“Ҳар кимки мени сўрса, саломимни дегил…”

Буюк тарихий шахсларнинг маънавий-руҳий таъсири асрлар оша авлодларга ўзини сездириб, билдириб туриши аён ҳақиқат. Улар мансуб халқлар, миллатлар ўз тақдирининг, энг муҳими, ҳал қилувчи паллаларида буюк аждодларидан кучли мадад олишлари-да, бор гап. Шу маънода, ўзбек халқини Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари забардаст инсонларнинг руҳий мададларисиз, бир лаҳза бўлсин, ёруғ истиқболли келажагини  тасаввур этиб бўлмайди. Бу улуғлар каҳкашонида, бундан 537 йил муқаддам чақнаган, бетимсол Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг мунаввар сиймоси ҳам чарақлаб турибди.

Бобур мирзо шахси ва қолдирган меросига, 130 йиллик истибдод остида қолган миллатимизнинг очиқ кўзли фарзандлари истиқлолни қўлга олгунга қадар ҳам, бот-бот мурожаат қилганлар. “Ўткан кунлар”даги Юсуфбек ҳожининг Ватан ҳимоясининг энг олд жабҳасида шаҳид бўлажак ўғли Отабекка қилган сўнгги дил изҳорида, Абдурауф Фитрат лирик қаҳрамонининг жаҳонгир аждодлар сағанаси пойидаги аччиқ даъватларида Бобур шавкатидан имдодлар янграйди. Халқи ёдини тиклай, деб тилидан айрилган Ойбек домла бедор тунларда ҳазрат Навоий билан бирга Мирзо Бобур руҳиятини қалбдан ҳис қилган бўлса, не тонг…

Ўтмиши ҳақидаги ҳақиқатлардан айро тутилган халқимизнинг Бобур сиймосини яқиндан идрок этишида, шубҳасиз, жафокаш адиб Пиримқул Қодировнинг хизматлари беқиёсдир. “Юлдузли тунлар” романи туфайли ёзувчи бошига тушган кўргуликлар, уни сиёсий басирликда айблаган каслар қилмишлари халқимиз ёдидан чиққан эмас. Шукрки, Чингиз Айтматовдек садоқатли дўстлар фидойилиги билан ҳам адиб, ҳам асар сақлаб қолинган эди.

Айни шу йиллари (1983 йил) ўзбекнинг яна бир элпарвар фарзанди Абдулла Орипов дилбар бобоси Бобур тимсолида номини тилга олиш мумкин бўлмаган жаҳонгирлар ёдига ҳам, уларнинг исломий эътиқодига ҳам ишоралар қилади:

Сиз зобит — дастини чўзган дунёга,

Сиз — шоир, мангу бир аланга ёққан.

Наинки бандалар, Сизнинг сиймога

Не-не салтанатлар кек билан боққан

 

Баҳодирлик ичра ёр Сизга Хумой,

Сиз улуғ зотларнинг изин босган эр.

Назмий саждагоҳда Сизга, ҳойнаҳой,

Имомликка ўтгай фақат Алишер…

Бобур изин босган улуғ зотлар олд қаторида, албаттаки, ҳазрат Темур сиймоси чўнг салобати билан намоён бўлади.

Кейинчалик ёзувчи Қамчибек Кенжа томонидан “бобурийлардан бири”, дея алқанадиган Зокиржон Машрабов эса ўша йиллари Андижон шаҳри марказида ҳаммага қўрқув солиб турган Ленин бошчилигидаги большевиклар тўдасига қўйилган улкан қора ҳайкал ёнидан кўнглига бир ёруғ ниятни тугиб ўтар эди: “Худо хоҳласа, бир кун келарки, шу ҳайкал ўрнида Андижоннинг чин ўғлони Бобур мирзонинг сиймоси қад ростлагай!”

Ниҳоят, ўтган асрнинг 80-йиллари охирида, шўролар мамлакатида “қайта қуриш” деган ҳаракат авж олиб, ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб турган пайт бузиб ташланаётган эски ҳайкалнинг камёб бўлган бронза металини кўздан пана жойга яшириб, кейинчалик Бобур мирзонинг муаззам ҳайкалини яратиш учун ишлатишга тақдим этган ҳам айни шу фидойи инсон эди.

Зокиржон ака умрини ўзи ихлос қўйган юртдоши Бобур мирзо ҳаёти ва ижодига доир маълумотларни, бадиий асар ва илмий тадқиқотларни бутун дунёдан топиб, бир жойга жамлашдек, машаққатли ишга бахш этаётгани бор гап. Энди бир тасаввур қилайлик: барча улуғларимизнинг мана шу Зокиржон устоздек жон чекарлари, тиним билмас, беминнат ихлосмандлари оёққа қалққанида юртдошларимизнинг бу улуғлар тўғрисидаги билим ва тасаввурлари қанчалар бойиган бўлар эди…

Халқимизнинг истеъдодли шоира қизи — Қутлибеканинг Хонзодабегим лафзидан айтган мана бу чақириқларида парчаланган мерос она ер — она Туркистонининг ХХ асрга келиб тушиб қолган ҳолидан безовта, бироқ истиқлолидан умидвор халқ руҳини сезган, ўзи-да шу руҳ ила кучлангани уфуриб туради:

Йўллар мунгдир — бораверинг, Бобуржон!

