Фермерлар далада эмас, “City Palace” меҳмонхонасида

ёхуд юртимизда гўшт нархининг барқарорлиги таъминланадими?

Пойтахтимиздаги “City Palace” меҳмонхонасида Республика АТ “Халқ банки” томонидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ветеринария ва чорвачилик давлат қўмитаси, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси билан ҳамкорликда ўтказилган “Чорвачилик соҳасининг келажакдаги истиқболлари ва соҳадаги инновацион технологиялар” мавзуидаги давра суҳбати кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Суратда: тадбирдан лавҳа.

Президентимизнинг чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, соҳани жадал ривожлантириш, замонавий ва инновацион услубларни жорий этишга оид кўрсатмалари ушбу семинар учун дастурил­амал бўлди. Шунингдек, 2019 йилнинг ноябрь ойида Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда ҳудудларда Андижон вилояти тажрибаси асосида “Оилавий кооперацияларни ташкил этиш” тўғрисида қатор вазифалар юклатилган эди. Бунга кўра аҳолига 5 бошгача қорамол етказиб бериш, Қорақалпоғистон Республикаси тажрибаси асосида камида 30 бош бўлган қорамол парвариш қилинадиган оилавий чорва фермаларини ташкил қилиш, гўшт ва сут маҳсулотлари сотишга мўлжалланган кўчма савдо дўконларини ташкил этиш белгилаб қўйилган эди.

Тадбир мамлакатимизнинг турли гўшаларидан келган фермерларнинг ўзларини қизиқтираётган ёки қийнаётган масалалардаги саволлари ва мутасадди ташкилотларнинг жавоблари билан қизғин тус олди.

Маълумотларга кўра, 2019 йилда тижорат банкларининг бир триллион сўмдан ортиқ маблағлари эвазига четдан 365 минг бош наслли чорва моллари олиб келинган. Шунингдек, 110 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағларига сутни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги техникаси ҳамда замонавий чорва комплекслари барпо этилган. Шу рақамларнинг ўзиёқ соҳанинг жадал ривожидан дарак беради.

Айни вақтда “Халқ банки” тадбиркорлар билан ҳамкорликда 36 миллиард сўмлик йигирмага яқин лойиҳани амалга ошириш чорасини кўрмоқда.

Шу билан бирга чорвачилик тармоқларини илмий асосда ташкил этиш, инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш, кадрларни тизимли тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш мақсадида Самар­қанд ветеринария медицина институти билан ҳамкорлик қилинмоқда. Бу ерда “Халқ банки”нинг 580 миллион сўмлик ҳомийлик маблағлари ҳисобига 1 минг 200 га яқин осеменатор ўқитилди. Жорий йилда яна 3 минг нафарга яқин осеменаторни ўқитиш кўзда тутилган.

Амалга оширилаётган барча чоралар чорва моллари сонини ошириш ва маҳсулотлар нархининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

— Биз, асосан, чорва билан шуғулланамиз. Айни пайтда хорижий мамлакатлар билан тажриба алмашишни кенг йўлга қўйганим сабаб банкларга тез-тез мурожаат қилишимга тўғри келмоқда. Ўтган йили 150 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олиб, қўшни Қозоғистон Республикасидан 1500 бош қўй олиб келдик. Давлат томонидан ажратилган кредит асосида аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламларига қўй етказиб бердик.

Бу йўналишда ўзимиз яшаётган ҳудуддаги бир қанча банклар билан ҳамкорлик қиламиз. Яқинда март ойи­да қорамол олиб келиш учун Польшага бораман ва у ердан бошланишига 400 бош, босқичма-босқич эса 2000 бош қорамол олиб келаман. Ушбу семинар фермерларни қийнаётган муаммоларни тез ва холис ҳал қилинишига замин ҳозирлади деб айта оламан, — дейди Қашқадарё вилояти Муборак тумани “Жавоҳир замин” фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Ҳамроев.

Айни тадбир сабаб мамлакатдаги илғор фермерлар дала ё фермада эмас, “City palace” меҳмонхонасида жамулжам бўлишди. Зеро, фермернинг бугун қўяётган ҳар бир қадами ўзбекни ҳам, Ўзбекистонни ҳам эгизак муваффақиятларга етакласа, ажаб эмас.

Гўзал Матёқубова

 Реклама ҳуқуқи асосида

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − 5 =