъшуқ” рисоласида “Фоний” — Навоийнинг ҳам форсий, ҳам туркий тахаллуси эканини илман исботлашга уринган жумла бор. Бунга сабаб, шоир ўзининг “Лисон ут-тайр” достонини айнан “Фоний” тахаллуси билан битади. Шунга қарамай, ҳанузгача бу борада эски хато қараш ўзгаргани йўқдек. Матбуотда тез-тез: “Алишер Навоий туркий тилда ёзган шеърларига “Навоий”, форсий тилдаги шеърларига “Фоний” деб тахаллус қўяди”, деб ёзишаверади.

Эсдан чиқармайлик: “Навоий” — шоирнинг фақат туркий, “Фоний” эса ‒ ҳам туркий, ҳам форсий шеърларидаги тахаллуси.

Албатта, ҳар қандай асардан ҳар қандай парчани юлиб олиб, таҳлил қилиш мумкиндир. Бироқ бир муҳимдан-муҳим шарти бор: матн бунга изн бериши керак. “Юлиб олинган” ҳар қандай матн эса амалда бутуннинг бўлаги ҳисобланади. Юлиб олинган матннинг, аввало, ана ўша бутун таркибидаги маъно-мазмунини қамраб олиш лозим. Матнни архитектоникадан айри, яъни бутун билан қисм мутаносиблигини бузган ҳолда тушуниш хато хулосага хамиртуриш бўлиши ҳеч гап эмас.

Масалага шу жиҳатдан ёндашсак, Воҳид Зоҳидовнинг мана бу таҳлилига қўшилиш қийин кўринади:

“Навоий ўзининг кейин (умрининг охирида ёзган “Лисон ут-тайр” достони охирида) хабар беришича, у кичиклигида машҳур Фаридиддин Атторнинг мутасаввуфона  “Мантиқ ут-тайр” асарини жуда катта қизиқиш билан ўқиб, ўзлаштириб, ўша вақтдаёқ айтган экан:

…Ким дедим: “Узлат эшигин очқомен,

Даҳри бемаъни элидин қочқомен”.

Замоннинг бемаъни эканлигидан, унинг бемаъни одамларидан зорланиш, яхшилик ҳақида орзу қилиш, шунга интилиш Алишерда кучайиб бораверади (таркидунёчилик томон эмас, реал мақсадлар томон)” (Зоҳидов В. Ҳаётбахш бадиият тароналари. ‒ Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1975. ‒ Б. 91. (464 б.).

Ана энди таҳлилга тортилган, шу асосда бир жиддий хулоса илгари сурилган байтнинг бутундаги ўрни ва мавқеини белгилаб олайлик.

“Лисон ут-тайр”нинг 189-боби “Бу китоб назмида ўз муносабатининг тақриби”, деб номланади. Унда ёзилишича, ёш Алишер мактабда ўқиб юрган кезлари муаллим болаларнинг “сабақ озоридин” чарчашини ҳисобга олиб, ҳам саводи яхши бўлишини истаб, уларга бадиий китоблар ўқишни буюрганини эслайди. Баъзилар Саъдийнинг “Гулистон”и-ю “Бўстон”ини ўқиса, Алишер Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”ини мутолаа қилади. Уни ўқишга шу қадар берилиб кетадики, элдан узилиб, одамови бўлиб қолади. Чунки достонда тасвирланган ишқ ёш кўнгилни шайдо қилади:

Оқибат ишқ айлади шайдо мени,

Уйла табъимға этти бу савдо мени.

                                            (Б. 294).

Бу ерда Навоий ўша “Мантиқ ут-тайр”ни ўқишга берилиб кетганидан одамови бўлиб қолганини, узлатга чекиниб, одамлардан қочиб, фақат мутолаа билан машғул бўлганини ёзяпти, холос. Кейин  ота-онаси бу ҳолдан хабар топади. “Бунақада боламиз телбаликка мубтало бўлади”, – деб ўйлаб, “Мантиқ ут-тайр” китобини ундан олиб, яширишади. “Фойдаси йўқ эди, – дейди шоир, – чунки мен уни тўлиқ ёдлаб олган эдим”:

Лек чун ёдимда эрди ул калом,

Ёшурун такрор этар эрдим мудом.

Ондин ўзга сўзга майлим оз эди,

Қуш тили бирла кўнгул ҳамроз эди.

                                           (Б. 295).

