Гужум

Тилла суви югуртирилган куз жилва қилганида Абдусамад отанинг оёғидаги бод осмонга чиққан булутдан дарак берарди. Чол гувала деворга ҳассасини суяб ёз бўйи ташқарида қолган ўзи ясаган эски танча устида ўтириб ўнг тиззасини муштлаб-муштлаб қўйди:

“Тавба, тиззангга муштласанг мушт бошингга тегадиган замон ҳам келганга ўхшайди, ёз чилладан ўтганга қиш чилла ғов деганларича бор экан. Тавба! Тавба, нималарни ўйлаяпман ўзи… Омонат барибир омонатда, бировнинг ҳақи бировда қолган эмас, Эгамнинг ҳақи ҳам,” деди йилтиллаган кўзидан ёш сизиб. Кун кўрмаган бандага кунчувоқда ҳам кун йўқ экан, зум ўтмай айвонда келин Манзура мушукни қувиб қарғишлай кетди.

— Ҳа эгагинангни егур! Бирамас, товуқнинг икки оёғини еб кетипти! Ур! Ур! Ана қочди! Нима кўзинг кўрми нима бало?! — деди у ҳозиргина кўча эшикдан сумкасини қўлига олиб ҳовлига кириб келган ўғли Рустамни мушук томон ундаб.

Рустам эса бир уй бурчагидан бурилиб кўздан ғойиб бўлган мушук томонга, бир айвондаги лой супа устига қўйилган сирли темир лагандаги янги сўйилган товуқ гўштига қараб онасига анграйди.

Манзура эса одатдагидек ҳар ишда ўзини оқлашга гап топди.

— Уйга кириб чиққунимча олибди, яшшамагур!

Рустам сумкасини эски олача гилам устига қўйиб онасининг гапидан ҳайрон,

— Товуқними? – деди.

— Балони! Кўрмаяпсанми, ана иккита оёғи йўқ!

Рустам офтобрўяда мудраб ўтирса-да бундай пайтлар сергак туришини билиб бобоси томонга ҳам қараб қўйди.

— Туриптику! — деди у онасини баттар тушунолмай.

— Қани?!

— Мана!

— Ўзи товуқни кўрганмисан? — деди Манзура шаҳд билан сирли темир лаганга узана туриб.

— Ўзингиз кўрганмисиз? – деди Рустам бунақа пайтлар бир мушт еб қолишдан чўчиб, бир қадам орқага тисланиб.

Манзура ўғли Рустамнинг гапидан ўзини бирлаб ҳовлида донлаб юрган товуқларга қараб қотиб қолди.

— Ҳа, иккита оёғи… мен бўлса тўртта деб хаёлим кетганига қара-я.

— Ана! Товуқни кўрганмисан эмиш, ўзи ҳеч товуқ тўрт оёқлаб юрганини ўзингиз кўрганмисиз? — деди Рустам бобоси томонга ўзича мағрурона илжайиб.

“Эганг” деган гапга ҳамиша эгалик  қиладиган Абдусамад ота бу гапларни эшитиб кўзидаги ёшни артиб кулиб қўйди. Аммо келин Манзура ҳали ҳам ўзини босиб ололмаганди.

— Қаёққа? — деди у бобоси томон кетаётган Рустамга қўл силтаб.

— Ҳозир бовам билан…

— Қайт! Орқанга қайт деяпман! Палакат уйимизда экан. Янги тиши чиққанмиш чолнинг, — деди у ўғли Рустам ўзидан узоқлашгани сайин ижирғаниб.

Салом-аликдан сўнг, Абдусамад ота набираси Рустамни елкасига уриб “баракалла” дегандек сўзсиз эркалади. Тунов кунги эри билан бўлган жанжал-тўполондан сўнг иккала ўғли ҳам ўзига бўйсунмай кундан-кун айтганини қилмай қўяётган Манзуранинг баттар жағи очилди:

— Қарига тиш битса ёшнинг бошини ермиш! Ҳа, тишгинанг ўзингнинг бо­шинг­ни егур!

