«Ассаламу алейкум» ёхуд Мьянма фожиаси

Жанубий-шарқий Осиёда жойлашган Мьянма союз Республикасида шу ўтган бир ҳафта давомида камсонли роҳингия мусулмонлари яшайдиган 2,600 дан ортиқ уйларга диний низолар туфайли ўт қўйилди, минглаб бегуноҳ одамлар ваҳшийларча ўлдирилди.

Мьянмадан 123 минг киши қочиб Бангладеш чегарасига ўтиб уйсизлик ва очликдан, энг муҳими, ҳали давом этиб келаётган жаҳолат, ирқчилик, диний низолар, миллий камситиш каби иллатлардан азият чекишмоқда. Улар тақдири ҳамон қил устида!

Интернет хабарларидан.

— Ассаламу алейкум!

— Ассаламу алейкум!

— Ассаламу алейкум!

Қуёш ҳар тонг Бирма[1] тупроғи узра бош кўтарганда Ракхайн штатида яшовчи роҳингия мусулмон болалари уйқули кўзларини ишқалаб мана шундай калом-ла уйғонишади. Кўзларига қуёшнинг заррин нурлари тушиши билан қонга сингган анъаналарга кўра Яратган эгамга, чарақлаб турган қуёшга ва юзларини майин силаб турган Бенгал кўрфазининг шабадасига салом йўллашади.

Қизчалар қамишдан тўқилган саватчани бошларига кўтариб, ловия теришга кетишдан олдин, оппоқ булутлар ортида ўзининг сўзини шаксиз тинглаб турган Яратувчига, кўзларига беркинаётган қуёшга ва рўмолини учираётган кўрфаз шамолига ширин тил билан салом беради.

— Ассаламу алейкум!

Тўсатдан бошланган қонли ҳужумлар, азобли қувғунлар-у аламли хўрлашлар, бокира қизларнинг ёлвориб инграшлари, жонажон уйларининг кулга айланиши, яқинларининг жонсиз жасадлари, гулханда куяётган инсон этининг ачимсиқ ҳиди, сочилиб кетган тананинг даҳшатли манзараси роҳингия мусулмон болаларининг умид-ла, салом бериб уйғонишдан қайтаролмайди.

— Ассаламу алейкум!

— Ассаламу алейкум!

— Ассаламу алейкум!

Роҳингия мусулмонларининг Бенгалия чегарасига яқин ҳудудида яшовчи 82 ёшли кампир ярим тунда бошланган ҳужумдан омон қолиб, тўрт ёшли неварасини кўтарганча ғарб томонга қараб қочиб борарди. У яхши билардики у яйловни тўғри кесиб ўтса (эси оғиб адашмаётган бўлса) тонг отар-отмас у Читтагонг туманига[2] ўтиб олади. Кампирнинг қоқсуяк елкасини эзиб турган, узоқдан тарозининг икки палласини эслатувчи таёқнинг бир учида халтага солинган ва пишиллаб ухлаётган невараси, иккинчи томонида эса бир ҳафталик емак-ичмаклари бор эди. У яланг оёқ лой йўлдан олис-олисларга кўзларини қадаганча Бенгалия томон одимлаб борарди. У умрида бундай қув­ғинлардан кўпини кўрган бўлиб, барчасидан тақдирнинг инояти ва ўзининг чаққон оёқлари туфайли омон қолганди. Ота-онаси ўтган асрнинг бошларида бу ерларга ёруғ умидлар билан кўчиб келишган бўлса-да, умрлари рўшнолик кўрмай ўтиб кетди. Кампир на инглизларнинг мустамлака даврида, на озод Мьянма Республикаси даврида тинч одамлардай яшай олди. Умри таҳлика-ю қувғинларда ўтди. Улар ватан деб билган масканларида гадо эдилар, ортиқча эдилар. У шунинг учун кечаси-ю кундузи сергак, кўчишга шай турар, ҳеч қачон хотиржамликка берилмасди ва мана — шу тарзда қариди ҳам!