Демак, бу байт адабиётшуносга “замоннинг бемаъни эканлигидан, унинг бемаъни одамларидан зорланиш, яхшилик ҳақида орзу қилиш, шунга интилиш” ҳақида сўзлаш имконини бермайди. Бу айнан асарнинг қисмини бутунидан узиб олиб таҳлил қилишнинг оқибатидан бош­­қа нарса эмас.

Мустақиллик йилларида олий таълим муассасалари талабалари учун энг қадимги давр­лардан XV аср охиригача бўлган давр адабиёти тарихи бўйича дарслик яратиш анча чўзилди. Эндиликда Н.Раҳмоновнинг дарслигига эгамиз. Шунгача, асосан, Алишер Навоий ижоди юзасидан дарс ўтишда, асосан, Натан Маллаевнинг “Ўзбек адабиёти тарихи” дарслигидан ҳамда “Ўзбек адабиёти тарихи” беш жилд­лигининг 2-жилдидан фойдаланиб келинди.

“Ўзбек адабиёти тарихи” беш жилдлигининг 2-жилди ҳозирча Алишер Навоий ҳақида энг кенг маълумот берувчи муфассал илмий нашр ҳисобланади.  Унда XV асрнинг иккинчи ярми адабиёти, асосан, буюк Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди ёритилган. “Лисон ут-тайр”га ҳам махсус боб ажратилган. Уни филология фанлари номзоди Суйима Ғаниева ёзган.

Очиғи, бу жилд чоп этилган 1977 йили мазкур достон ҳали жуда кам тадқиқ этилган эди. Бобда асарнинг муҳим жиҳатлари ёритилган, албатта. Муаллиф тўғри йўлдан бориб, “Лисон ут-тайр” моҳиятини, асосан,  очиб беришга эришган. Шоир достонда кўтарилган масалалар бўйича фикрларини “аллегорик тарзда баён эт”гани (Б. 323), бу асарини Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”ига “таржума расми била” жавоб тарзида ёки уни “шарҳ этгали” ёзгани (Б. 325), асар тилининг “Навоийнинг  бошқа дос­тонлари, шеърий  асарлари тилига нисбатан анчагина содда ва равон”лиги (Б. 335)  қайд этилган, сюжет нисбатан батафсил баён қилинган.

Шуни унутмайликки, бу шўро даврида ёзилган тадқиқот эди. Унга бугунги талаблар билан ёндашилса, талай хато ва камчи­ликлар кўзга ташланади. Бугунги навоийшунослик уларга муносиб муносабат билдириши керак. Шунинг учун уларнинг айримларига тўхтаб ўтамиз.

Достон “бир неча асрлардан буён Шарқ мутафаккирларини банд қилиб келган ғоят мураккаб фалсафий масалаларга бағишланган асар” (Б. 323) сифатида баҳоланган. Ҳолбуки, “Лисон ут-тайр” ‒ Навоийнинг 6 достони орасида энг соддаси. Буни “Мантиқ ут-тайр”ни ўқитувчи мактаб ўқувчиларига ўқиш учун тавсия этганидан ҳам билиб олса бўлади.

Боб муаллифининг “Лисон ут-тайр” тили ҳақида сўзлаб: “Навоийнинг  бошқа достонлари, шеърий  асарлари тилига нисбатан анчагина содда ва равон” (Б. 335), деган хулосаси ўзининг юқоридаги фикрини инкор этади ҳам. “Лисон ут-тайр”, худди “Мантиқ ут-тайр” каби, арузнинг содда ва равон, хусусан, ўзбек тилига жуда мос тушадиган рамали мусаддаси маҳзуф (ёки мақсур), яъни “фоилотун фоилотун фаулун (ёки фоилон)” вазнида битилгани ҳам фикримизни  исботлашга хизмат қилади. Мумтоз шеъриятимизда ҳам, ҳозирги ўзбек наз­мида ҳам бу вазнда энг кўп ғазал битилган. Шу даражадаки, Атоий ғазалларининг ҳаммаси рамал баҳрининг турли вазнларида ёзилган. Ҳатто,  Ҳусайний, яъни  Ҳусайн Бойқаро барча ғазалларини рамалнинг биттагина, яъни рамали мусаммани маҳзуф (ёки мақсур), яъни “фоилотун фоилотун фоилотун фоилун (ёки фоилон)” вазнида яратган.

Демак, бугун қарашимизни ўзгартиришимиз керак. Яъни, “Лисон ут-тайр” — Навоийнинг энг содда достони”, деб ҳисоблашга мажбурмиз. Чунки унда тасаввуфий мотивация калити шундоққина ўқувчининг қўлига тутқазиб қўйилган.

