Соғлиқни сақлаш тизимида 60 фоиз кексалар: ёшлар қаерда?

Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги тиббиёт олий ўқув юртларида таълим олаётган сурхондарёлик ёшлар билан ташкил этилган навбатдаги учрашув пойтахтдаги тиббиёт ходимларини малакасини ошириш институти мажлислар залида бўлиб ўтди.

Тадбир жонли мулоқот тарзида кечганлиги талабаларга ўзгача кайфият улашди. Берилган саволларга вилоят ҳокимлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари атрофлича жавоб қайтаришди.

Бобохон Шукуров, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи:

— Албатта, бу ерда сизлар билан мажлисбозлик қилиш ниятимиз йўқ. Келинг, суҳбатимизни жонли мулоқот тарзида ўтказсак. Мана, сизлар пайтахтимиздаги нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олаяпсизлар. Бизни қизиқтиргани, нега ўқишни тугатиб, ўзингиз туғилиб ўсган юртга бориб ишлашни хоҳламайсиз? Вилоятимиз раҳбарияти сизлар учун барча шароитни яратиб беради.

Тўғрисини айтганда, ҳозирда вилоят тиббиёт соҳасида кадрлар етишмаслиги сезилиб қолди. Вилоят аҳолисининг саломатлигини сақлаш, доимий назоратга олиш, касаллик аломатларидан шикоят қилган беморни тинглаб, ўз вақтида  керакли муолажа қилиш масаласида нафақадаги фахрий шифокорларимиз ёрдамидан ҳам фойдаланаяпмиз.

Б.Шукуров айтганидек, расмий маълумотларга кўра, вилоятдаги тиббиёт муассасаларида ишлаётган шифокорларнинг 60 фоизини нафақадаги тиббиёт ходимлари ташкил этади. Ёшлар пойтахтимиз ва баъзи вилоятларда фаолият юритаётган тиббиёт олий ўқув юртларида таҳсил олар экан, ўқишни тугатгач, имкон қадар ўша жойда қолиб ишлашни исташаяпти. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Ўқишни тугатаётган ёшлар, аввало, яхши муҳитда, қолаверса, мустақил ҳаётга қадам қўйишда ўзини ўзи таъминлашни хоҳлайди. 6-босқич ва магистратура талабаларининг асосий қисми оила қурган, фарзандли ёшлар ҳисобланади.

Шундай экан, оилани  боқиш, бошпанали бўлиш, уларнинг биринчи галдаги орзуси.

Чори Бегимқулов, Сурхондарё вилоят ҳокими ўринбосари:

— Вилоятимизда тиббиёт соҳасини замонавий усулда барпо этиш ишлари жадаллик билан олиб борилаяпти. Энг ривожланган давлатлардан тиббий техник ускуналар, аниқ ва сифатли ташхис қўя оладиган жиҳозлар олиб келинмоқда. Энди бу жиҳозларда замон талаблари асосида таълим олган ёш кадрлар ишлаши керак. Сиз ўқишни тугатиб бизга мурожаат қилинг, албатта, иш билан таъминлаймиз. Агар қўшни вилоятлардан дўстларингиз бўлса, улар бизнинг вилоятда ишлашни хоҳлашса, уларга ҳам барча шароитни қилиб берамиз. Вилоят маркази ва туман марказларида янги, замонавий уй-жойлар қурилмоқда. Керак бўлса, уй билан ҳам таъминлаймиз.

Ушбу гап барча тадбир қат­нашчиларида бирдек қизиқиш уйғотди.

Акмал Ибрагимов, битирувчи:

— Ҳозир сизларни тинглаб,  бир савол туғилди, нега бошқа вилоятдан ишлаш учун борган ёш кадрга уй-жой берилади-ю, Сурхондарёда туғилган, Тошкентда ўқиб, ўз юртида ишлашни хоҳлаган ёш кадрга уй-жой берилмайди?

— Нега берилмасин? Давлатимиз ёшларни қўллаб-қувватлаш учун жуда кўп имтиёзлар яратди. Боринг, биз сизнинг имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жой олишингизга кўмак­лашамиз, — деди Ч.Бегимқулов.

