“Туронбанк” ёшлари: Умид байроғи остида

Ҳаётда жуда кўп муносабатлар бири иккинчисига боғлиқ, бири бошқасини такрорлайди. Лекин шундай бир жиҳат борки, у ҳеч нимага бориб боғланмайди, ташқи куч таъсирида ислоҳотга юз тутмайди: бу инсоннинг ички интеллектуал салоҳиятидир.

Ёшлик бор жойда табиий гўзаллик ва жўшқинлик бўлади, ёшлар жамулжам бўлган масканни баҳор ҳеч қачон ташлаб кетмайди. Ёшлар – миллатнинг табиий зийнатланган қиёфасидир. Шу маънода ёшлар билан ҳамқадам ва ҳамнафас бўлиш, уларнинг истакларини ўрганган ҳолда ўз фаолиятингга ўзгартишлар киритиш, ёшлар шижоатига, эртаси умидли тоғларга қараган мисол тикилиш мамлакатимизнинг энг нуфузли молия муассасаларидан бири бўлган — “Туронбанк” АТБнинг имижига айланган.

Эртанинг гўзал қиёфаси

Чунончи, “Туронбанк” АТБ жамоаси билан танишишни бошлар экансиз, жамоанинг 30 фоиздан зиёдини ёшлар ташкил қилаётганига гувоҳ бўласиз. Муҳими, уларнинг барчаси замонавий фикрга, жаҳоний илмга, миллий тарбияга эга ёшлар. Бугун “Туронбанк” АТБнинг республикамиз банклари орасида ўзининг алоҳида нуфузига эга бўлаётгани, хизмат турлари ва қулайликларнинг кў­паяётгани, рақамлаштириш саводхонлигининг баландлиги ёшларнинг жўшқин куч ва ҳаётсеварлиги сабаб бўлса, ажаб эмас.

Ҳар йили банк-молия соҳаси 3- ва 4-босқич талабалари ҳали ўқиш давридаёқ банк ишига жалб қилинади. Энг муҳими, улар банк раҳбарининг яккама-якка суҳбатидан ўтадилар. Дейлик, 2018 йилда 40 нафар истеъдодли талаба ишга олинган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич яна ошиб, 70 нафар ёш ишга қабул қилинди. Энг муҳими, талабалар ўз таълим жараёнларини тўхтатмай, параллел равишда амалий тажрибаларини ҳам ошириб боришади. Бу орқали эса улар эртанги куннинг гўзал қиёфасини яратадилар.

Шуниси эътиборлики, банк томонидан ёшларнинг билим ва малакаларининг ошиши ва мароқли дам олиш­лари учун барча шарт-ша­роитлар яратилмоқда. Айниқса, турли ўқув-семинарлар ва раҳбарият билан очиқ мулоқотларнинг ташкил этилиши уларнинг касбига бўлган меҳрини янада оширмоқда. Яқинда банк томонидан ана шундай жонли мулоқот ўтказилди. Унга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекис­тон халқ шоири, Олий Мажлис Сенати аъзоси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Сенат аъзоси Алишер Саъдуллаев ҳамда банкнинг пойтахтимиздаги филиаллари ёш ходимлари таклиф этилди.

Жорий йилнинг 24 январь санасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятига бағиш­ланган ушбу тадбир барча ёшларнинг юрак-юрагидан жой олди. Унда давлатимиз раҳбари томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш бў­йича илгари сурилган қатор ташаб­буслар, таклифлар муҳокама этилиб, ушбу вазифаларни бажаришда банк ёшларининг ўрни муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Учрашувда “Туронбанк” АТБ бошқаруви раиси Чори Мирзаев молия муассасасида ёшларнинг соҳа сирлари ва хорижий тиллар, ахборот технологияларини мукаммал ўрганишлари учун барча шароитлар яратилганини таъкидлади. Аслида “Туронбанк”да ёшларга берилаётган эътибор банк бошқаруви раиси камтарона санаб ўтганидан анча кучли ва асосга эга эканлигини шу ерда ўтирган ҳар бир ёш яхши билади.

Тадбир давомида Сирожиддин Саййид ва Алишер Саъдуллаевнинг чиқишлари тадбир иштирокчиларини янада ғайратли ва шижоатли бўлишга ундади. Сўнгра учрашув очиқ мулоқот ва савол-жавоб тарзда давом этиб, ёшлар ўзларини қизиқтирган таклиф истакларини билдириши баробарида кўплаб саволларига жавоб олдилар.

