Ўзбекистонда “кўз банки” ташкил этилиши мумкин

Кейинги йилларда давлатимиз хорижий давлатлар билан кўплаб соҳаларда, шу жумладан, тиббиёт соҳасида ҳам истиқболли, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда улкан иқтисодий ва илм-фан тараққиёти йўлидаги янгиликлар инновацион ғояларга асосланган ҳолда амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги кўмаги асосида Зулфия Мақсудованинг Тошкент шаҳридаги “Доктор Мақсудова Инновацион клиникаси”да АҚШнинг Флорида штати, Тампа шаҳрида жойлашган “Lions Eye Institute for Transplant and Research” клиникаси юқори малакали кўз микрожарроҳлари амалий-маҳорат дарси ўтказишди.

Маҳорат дарси кўз шоҳпардасини кўчириб ўтказиш, яъни транс­плантацияси бўйи­ча юқо­­ри малакали кўз микрожарроҳлар Кубал Ааруп Анант, Эркин Абдуллаев ва маркетинг инс­титути директори Курц Артур Курт томонидан амалга оширилди. Мутахассислар кўз шоҳпарда касаллиги билан узоқ йиллардан бери хасталанган 25 нафар ҳамюртимизга бепул тиббий маслаҳат берди, 4 нафар беморда эса ноёб микрожарроҳлик амалиёти ўтказилди, шунингдек, 4 нафар маҳаллий офтальможарроҳлар малака ошириб, махсус сертификат олди.

Ўзбекистон аҳолиси орасида кўз шоҳпардаси транспланта­циясига муҳтож бўлган беморлар сони йилига 1000 нафарга яқин бўлиб, уларга оператив даво муолажаси талаб этилади. Мамлакатимизда охирги 5 йил давомида атиги 108 тагина оператив муолажалар амалга оширилган. Мазкур муолажани амалга ошириш учун донордан олинадиган кўз шоҳпардаси хорижий давлатлардан харид қилинарди, беморлар операция ўтказиш учун узоқ муддат кутишларига ёки чет элга чиқиб даво топишларига тўғри келарди.

Эркин Абдуллаев, “Lions Eye Institute for Transplant and Research” шифохонасининг клиник ва инновацион ри­вожланиш бўйича бошқарувчиси:

— Мен 1993 йилгача академик В. Воҳидов номидаги Жарроҳлик илмий марказида кардиожарроҳ сифатида фаолият юритганман. АҚШда эса кўз шоҳпардаси транспланта­цияси соҳасида ишлай бошладим. Ана ўшанда бу соҳа нима учун океан ортида яхши ривож­ланган-у, бизда эса бу масалада муаммоларимиз борлиги ҳақида кўп ўйладим. 1999 йилдан бошлаб, махсус дастур бўйича, донорлик кўз шоҳпардаларини Америкадан юртимизга жўнатилишини йўлга қўйдик. Кўз шоҳпардаси ши­кастланган беморлар оғир касалликка чалинганлар гуруҳига киради. Уларни фақатгина кўз шоҳпардасини трансплантация қилиш билан даволаш мумкин. Бунда шикастланган кўз шоҳпардаси соғлом кўз шоҳпардаси билан алмаштирилади. Шоҳпарда бу кўзнинг ойнасидек гап.

Ўзбекистонда “кўз банки” бўлмагани сабабли ҳозирга қадар донорлик материалларини хориждан сотиб олишга тўғри келмоқда. Босқичма-босқич хорижлик кўз жарроҳлари Ўзбекистонга келиб, маҳаллий  жарроҳларни трансплантациянинг янги усуллари билан таништирганларидан кейин, бир йилда республика бўйича ўртача 25-30 та жарроҳлик амалиёти бажарилмоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистонда ҳозирги кунда 5000 нафар бемор шундай операцияга муҳтож. Ўтган йили Зулфия Мақсудова билан учрашиб, гап­лашганимиздан сўнг, опера­циялар сонини янада кўпайтириш йўлларини излай бошладик. У киши Ўзбекистонда “кўз банки” ташкил этиш истагини билдирди. Бу жуда муҳим ло­йиҳа. Кўз шоҳпардаси донорлари вафот этган кишилардир. Шу боис ҳам бунинг ҳуқуқий жиҳатлари муҳим аҳамият касб этади.

Одам тирик пайтида у вақти соати келиб, бандалик қилганидан кейин кўз шоҳпардасининг олинишига ёки вафот этганидан сўнг унинг қариндошларидан донорликка рухсат олиш тартиби ишлаб чиқилиши зарур. Бунда вафот этган донорнинг айрим касалликлар билан оғримагани ҳисобга олиниши шарт. Масалан, донорда сепсис ёки бошқа кўз касал­ликлари бўлмаслиги лозим. Кўз шоҳпардасидан қон томирлари ўтмагани боис, беморнинг қон гуруҳи аҳамиятга эга бўлмайди. Одатда бундай операциялар ҳамиша муваффақиятли ўтади. АҚШда мазкур жарроҳлик амалиётининг муваффақиятлилик даражаси 99,9 фоизни ташкил этади.

Донорлик бўйича қонун Ўзбекистонда ишлаб чиқилган бўлиб, тасдиқланиши мумкин. Бу ҳуқуқий-меъёрий ҳужжат ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланса, Ўзбекис­тонда минглаб одамлар учун жарроҳлик амалиёти бир неча баробарга арзонлашади. Кўз шоҳпардасининг донори бўлишга одам тириклик даврида ёки ўлганидан сўнг қариндош­лари томонидан розилик билдириши хорижий давлатларда бепулга амалга оширилади. Одамлар беморларга ёрдам беришларидан қаноатланадилар. Кўз шоҳпардадан олинганидан сўнг у презервация муҳити деб аталадиган минерал ва антибиотик воситалари билан бойитилган эритмага жойланади. Бу эритма кўз шоҳпардасининг ҳужайраларининг яшаши учун муҳит яратади. Шоҳпарда АҚШ қонунларига кўра, 2 ҳафтагача бўлган муҳлатда сақланиши мумкин.

Зулфия Мақсудова, ДМС клиникаси раҳбари:

— Ҳозирги кунда кўз шоҳпардаси трансплантацияси бўйича амалга ошириладиган жарроҳлик амалиётининг нархи 20-25 миллион сўмни ташкил этади. Агар биз Ўзбекистонда “кўз банк”ини ташкил этсак, у ҳолда бу операциянинг баҳоси бир неча баробарга арзонлашади. Ваҳоланки, ҳозирда бизнинг клиникамизда жарроҳлик амалиёти, бошқа шифохоналарга нисбатан, 40 фоизга арзон амалга оширилади. Бизнинг клиникамиз техник жиҳатдан бундай операциялар қилишга тайёр, энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган, жарроҳларимизнинг ҳам тажрибалари етарли.

Замонавий тиббий ёрдамни мамлакатимиздан ташқарига чиқмаган ҳолда кўрсатиш тиббиёт соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.  Беморларга яратилаётган имкониятларнинг кўпайиб бораётгани эса, албатта қувонтиради.

Феруза Бердиева.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 5 =