Йўллар тундир — бораверинг, Бобуржон!

Юрт тузай деб йўлга чиққан йигитга

Йўллар ўнгдир, бораверинг, Бобуржон!..

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг Бобур сиймосига ихлоси, унга бўлган эътиқод ва интилиши бир зум сусайган эмас. Бу кайфият шоирнинг “Баҳордан бир кун олдин” — Истиқлол арафаларида битган ҳам ўтли, ҳам армонли мис­раларида мана-ман деб бўртиб туради.

Маълумки, Бобур бобоси Амир Темур сингари ота юртида катта, мустаҳкам салтанат қурмоқни орзу қилди, шу йўлда бошига тушган жамики ғаму кулфатга дош берди. Лекин бу ният амалга ошмади. Ҳар қанча уринмасин, бошқа темурийзодаларни шу буюк тарихий юмушга бош қўшишга мунтазам даъват этмасин, барча интилиш­лари бекор кетди. Ахийри Кобулда тахт қурди, Ҳиндистонни забт этди, лекин ватанни — Андижону Самарқандни қайта топа олмади.

Бобосининг мана шу ҳолини, аччиқ қисматини ич-ичдан ҳис қилган Хуршид Даврон Ватан — Онаси дийдорига сўнгги бор тикилган мард ўғлон  ҳолатини бизнинг — 80-йиллар авлодининг ёдига мана бу тарзда муҳрлади:

“… Заҳириддин, бу қандай савдо,

Қора ҳижрат сари юз тутмоқ?

Юрагингни этар-ку адо —

Тирик туриб Ватандан кетмоқ?

 

Заҳириддин, ортга бир қара,

Ортга бир боқ, токи сен омон,

Ахир кейин тушларингда ҳам

Бу тупроқни кўрмоғинг гумон”.

 

От пишқириб тўхтар, чавандоз

Узангига тирар оёғин

Ва бўғзига тўплар беовоз

Вужудига тўлган титроғин.

 

Алам билан юраги урар,

Шивирлайди титроқ лаблари:

“Ҳамма ердан кўриниб турар

Самарқанднинг миноралари”.

Шоир Қадам Саидмуродов юқоридаги асарнинг бир мисраси (“Заҳириддин, ортга бир қара”) эпиграф қилиб олинган шеърида бу аламли видолашув саҳнасини охирига етказиб қўйгандек:

Олға-олға, армонлар, қани,

Зулм қилинг шу кеча отга.

Қараманглар, қараган — ғаним,

Кетолмаймиз, қарасак ортга…

Ҳаётнинг, тақдирнинг шафқатсизлигини қарангки, Бобур билан бирга “Ҳинд сори юзлонғон” бошқа ҳар қандай кишида, жумладан, аскардан тортиб ошпазгача она юртга — Андижонга қайтиш, Ватанга тўйиш имкони бор эди-ю подшоҳ Бобурда, қўлини чўзса ҳар қандай жойга етадиган чексиз имкониятлар эгасида, шу оддий имконият йўқ эди. Оддий аскар ва ошпазнинг қайтиши билан Бобуршоҳнинг қайтиши ўртасида жуда катта фарқ шу эдики — токи салтанатлар яшар экан, ҳеч қачон йўқолмайдиган буюк қутқу бош кўтараверади…

Токи мустабид тузумлар бўлар экан, Бобурдек шахсларнинг нафақат ўз даврида, балки кейин ҳам халқ ёдига қайтишига тўсқинлик қилиш давом этаверишини Муҳаммад Юсуф “Андижон” шеърида алам билан шундай ифодалаганди:

Қирқ йил чорла, гўрдан чиқмайди Бобур,

Чиқса ҳам бағрингга сиғмайди Бобур,

Ҳинду қучоғида ухлайди Бобур,

Нега йиғламайсан, аҳли Андижон?..

Яратганга шукрки, миллатимиз, мамлакатимиз 1991 йил — ҳазрат Навоий номи билан аталган йилда ўз истиқлолини қўлга киритди. Юртга, элнинг ёдига унинг жўмард фарзандлари қайта бошлади. Ўзбек ўзининг ким бўлганини, қандай улуғ аждодлар меросхўри эканини қайта анг­лашга киришди. Худди шу йиллари ХХ асрнинг энг ўктам ва ўлмас шоирларидан бири Шавкат Раҳмон “Бобурийлар” номли шеърининг бирор ўрнида улуғ аждоди исмини тилга олмай, миллат хотирасига қайтаётган барча мададкор сиймоларни шу ном остида ифодалади. Ва Сиз билан бизни ўзликни, миллатни англашдек масъулиятли ишга тайёр бўлишга, ҳаргиз ҳушёрликни йўқотмасликка, ҳақ-адолатга заха етказмай, юртдаги учинчи дарё бўлиб уйғоқ яшашга мангу даъват қилиб кетди:

Улар келар…

Наҳот эшитган,

наҳот, улар бўлган хабардор

икки дарё оралиғида

ҳақ-адолат топди деб қарор.

Биродарлар,

бўлинг эҳтиёт,

биродарлар,

йўлларга боқинг —

Тангри каби кекса очунда

сиз учинчи дарёдай оқинг.

Раҳмон Қўчқор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + one =