Тадбирда иштирокчилар давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда истеъдодли ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар, хусусан, банк-молия соҳасига етук кадрларни жалб қилиш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ишларни муҳокама этишди, фаолиятда мавжуд муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этиш бў­йича ёшларнинг таклифлари маъқулланди. Шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсати ҳамда Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус доирасида банкда амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Ғунча ҳам, гул ҳам гўзал

“Ғунча гулдан гўзалроқдир”, дей­ди таниқли адибларимиздан бири. Бизнинг наздимизда эса ғунча ҳам, гул ҳам гўзал. Чунончи нозиккина ўша гул ҳаётнинг бор ҳикматини, бори гўзаллигини ўзида жамулжам этади. Бироқ бу гулларни ўз вақтида парваришлаш ва унинг атридан баҳраманд бўлиш яна-да муҳимроқдир. Раҳбарият олдида ўз ташаббус ва таклифларини илгари суриш оддий бир мутахассис лавозимидаги ходимга ҳар доим ҳам насиб этавермайди. Умумий персоналнинг 30 фоиздан кўпроғини ёшлар ташкил этувчи “Туронбанк” жамоасидаги учрашув бундай чекловлардан холи тарзда, ғайратли ёш банкирларнинг қизғин савол-жавоблари билан эсда қоларли бўлди.

Айтиш керак, “Туронбанк” раҳбарияти интеллектга сармоя киритишни энг олий вазифа сифатида белгилаган. Бунга мисол қилиб, ҳар йили билимли ёшларнинг нуфузли олийгоҳларга қабул қилиниши ва хорижий сафарларда ўз тажрибаларини орттиришларини келтиришимиз мумкин. Биргина ўтган 2019 йилнинг ўзида 400 нафарга яқин ёш ходимлар Ўзбекистон Банклари ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Банк – молия академияси, Минтақавий банк ўқув марказларида малакаларини оширишган.

“Заковат”даги зап омад

Мамлакатимизда ёшларнинг ташаббус ва интилишлари, жаҳон майдонида ўзбек деган номнинг танилиши ва катта марраларни эгаллашида муҳим аҳамият касб этади.

Айни шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда 2020 йилнинг февраль ойи­­да Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан биринчи “Банклараро интеллектуал лига”, яъни “Заковат” ўйинларига старт берилди. Унда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган деярли барча молия муассасаларининг олти нафар истеъдодли ёшлардан таркиб топган жамоалар сафида “Туронбанк” ходимлари ҳам иштирок этишди.

Йил давомида мунтазам ўтказилиши режалаштирилган ушбу тафаккур беллашуви 3 та турдан иборат бўлди ва ҳар бир босқичда жа­моаларга 12 тадан молиявий мантиқий саволлар берилди. Жавобларни эса Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва “Заковат” интеллектуал ўйи­­ни иштирокчиларидан иборат экспертлар гуруҳи баҳолаб боришди.

9000дан зиёд акциядори бор банк ёки кўнгилдагидек ишхона бу – омаддан дарак

“Туронбанк” АТБ ёшлари билан суҳбатлашар, эканмиз улардаги мардона, серзавқ руҳ бизга ҳам кўчади. Беихтиёр шоирнинг “Ёшликда ёш бўлган яхшидир” сатри эсга тушади. Зеро, ёшликнинг 18га киришдай гўзал­ликлари, ҳаётга фақат ва фақат муҳаббат билан қарашдай оташ нигоҳлари, осмонни қўлимда кўтараман қабилидаги шаҳду шижоатлари эртанги кун билан боғлиқ орзуларимизга қанот ато этади. Гулнинг гўзаллиги уруғидан, инсоннинг ҳусни эса қалбидандир, дей­ди файласуфларимиз. “Туронбанк”нинг қалбига айланган ёшларимиз эртага миллатнинг қиёфасига айланса, ажаб эмас. Зеро, уларнинг ҳаммаси умид байроғи остида жамулжамдирлар.

Битта нуқтадаги туташув

Сабина Саидаҳмедова, Марказий амалиёт бошқармаси Бухгалтерия ҳисоби мутахассиси;

– Айни пайтда Тошкент давлат Иқтисодиёт университети 3-босқич талабасиман. “Туронбанк” АТБга ишга кириш учун бош­қарув раиси суҳбатидан ўтиб, ишга қабул қилиндим. Мана ўқиш давомидаги контрактимни тўлаб беришди, тил ўрганамизми, тажриба алмашамизми, малака оширамизми, ҳаммаси истаганимиздан ҳам аъло тарзда муҳайё этилмоқда. Бу каби шарт-шароит бошқа банкларда борлиги ҳақида эса ҳали эшитганим йўқ. Ҳа, чиндан ҳам 2-3 курс талабаларига ҳали бирорта банк ишонч билдираётгани ҳақида маълумотга эга эмасман.

