Халқ қабулхоналари: Элдан қолар гап йўқ

Ота-боболаримиз “Халқ сўзи — ҳақ сўз”, дея бежиз айтишмайди. Афсуски, узоқ йиллар мобайнида ушбу ҳикматли иборанинг мағзини гўё чақолмагандек, бурч ва мажбуриятни идрок этолмайдиган, омма арзига қулоқ тутишни ўзига эп кўрмаган мутасаддиларнинг “қош-қовоғи”га қараб турмуш кечирдик.

Бунинг оқибатида атрофимизда муаммолар қалашиб кетди, хато ва қусурлар болалаб кетди. Кўпгина мутасаддилар ўз фурсатида ечим топмаган, бартараф этилмаган муаммолар газак отишини фаҳмлашдек салоҳиятдан ожиз қолдик.

Аммо элда оқил-доно, омилкор, эртани кўра-биладиган инсонлар ҳам кам эмас. Одамлар қалбини тарк этаёзган умид  учқунлари ана шундай беназир инсонлар пойқадами боис қайта алангалади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси асосида уч йил муқаддам юртимиз бўйлаб шаклланган Халқ қабулхоналари жамиятнинг оғриқли муаммосини муваффақиятли суратда бартараф этиш гаровига айланди. Мамлакатнинг алоҳида нуфузли ижтимоий-ҳуқуқий бўғини сифатида шаклланган мазкур тизим жамиятни инсон ҳуқуқлари, бозор ва тадбиркорлик муносабатлари соҳасида катта равнақ ва истиқболлар сари етаклади.

Давлатимиз раҳбари янги тизимни вужудга келтиришдек хайру савоб ишни амалга ошириш билан чекланганлари йўқ. Бўғин фаолиятининг барча нозик жиҳатлари, ваколат доираси, ҳаракат миқёслари, иш тартиби ва мажбуриятларни оқилона тарзда белгилаб бердилар. Омма дарди, ташвишига шерик бўлиб яшамоқ, халқ давлат идораларига эмас, давлатнинг ўзи халққа хизмат қилмоғини таъминламоқ демократик жамиятнинг стратегик вазифалари қаторига киришини ҳам биринчи бўлиб  у киши ўртага ташладилар.

Жамият турмуши, инсон овози, арзи ва шикоятига қайсики идорада кўпроқ қулоқ тутилса, дардига малҳам қўйилса, кўмак ва мададга бел боғлаб киришилган бўлса, омад ўша тарафда эканлигини аниқ-равшан кўрсатдилар. Аммо шуни ҳам таъкидлаш зарурки, келиб тушаётган мурожаатларнинг кам қисми, дейлик, 10-15 фоизини қаноатлантириш билан чекланаётган маҳкамалар бундай юқори мартаба ва ҳурматга умид боғламасалар ҳам  бўлаверади. Ариза ва шикоятларни қаноатлантириш миқёсларини  сунъий равишда ва зўрма-зўракилик билан ошириб ва бўрттириб кўрсатишдан тийилмоқ зарур. Мурожаатлар ўзининг асос­­ли ва мантиқийлиги, ҳаққонийлиги, кўтарилган масаланинг  қонунийлиги, долзарблигига кўра ҳал этилмоғи керак.

Ўтган йили Хоразмнинг чекка туманларидан бўлган Шовотда Халқ қабулхонасига жами 840 та мурожаат келиб тушди. Йил якунига келиб, мурожаатларнинг 659 таси ёки 78,5 фоизи қаноатлантирилди, ўз ечимини топди. Бу элдош­ларимиз адолат, ҳақиқат, одиллик, қонунийлик намуналарини айрим мутасадди идоралардан кўра, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг Халқ қабулхоналаридан  кўпроқ топаётганлигини яққол тасдиқлайди.

Халқ қабулхоналари ўтган давр ичида яна бир синовдан ҳам муваффақиятли ўтди. Баъзи одамлар ўйлаганидек, Халқ қабулхоналари ариза ва шикоятлар босими  остида қолиб кетмади. Аксинча, хато ва қусурлар, камчилик ва нуқсонларни излаб топиш, бартараф қилиш йўли билан жамият тараққиёти эшикларини янада кенг ва равон  очишда тизимнинг ўрни ва роли катта бўлди.

Ювилган қалб доғи инсонни кўтаринки кайфиятга, кўтаринки кайфият эса ижтимоий фаолликка етаклайди. Равнақ омиллари ана шундай тизимда вужудга келади. Кўнгли ўксик, турмуши ночор кишининг ишида унум ҳам, қут-барака ҳам, сифат ва самара ҳам бўлмайди. Албатта, ҳар бир инсоннинг бу борадаги эрк ва эркинлиги, ҳақ-ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари давлат ҳимоясидадир.

Ўтган йили туман Халқ қабулхонасига Ўзбекистон қишлоғи фуқароларидан бири оиласини боқиш учун ишга жойлашишда ёрдам кўрсатилишини сўраб, мурожаат қилди. Фуқаронинг аризасини ўрганиш асносида бандлик масаласи туманнинг узоқ ва чекка  қиш­лоқлари аҳолиси учун бирмунча катта муаммога айлангани ва долзарблигича қолаётгани маълум бўлди. Шундан сўнг, одамларни ишлаш учун туман ёхуд вилоят марказига йўллагандан кўра, уларнинг бандлигини шу ернинг ўзида иш билан таъминлашнинг афзаллиги жойларда тушунтирилди. Мурожаат қилган шахс иш билан таъминланди.

Туманнинг Пахтакор маҳалласида 2 нафар вояга етмаган фарзанди билан 10 йилдан буён бошпанасиз яшаб келаётган 2-гуруҳ ногирони Д.Сафарованинг мурожаати туман ҳокимлиги тарафидан ўрганилди. Пировардида унинг руҳан дардли қалби малҳам топди. Халқ қабулхонасининг аралашуви ва туман ҳокимлигининг беғараз кўмаги туфайли эҳтиёжманд хонадоннинг муроди ҳосил бўлди. Оила  2 хонали янги хонадонга кўчиб ўтди.

Очиғини  айтганда, мурожаатларнинг кўплиги ютуқ сифатида изоҳланмаслиги керак. Аксинча, бу ўша ҳудуддаги муаммо ва камчиликлардан далолат. Ўтган йили Халқ қабулхонасига келиб  тушган жами 840 та мурожаатнинг 203 таси ёки 24,2 фоизи уй-жой, ер муносабатлари,122 таси, яъни 14 фоизи табиий газ, электр энер­гияси, сув ва иссиқлик таъминоти, 91 таси эса моддий ёрдам масалаларига бориб тақалди. Улар қатъий назоратга олинаяпти. Тегиш­ли идора ва ташкилот раҳбарлари номига аниқ талаб ва таклифлар йўл­ланаяпти. Жавобгарлик ва маъ­­­­мурий-интизомий жазо чоралари белгиланаяпти.

Ҳасанбой Муҳаммаджонов,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Шовот туман Халқ қабулхонаси раҳбари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + one =