Бола бўп айтганингни қилмайди булар! Ҳамма ишга ўзим, келин эмас келисоп бўп кетдим бу рўзғорда? — деди у аламини очиқ қолган деразалардан олиб.

Шарақлаб ёпилган дераза томонга қараб олган Рустам бобосининг бўйнигача сал­қиб тушган ажинларига разм солиб,

— Йиғладингизми? — деди.

— Елвизак, елвизакка болам, — деди Абдусамад ота гўшти қочган иякларида ҳилпираб турган кўса соқолини кўрсаткич бармоғи билан силаб.

— Ёки тоғам гужумни кесганига?

— Қўявер, тоғанг ҳам онанг айтганига… отангга қўй десам ўша куни феълини кўрсатиб айтганимни қилмади. Ичмаганмиди ишқилиб?..

— Йўқ, — деди Рустам бу сафар чину ёлғон отасини оқлаб.

— Сен айтсанг, ишонаман, — деди Абдусамад ота гап ораси илмоқ ташлаб набирасига ростгўй бўл дегандек. Чуқур хўрсиниқдан сўнг ота дардкашини топгандек.

— Момонг экканди-да уни, — деди.

Бу гапдан сўнг Рустамнинг кўзларида топишмоқнинг жавобини топгандек шодлик учқунлари чақнади.

— Биламан, Робия момомники бўлган, бунисини, сиз…

Абдусамад ота бош ирғаб, — …Ўшанда, баҳор ўтиб қолганди, — деб гап бошлади, — Бу икки гужум ниҳолини барглаб турган ерида олиб келгандим. Худога таваккал қилиб эккандик ўзиям.

Уруш тугаб қаҳатчиликнинг қаҳри жондан ўтиб турган пайтлар эди. Нимасини айтай, бирга яшаб кетиш учун дилингдаги эмас, оғзингга теккани ҳал қиладиган замонлар эди. Момонг ҳам бу ниҳолни нимага жуфт олиб келганимни сездими, “агар шу иккки гужум тутиб кетса яшаб кетармиз…” деди.

Одамзот пешонасида борини кўраверар экан. Совхоз бўлди, колхоз бўлди, пудрат бўлди, барибир деҳқоннинг оти деҳқон экан. Шукур қилмасам Қаҳҳорнинг қаҳри келади, кетмоним билан пешонамиз бирга ярқиради. Сувчи бўлганим билан ҳалол яшадим. Одамнинг девори паст бўлгани билан ғурури баланд бўлсин экан.

…Аввал, тўрт амманг туғилди, отанг Тиловбердидан олдин Худойберди деган улимам бориди. У ченнади. Полвон бола эди ўзиям. Кампирлар бўйни пишиб, бичилиб қолганини кўриб “бўғизлов” бўлган дейишди. Момонг икковимиз уни бозорга қассобнинг олдига олиб бордик. Шарти шу экан, қассоб пичоғини тескари қилиб боланинг бўғзига бир икки олиб борди. Шусиз ҳам пахта баҳона элда “бўғизлов” кетаётган маҳалда шу ҳам бошимизда бор экан. Қассобга нарзини бериб уйга қайтган кунимиз гўдак бечора баттар эммай қўйди. Духтир дегани ҳам топилмас замонлар эди, табибга олиб бордик. Табиб, “тоза кесак сепмагансиз болага, қони бузилган” деди. Ҳозир духтирлар буни инпекси дейди. Шу, инпекси тушдими, ишқилиб… момонгнинг бўлари бўлди… Худо­йим марҳаматини дариғ тутмади, икки йил ўтиб отанг туғилди.

Бу катта бўп ўчоқдан чала ёнган чўпни олиб ҳам чизадиган бўлди. Мен полвон бўлади деб умид қилгандим. “Рассом бўламан, қишлоғимизни чизиш учун ҳам шаҳарда ўқишим керак”, деди. Момонг ўртага тушди, бўлмаса… қаримай туриб соқол қўйди, соч қўйди, мени кўса отим минан ер қилди. Бу шаҳар кўрди-да, аввал “отиш”ни, кейин кун бўйи чўзилиб ётишни ўрганди. Қўли кетмон, ўроқ кўрмади. Охири мактабда расм маллим бўлди. Момонгнинг кўнгли учун аярдим.