Банкимизда битта анъана бор, ҳар ойда ёшлар билан мамлакатимизнинг илғор қатлами вакиллари учрашувлар ўтказади. Бу учрашувда биз ўзимизни қизиқтирган фикр ва таклифлар билан иштирок этамиз. “Ёш китобхон” танловлари ўтказилади. Унда фаол қатнашганлар тегишли мукофотлар билан тақдирланадилар. Мен ўз ҳамкасбларимни мамлакатимиздаги энг китобхон банк ходимлари, деб атаган бўлар эдим.

Раҳимжон Маҳмудов, Марказий амалиёт бошқармаси, пул муомаласи ва чакана хизматлар бўлими бошлиғи;

– 2017 йилда “Туронбанк” Марказий амалиёт бошқармасига бош мутахассис бўлиб ишга қабул қилинганман. Аслида бу айтганда жуда осондай туюлади, бироқ юзлаб ёшларнинг орасида тест топшириб, унда ғолиб бўлиш, банк раҳбариятининг ишончини қозониш, аслида кўплар учун ҳали орзулигича қолиб кетаётган бўлиши мумкин. Бироқ мен бунга эришдим. Хусусан, вилоятларда ташкил этилаётган семинарлар, ички интеллектуал ўйинлар, жаҳон стандартларига мос келадиган кадрларни тайёрлаш мақсадида банкимизда бепул тарзда инглиз ва рус тили курс­ларининг ташкил қилиниши бизни жуда мамнун этади. Ўзим ушбу курсларда ўқиб, инглиз тили курсларини битирганлигим ҳақидаги сертификатга эга бўлдим.

Ёшларга қаратилган эътибор мени ҳам четлаб ўтмади. 2018 йилда Хитойнинг Шанхай шаҳрида Ривожланган давлатлар молия муассасалари курсини битирдим. Бу мен учун жуда катта қадам ва катта сабоқ бўлди. Бу ерда олган илмларимнинг барини банкка татбиқ этмоқдаман. Бу ҳам биз ёшлар учун берилган катта имконият деб биламан.

 

Рушана Aйтмуродова, Ташқи иқтисодий Фаолият департаменти, Халқаро банклараро амалиётлар бўлими мутахассиси;

— Мен Ўзбекистон Миллий университетининг иқтисодиёт факультети иккинчи курс талабасиман. Ўтган 2019 йил ҳаётимда муҳим маъно касб этди, чунки ўзимнинг орзуимдаги жойга ишга кирдим.

Aлбатта, ўзим билан фахрланиш учун барча асослар бор. Бироқ менинг ва бошқа кўплаб ёшларнинг муваффақиятимизда банк раҳбарияти ва жамоаси жуда катта роль ўйнамоқда. Ходимлар танлови мамлакатимиздаги турли университетларнинг ёшлари ўртасида бўлиб ўтди. Ҳар бир иштирокчининг ҳая­жони бор эди, аммо танлов жараёни жуда қизиқарли ва адолатли бўлди.

Танловда яхши натижаларга эришганимдан сўнг, шу йил январь ойидан мен дўстона, яхши хулқли ҳамкасблар қуршовида ўз ишимни бошладим. Ҳозир эса “Туронбанк” қўллаб-қувватлаши билан, мен ўқиш ва ишимни битта нуқтада бирлаштира оламан ва шу билан бирга, ўз келажагимнинг ёрқин бўлишига ишонаман.

 

Дилшод Рустамов, Ғазначилик ва қимматли қоғозлар департаменти директори:

— Икки йилдан буён ушбу департамент директори бўлиб фаолият юритиб келаяпман. Ёш бўлсам ҳам раҳбарият менга ишониб шундай ишни топширган, бу албатта, ҳам қувонарли, ҳам масъулиятдир.

Бизнинг департаментимиз, асосан иккига бўлинади: ғазначилик ва қимматли қоғозлар бўлимлари. Биз банк тизимида ишлар эканмиз, ҳар куни, албатта, битта бўлса-да янгиликка дуч келамиз. Ўзгаришлар, янгиланишлар, банк ва мижоз ўртасидаги сарсонгарчиликларга чек қў­йилиши – ҳамма-ҳаммаси бизни бу соҳада севиниб ишлашга чоғлайди. Банкимизда 9000дан зиёд юридик ва жисмоний акциядорлар мавжуд. Банкнинг эшигида сарғайиб ўтириш деган гаплар ўтган замонда қолиб кетган.

Мен ушбу жамоанинг ёш бир вакили сифатида шу ерда ишлаётганимдан, яхши инсонлар қўлида тажриба орттираётганимдан хурсандман.

Реклама ҳуқуқи асосида.

Гўзал Матёқубова тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + 18 =