Ватанга садоқат туйғуси

Президентимизнинг 2019 йил 10 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Фармонига асосан Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ўтказилиб, ўқув даргоҳига Академия мақоми берилди.

Академия томонидан давлатимиз раҳбарининг 5 та муҳим ташаббусида белгилаб берилган — ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодларини юзага чиқариш, жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш, аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш, шунингдек, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича ҳам тизимли ишлар ташкиллаштирилмоқда.

Айнан мазкур ташаббуснинг амалдаги ижросини таъминлашда тизимли ўқитиш, тўгаракларга жалб этиш йўлга қўйилгани боис ёш курсантларимиз қатор танловлар, мусобақаларда муносиб қатнашиб, совринли ва фахрли натижаларга эришмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги  ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ўтказилган театр фестивалида Академияда ташкил этилган “Матонат”  театр  жамоаси “Арслон ҳамласи” номли спектаклини саҳнага олиб чиқди.  Саҳна асарида ижтимоий ҳаётимизда содир бўлаётган ҳодисалар, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ўз аксини топгани боис “Долзарб мавзунинг саҳнавий талқини учун” ҳамда “Энг яхши талабалар театр студияси раҳбари” номинациялари бўйича ғолибликни қўлга киритди. “Энг яхши эркак роли учун” номинацияси бўйича эса ҳаваскор ижрочилик  даражаси, драматик  қобилияти, характерни акс эттирувчи имконияти, нутқ маданиятини намоён эта олгани учун 3-босқич курсанти Санжар Баҳромов тақдирланди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Регби федерацияси томонидан  Ўзбекистон Рес­публикаси Қуролли Кучлар тизимида 2019 йилнинг 28 ноябрдан 4 декабрь кунига қадар «Регби-15» спорт тури бўйича ўтказилган очиқ чемпионатда  Академия курсантлари ушбу чемпионатдаги илк  иштирокига қарамай, «Энг яхши тартиб-интизомга эга жамоа» номинацияси кубоги билан тақдирланди.

Жорий йилнинг 12 январь куни эса Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташаббуси билан  Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган 10 километр масофага югуриш марафонида Академия курсантларидан таркиб топган терма жамоамиз вакиллари ҳам муносиб иштирок этди.

Албатта, давлатимиз раҳбари ташаб­буслари асносида бугун ҳарбийларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик туфайли ёшларнинг ушбу соҳага бўлган қизиқиши ва интилиши ортиб бормоқда. Таълим муассасаларида ўтказилаётган тадбирлар, ўз нав­батида, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ёш авлодда қатъий ҳаётий позиция, Ватанга садоқат туйғусини шакллантиришда ўрта мактабдан олий ўқув юртигача бўлган даврда ҳарбий таълим ва ватанпарварлик тарбияси бўйича яхлит тизим яратилган.

Дилшод Тохтамуратов,

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Академияси бошлиғи в.в.б., полковник.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × three =