Биргина Сурхондарё вилоятидан Тошкент тиббиёт академиясида 173 нафар, Тошкент педиатрия тиббиёт институтида эса 160 нафар талаба таҳсил олади. Агар уларга вилоятларда ҳам, худди Тошкентдаги каби, шарт-шароит яратилса, албатта, ота-онасининг, оиласининг бағрида яшаб, ишлашни исташади. Қолаверса, ўз туғилган юрти шаънини кўтариш, жамиятда фаровон турмуш тарзини шакллантиришда ўз ҳиссасини қўшади.

Тан олиб айтиш керак, тиббиёт ходимларининг бугунги маоши рўзғор тебратишга, оила боқишга етарли эмас. Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари вилоят молия  бўлимлари билан келишган ҳолда ёш кадрларни икки ставкали иш билан таъминлашни ваъда қилишаётган бўлса-да, бу айрим ташкилотларнинг ҳайдовчиси оладиган ойлик маошича бўлмайди.

Хориж тажрибасидан келиб чиқилса, марказлашган шаҳарларда пул топиш ҳам, уни сарфлаш ҳам осон, энг муҳими, кундалик айланма маблағ бор. Бюджет ташкилотларининг ойлиги ошиши билан бозорларда кўтариладиган нарх-навога қараб, хизмат кўрсатиш ҳақи ҳам ошиб бораверади.

Албатта, жонли мулоқот тарзида ўтган тадбирда иштирок этаётган талабаларнинг кўзларида келажакка ишонч, умид учқунлари порлагани сезилиб турди. Иштирокчи-талабаларнинг кўпчилиги ўз юртига бориб ишлаш ниятида эканини айтишди. Вилоятда қад ростлаган янги, замонавий усулдаги  қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларга ҳам сифатли ва замонавий тиббий ускуналарнинг кириб борганлиги, бу муассасада илм ўрганишга иштиёқманд, янги ускунада ишлай оладиган, соҳага янгилик олиб кирадиган ёш кадрларга, албатта, эҳтиёж туғилади.

Ҳозирча биргина Сурхондарё вилоятида тиббиёт соҳасида 3963 нафарга яқин шифокор етишмас экан. Бу қарийб 2,5 миллион аҳолиси бор вилоят учун етарлича муаммо туғдириши табиий ҳолат. Айниқса, кардиолог, эндокринолог, офтальмолог, онколог, травматолог, уролог, педиатр ва бошқа тиббий йўналишларда врачлар етишмаслиги аҳоли саломатлигини сақлашни тўлалигича қамраб олиш имконини бермайди. Айниқса, кейинги пайт­ларда ҳали медицинага номаълум бўлган, айрим касаллик турларининг пайдо бўлиши, уларни бартараф этишда замонавий фанлар асосида таълим олган ёшларга эҳтиёж катта эканлигини кўрсатади.

Яқин йилларгача вилоятнинг энг чекка тумани Узунда истиқомат қилаётган фуқаро юрак- қон-томир ёки ишемия ва шунга ўхшаш оғир кечадиган касаллик билан оғриганда даволаниш учун вилоят маркази —  Термиз шаҳрига боришига тўғри келарди. Ўртадаги масофа ҳисобга олинса, то етиб боргунча аҳволи нима кечишини ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Янгиланаётган Ўзбекистонда инвесторларнинг эркин фаолият юритишига яратилган шароит туфайли, ҳозирда Денов туманида барча қулайликларга эга тез тиббий ёрдам кўрсатиш маркази иш бошлагани аҳоли оғирини енгил қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Яна айтиш керакки, бу муаммолар биргина Сурхондарё вилоятига тегишли эмас, балки қолган барча вилоятларда ҳам мавжуд муаммолардир.

Шу ўринда яна бир фикрни айтиш керакки, ҳозирда ҳар бир врач бир кунда қанча кўп касал кўрса, яъни унга юклатилган юкламани ортиғи билан бажарса шунча кўп маош оларкан. Буниси ажабланарли, энди шифокор кўпроқ ойлик олиш учун ўз ҳудудида касални кўпайтириши керакми? Чет эл тажрибасида эса бутунлай бошқача, шифокор ўз ҳудудида касалланган беморлар сонини қанча камайтирса, шунча кўп маош белгиланади. Бу — адолатли ечим эмасми?

Айтиш жоизки, Тошкентдаги тиббиёт ходимлари малакасини ошириш институтида бўлажак шифокорлар — ёшлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқот ҳар томонлама манфаатли бўлди. Тадбир сўнггида иштирокчилар бир овоздан: “Термиз шаҳрида бўладиган учрашувда кўришгунча”, дейишди.

Юсуф Жўраев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + five =