— Шайх Санъон ҳақидаги ҳикоя воқеалари баёнида яна шундай жумлаларни ўқиймиз: “Шайх ўзига кела бошлайди, муридларига узрхоҳлик қилиб, улар билан Каъбага қайтиб кетади. Шундан кейин Тарсо қизга тушида Исодан Каъбага бориши, Шайхдан узр сўраши, унинг динига кириб, бирга бўлиши лозимлиги ҳақида хабар келади. Қиз Каъбага йўл олади. Анча азобу уқубатлар, саргашталиклардан сўнг у ерга етиб келади. Шайх билан учрашади, ундан узр сўрайди. Унинг динига киради ва ўша замоноқ дунёдан ўтади. Орадан кўп ўтмай, Шайх Санъон ҳам қазо қилади” (Б. 331). Ҳолбуки, асарда тасвирланишича, тарсо қиз Шайх ортидан Каъба сари саҳро бўйлаб йўлга чиқади-ю якка-ёлғиз бу машаққатли йўлда ҳолдан тойиб,  ҳушдан кетиб, йиқилади. Ҳали Каъба ‒ анча узоқ. Шайх ва унинг муридлари ҳам манзилга етиб борганича йўқ.  Улар тарсо қиздан анча олдинда йўлда давом этишяпти. Шунда ҳам Шайхга, ҳам унинг содиқ муридига каромат юз бериб, улар тарсо қизнинг улар ортидан келаётиб, йўлда ҳушдан кетиб қолганидан ғойибан хабар топишади. Улар тарсо қиз йиқилиб қолган томон шошилишади. Муридлар билан бирга келиб, қизни топишади, у узр сўраб, иймон келтиради, Шайх қўлида жон беради. Унинг жасадини олиб бориб, Каъбада дафн этишади. Кейин Шайх ҳам вафот этади.

Бобда “Лисон ут-тайр”да 63 та ҳикоят борлиги айтилади (Б. 328). Бизнинг саноғимиз бўйича эса ‒ 64 та. Афтидан, “Парвоналар мажмаъи шамъи ҳақиқий шарҳида”, деб номланган 164-боб ҳикоятлар сирасига киритилмаган, биз эса мазмун-моҳиятига кўра,  уни ҳам “ҳикоят” деб ҳисоблаймиз ва шунинг ҳисобига улар сони биттага кўпаяди.

Мана бу жумлаларда ҳам “Лисон ут-тайр” моҳияти ва шоирнинг уни ёзишдан кўзлаган бош мақсадини англамаслик сезилиб турибди: “…Навоий ўзининг шахсий муҳаббати ҳақида алоҳида достон яратиш нияти борлигини худди шу асарида эътироф этган эди… Бироқ шоирнинг бу нияти амалга ошмай қолди” (Б. 331). Ҳолбуки, илмимизда кейинчалик, улуғ шоирнинг ўз шахсий муҳаб­бати ҳақида битган асари — айнан ана шу “Лисон ут-тайр”, деган фикр илгари сурилди (Қаранг: Олим С. Ишқ, ошиқ ва маъшуқ. ‒ Тошкент: Фан, 1992. ‒ Б.  48 ‒ 50.) ва бу — ҳақиқатга мос хулоса.

Мана бу фикрда шўро даври мафкурасининг кучли таъсири шундоққина сезилиб турибди: “Лисон ут-тайр”да ижтимоий жа­рангга эга бўлган қатор ҳикоятлар ҳам мавжуд бўлиб, уларда инсон меҳнатининг қадрсизлиги, бойликка ҳирс қўйишнинг фожиали оқибати, дарвешлик ва таркидунёчиликнинг беҳудалиги, таъмагирлик ва текинхўрликнинг ёмон иллат эканлиги қаламга олинади” (Б.331). Достоннинг туб моҳиятига кириб борган ўқувчи яхши биладики, бу асарда дарвешлик йўли ҳадди аълосида тарғиб қилинган, қушлар айнан дарвеш тимсоли бўлиб келган-ку.

Биз таҳлил қилган жиҳатлар “Лисон ут-тайр” моҳиятини англашдаги хато ва камчиликларнинг айримларигина, холос. Асарнинг асл моҳиятини тушуниш тадқиқотчидан ҳам, ўқувчидан ҳам катта масъулият талаб қилишини шу мисоллардан ҳам билиб олса, бўлади.

Султонмурод Олим,

филология фанлари номзоди,

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + three =