Роҳингия мусулмонлари — оддий деҳқонлар, чўпонлар, қурувчилар бошқалар каби саёҳатлар-у қулай иморатларни орзу қилишмас, ҳар тонг (улар ҳар қандай меҳнатга тайёр эди) туриб тинч ва хотиржам шукроналик саломини айтишни истардилар. Улар сайлаш ва сайланишдан маҳрум эдилар. Бундан ташқари, шаҳар ва жамоат транспортларида қисилиб юришга, касалхоналару ижтимоий ёр­дамлар, таълим олиш, чет элда ўқиш, давлат ишларида ишлаш каби ХХI асрда миллиардлаб инсонлар фойдаланаётган имкониятлардан мосуво бўлсалар-да, мана шу заминда тинч ва хотиржам яшашни барчасидан афзал кўрардилар. Фақат болалари омон бўлса бўлди. Бунинг учун улар оғир ва заҳарли ишларда меҳнат қилар, ҳақорат-у хўрлашларга ҳам чидар ва шунда ҳам ҳар тонг умид ва ишонч сўзлари билан болаларини уйғотишга ўзларида куч топарди.

— Ассаламу алейкум!

Кампир шилта лой бўлган йўлда ёлғиз кетиб борар экан, боя кўз олдида юз берган фожиаларни эсламасликка, фақат ва фақат ўлиб кетган эри ва фарзандларининг ҳурмати учун ёлғизгина ёдгорини асраб қолишни ўзининг олий бурчи деб биларди. У чегарадан қандай ўтишдан кўра, боланинг уйғониб қолишидан қўрқарди. Агар у уйғонса аскарлар уни пайқаб қолиши мумкин. Бунинг устига бола туриб, онасини сўраганда нима, деб жавоб беришни ҳам билмасди. Унга отасини аскарлар отиб, онасини эса зўрлашганини айтишдан кўра кампирга ўлим афзалроқ. У кечаги воқеани кўз олдидан қувмоқчи бўлса-да, ҳар бир нарса кечаги даҳшатларни ўзида ясар, аламли хотираларни қўзғарди. Осмонда порлаб турган юлдузлар ҳам қонли нур сочаётгандай ўғли ва келинини эслатарди. Мьянма ҳарбийлари ўғлини отиб ўлдиришди. Телбанамо, кўзлари катта-катта очилиб, тишсиз оғзидан тилини ғалати ўйнатаётган, қоп-қора юзлари тарашадай буришиб, ботиб кетган, эгилиб турган гавдаси ғалати кўринган кампир ёнидан эса аҳмоқона боқиб, индамай ўтиб кетишди. У омон қолиш учун эмас, этагига яшириб олган неварасини асраш, мабодо ўзини отиб ташлашса, боланинг устига қулаб уни омон қолдиришни ўйларди. Қуролланган ҳарбийлар нозик келинини хўрлашаётганида кампир болани халтага солиб аввалдан қазиб қўйилган ертўла орқали боққа ўтиб кетганди. У боғдан чиқиб кетар экан гўзал келинининг аянчли ёлворишини ҳам, сигарета чекиб нозик қизлардай кулаётган ҳарбийларнинг овозини ҳам эшитмас, фақатгина бағридаги бегуноҳ болани асраш учун ортга қарамай одимлашни ўйларди, холос.

Умри ловия ва шакарқамиш етиштириб ўтган кампир на ота-онасининг, на иккита қизининг қабрини эслай оларди. Энди ўғли ва келинининг ҳам қабри йўқ. Қабрсиз, қадрсиз неча-неча авлодлар ўтмоқда… Асрлар алмашмоқда… Аммо ҳаммаси шу-шу… Аммо роҳингия мусулмон болалари умидларини ўлдирмай ҳар тонг ишонч-ла уйғонишмоқда…

— Ассаламу алейкум!

— Ассаламу алейкум!

— Ассаламу алейкум!