Рустам бобосининг бу ҳикоясини кўп эшитган бўлса ҳам индамади. Уй ичи жимиб қолганини пайқаб, бир кўзини қисиб яна гужум томонга қаради.

— Буниси, сиз эканингизни билардим, — деди у бобосининг суяниб юрадиган қайрағоч ҳассасига қараб олиб. Чунки асо кесилган қайрағоч шохидан йўниб ясалганди.

— Ҳа, бўйи баландроқ бўлгани учун момонг шундай дерди. Уям менга ўхшаб қартайиб қолди. Меваси бўлмаса ҳам сояси бор, нима дединг? Оти гужум қайрағоч бу — қари оғоч.

— Ҳа, буни отам ҳам биларкан. Ўша куни эшитдингизми, онамга: “Уканг шунақа дарахт кесадиган бўлиб қолган бўлса аввал менинг олдимга келсин! Отамни чопиб кўринглар-чи, тинч қўйинглар, етар!” деди.

— Момонг ўргатган унгаям. Отанг болалигида бу икки гужумни отагужум, онагужум деб катта бўлган. Бир расмида чизган ҳам экан. Момонг йўл олди бир гужумга урчуғини танғиса, бирига катта рўмолини  ташлаб йўл тадоригини кўрарди.

Шу ерда Абдусамад отанинг гапи бўғзида чала қолди.

— Рустам! Рустам деяпман! Калланг қуйилиб ҳам битмадинг! Каллангни суйилтириб юборади бу чол! Бўл, ўчоқ бошига ўтин олиб кел! — деди Манзура бу сафар эшикни оёғи билан туртиб ёпиб айвонда қаққайганча.

Абдусамад ота набираси Рустамга “борақол” деб боши билан имо қилиб яна тизасини чангаллади. Негадир кўнгли беҳузур бўлиб дилдираб ҳовлидаги нарсаларга бир-бир разм солди:

Арава, — қўшотар замбаракдек юлдузни кўзлаб ҳангу-манг, бир оёқсиз ҳеч қайга юролмасди. Ҳовли адоғига кўмилган якка мих узилган арқонни белига хамойил қилиб таққан қиздек турар, қолган бўлса унда ҳам шу бир қулоч арқон билан Абдусамат отанинг Қорабайир отидан икки толим қора ёл қолганди. Деворга суяб қўйилган тиши синган омоч эса негадир шу лаҳзада Абдусамад отанинг ичини тошлоқ ерни ағдаргандек ағдара бошлади, яна ўйга берилди:

“Икковимиз ҳам тишсиз қолдик. Кимдан эшитган билмайман бу келин, эти қочган иягимни тиш деб қарғайди. Келиннинг дастидан уйга қадам қўёлмай қолган муштипар қизлар, бировнинг хасми бўлса… Болаларимга нон чайнаб берган тишларим қарғалди. Азобларни тишлаган, рўзғор деб, бола деб ситамлардан синган, ичим тўкилса тўкилган тишиларим қарғалди. Энди бу оёқнинг оғриғини тишларга тиш қани, ўзинг кетдинг, гужум кетди, онаси…”

Зум ўтмай Абдусамад отанинг бўғзига нимадир тиқилгандек бўлди. Етти қадам нарида кесилган гужум ўрнида кўзига кўринган аёли Робия момо кулиб ўзига имлаб турганини кўриб, — Аллоҳу акбар! — деди.

Отагужумнинг шохлари орасидан чумчуқлар пир этиб учди. Барглари қўнғир рангга кириб қолган дарахтнинг соясига ишорат бериб бир барг тўкилди.

Келин Манзура эса чапини дунёдан йиғиштириб, ўнг оёғи олдинга чўзилган, қўлини тиззасига қўйиб гувала девор тутган боши хиёл эгилган  Абдусамад отани пинакка кетган дея ўйлаб ҳамон қарғишларди…

Дилором Дилхоҳ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + three =