Асл китоб ҳикмати

Очиғи, эпик прозага, жажжи ҳикояларга иштиёқмандлигимдан «Уруш ва тинчлик»ни қайта-қайта ўқишим мумкин, менга Вилъям Шекспир ёки Антонио Кальдерон асарлари сунъий тафаккурдек, ясама майдондек туюлса-да, театр — тил яшаб қолиши ва бойиши майдони. Қадимги юнонлар айнан театр ва амфитеатр барпо этгани учун тили ва маданиятини мукаммал асраб қолди. Абдуқаҳҳор Иброҳимовни ҳам айнан шу майдонда кўрамиз.

У «Уйқу келмас кечалар» романини ёзди… Эпик тафаккур соҳиби эканлигини намоён этди. Тошкентдан, ўзбек тили мўътадил, шевалар ва лаҳжалардан йироқлиги боис, Абдулла Қодирий, Ойбек, Ўлмас Умарбеков, Ўткир Ҳошимов, Фарҳод Мусажонов, Хуршид Дўстмуҳаммад сингари забардаст носирлар етишиб чиқди. Менимча, Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг бош китоби, барибир, «Бизким, ўзбеклар…» бўл­ди. Маънавият ҳақидаги эсселари бўлди…

Бу китоб дунёга келишида ёш муҳаррир бўлишимга қарамасдан анча қаттиққўллик қилганман… «Бизким, ўзбеклар…» беш марта қайта нашр этилди. Тўлдирилди, такомиллаштирилди.

Абдуқаҳҳор Иброҳимов қаршисида минг йиллардан бери давлатчилигини тараққий эттириб келган, юксалиш ва турли талотумларни бошдан кечирган ўзбек халқи турарди. Ўзбеклар ниҳоятда ранг-баранг этнос. Мусиқа, қўшиқ ва рақсда Тошкент — Фарғона, Самарқанд — Жиззах, Хоразм йўллари каби Бухоро — Қашқадарё — Сурхондарё сингари дарё­лар мавжуд.

Тошкент ёки Бухоро шаҳрида вояга етган болакай бахшичилик ҳақида тасаввурга эга бўлмаслиги мумкин, аммо айни чоғда тафаккурида мумтоз адабиёт тимсоллари яшайди. Абдуқаҳҳор Иброҳимов бош­қалар қаторида ўзбек халқи «конгламерант», яъни бир қанча ранг-баранг сўзлашув услублари ва тафаккур йўллари соҳиби эканлигини намоён этди. Айни чоғда ўзбек хал­қи Ер юзига сочилган этнос. Марказий Осиё, Аф­ғонистон, Эрон, Покистон, Саудия Арабистони, Тур­киядан ташқари Европа мамлакатларига ҳам сочилган катта халқ эканлигини керакли фактлар билан исботлаб берди.

Мустақил миллий давлат — ҳудуд, аҳоли, тил асосида бунёд бўлади. Истиқлол туфайли ўзбек тили ва адабиёти янги тараққиёт босқичига қадам кўйди. Давлат идораларидан тортиб Қуролли Кучларгача, наш­р­иётлардан бошлаб бозорларгача ўзбек тилида иш юритиладиган бўлди. Айниқса, исломий мерос кенг нашр этилиши, хусусий нашриётлар кўпайиши Давлат тили бутун мамлакатни қамрашига асос яратди. Ўзбек адабий тили минтақамиз миқёсида қардош мамлакатларда, маданият муассасаларида ўза­ро келишув асосида кенг ишлатилмоқда. Айни маҳалда 130 дан зиёд Миллий-маданий марказлар — мустақил тиллар ва маданият марказлари фаолияти туфайли бошқа тилларни асраш ва бойитишга ҳам давлат раҳнамолик қилмоқда.

Навоий, Бобур энциклопедияси ва луғатлари тайёрланди. Ишончим комилки, Ўзбек фольклори луғати, Ўзбек меъморчилиги луғати, Ўзбек каштачилиги, пазандачилиги луғати ва яна юзлаб луғатлар тайёрланади.

Глобаллашув ва оммавий маданият… Кўпчилик глобаллашув янги ҳодиса дейди. Бу, тўғри эмас. Глобаллашув ўзбекларнинг аждодлари Хунлар, Кўк­турклар, Кушонлар, Қорахонийлар, Чингизийлар, Темурийлар, Шайбонийлар, Бобурийлар йирик-йирик салтанатлар тузганда, Александр Македонский ёки Араб халифалари қўшинлари, Россия империяси батальонлари Тур­кистонга бостириб кирганда рўй берган. Туркийлар дунё­га ҳарбий санъатни, бошқа халқлар эса маданият, дин ва илмни сингдирди. Бир маҳаллар «мадраса», «масжид» каби истилоҳлар бегона бўлган бўлса, кейинчалик «казарма», «цирк», «театр», «гимназия», «университет» етти ётдек кўринган. Оммавий маданият туфайли паркка, экскурсияга, туристликка борамиз. Оммавий маданият ва глобаллашув туфайли ўзбек боласи инглиз ё хитой тилини ўрганади. Бу масалада, менимча, глобаллашув ва оммавий маданият ахлоқи ҳақи­да сўз юритилса тўғрироқ бўлади. Ватанимиз қадимий қадамжоларидан бири Нурота муҳитида вояга етганимиздан бошқа жойларда болалар нега биздагидек нотаниш кимсаларга салом беришмайди дея ҳайрон бўлардик. Бугун муаззам Тошкентда болакайлар деярли ҳаммага салом беради.

Ватан ва халқ ҳақида алоҳида китоб ёзишнинг ажойиб бир натижаси бор экан. Шимолий Кавказда Расул Ҳамзатов асари Доғистонни янги давр ғулғулаларидан асраган бир восита бўлса, Имант Зиедонис, Ўлжас Сулаймонов, Абдуқаҳҳор Иброҳимов эссеистик асарлари ўзлари мансуб республикаларда тил теварагида мамлакат ва халқни бирлаштириб тургувчи кучлардан бирига айланди. Оммавий талотум ва ўпирилишлар рўй бермади. Ўзбекистон, Литва, Қозоғистон йигирма биринчи асрга катта йўқотишсизларсиз қадам қўй­ди. Ўз тарихи ва ўзлигини англашга интилиш кучайди, десак муболаға бўл­майди. Асл китоб ҳикмати ҳам шунда.

Барнобек Эшпўлатов,

«Шарқ» НМАК бош таҳририятининг

етакчи муҳаррири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + nine =