Кампир тажрибали қочоқ эди. У туни билан дам олмай, бирор марта қоқилмай, болага чулдураб алла айтганча кетиб борарди. У атайлаб келинининг ҳарбийлар йиртиб ташлаган кўйлагидан бир бурдасини олган, бола ўзини онасининг бағрида ухлаётгандек ҳис қилиши учун болакайнинг бўйнига уни боғлаб ҳам қўйганди. У балчиққа ботиб қолмаслик, заҳарли ҳашаротлар-у илонларни босиб олмаслик учун кўзини ердан узмас, гарчи силласи қуриб, кўзи хира кўраётган бўлса ҳам, ҳансираганча қари тошбақадай танасига бирлашиб кетган тош юкини кўз-қорачиғидай сақлаганча одимлаб борарди.

Тонгга яқин қўшни мамлакат чегарасига етай деганда кампир қаердандир келаётган машина овозини эшитди. Ўша онда унинг бор мадори тугаган, кўзлари ҳеч нимани фарқлай олмасди. Аммо болани манзилга етказиш учун бор кучини ишга солиб янада тезроқ одимлай бошлади. Ўзидан қуйилиб келаётган қора терни артишга ҳам вақт қизғаниб, юрагининг тўхтаб қолмаслигини сўраб ўтинарди.

Мана, ниҳоят, тиконли симлар кўринди. Баданини аччиқ тирнаб ўтувчи бу совуқ симлар момога чўт эмас, аммо атрофда изғиб юрган ҳарбийлар уни пайқаб қолса, шундоғ бурнининг тагидаги “омонликка” эришолмай нариги дунёга равона бўлиши аниқ. Шунда авлоди ҳам буткул қурийди.

Чегара симлари кўринганда кампир таваккал қилишни истамади. Елкасидаги таёқни ташлаб, егуликларини бир четга қолдирди. Халтани очиб болакайнинг бўрсилдоқ юзига яна бир бора қаради. «Ўғлининг ўзи, ҳали катта йигит бўлади, момосини дуо қилиб юради». Болакай эса ҳеч нимани эшитмас, дунё­даги миллиардлаб бегуноҳ гўдаклар каби пишиллаб ухлаб ётарди. Орқа тарафдан эса қуёш бош кўтариб келар, Бенгал кўрфази эса енгил шамол йўлларди. Кампир шошилиши керак. Бола ётган халтани ор­қасига олиб эмаклай бошлади. Шу кетишда у тўсиққача бир сония ҳам дам олмай борди. Орқа тарафдан машина чироқлари кўзга ташланар, чегара қоровулларининг овози эса яқин-яқиндан эшитиларди. Баланд ўсган қамишлар момони ўз бағрига босиб яширарди. Кампир тиконли симларга қўл ботирганда, Бирма осмонида қуёш пайдо бўлди.

Шунда! Шунда қуёш нурлари Бенгал кўрфазидан аксланиб бола кўзларига тушганда, болакай пишиллаб нафас олишдан тўхтади ва ҳали кўзларини очар-очмасдан роҳингия мусулмонларининг минглаб болажонлари каби башар аҳлига салом йўллади.

— Ассаламу алейкум!

Кампир шундан қўрққанди. Унинг саломини нафақат аскарлар, балки олис-олислардан нур сочувчи қуёш ҳам эшитгандай бўлди. Бенгал кўрфази кўпириб тўлғонгандай бўлди. Кампир юз тубан йиқилди. Мьянманинг жоҳил ва уйқусираб, зерикиб ўтирган чегарачилари улар ёнига чопиб келар экан, бола ширин тил билан бутун инсониятга, дунё тинчлигига давогар-у шу орқали роҳат-фароғатда яшаётганларга, дину миллатидан қатъи назар барча онгли инсонларга роҳингия мусулмон болаларининг умид ва ишонч, бокира ва мунис саломини йўлларди:

— Ассаламу алейкум!

— Ассаламу алейкум!

— Ассаламу алейкум!

[1] Мьянма давлатининг эски номи. Буюк Британияга вассал бўлган даврда номланган (1824—1948).

[2] Бангладешнинг Мьянма союз республикасига

чегарадош тумани.

 Жавлон Жовлиев

Муаллиф ҳақида:  Ж.Жовлиев — Қамаши туманида туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг санъатшунос-журналистика йўналишини бакалавр ва магистратура босқичини тамомлаган.

Ҳозирда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ишлайди. Ҳикоялари республика нашрларида чоп этилган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 − one =