Қўқон – “Жаҳон ҳунармандлар шаҳри”

Халқимиз азалдан ўз касбининг чинакам фидойиси бўлган моҳир ҳунармандларни “уста” ва “устазода” деган номлар билан улуғлаб, эъзозлаб келади.

Шу ўринда буюк мутафаккир Баҳоуддин Нақшбанд бобомизнинг “Ҳунар шундай тулпорки, унга минган киши албатта ҳурмат-эътибор топгай ва саодат манзилига етгай”, деган ҳикматли сўзларини эслаб ўтишни жоиз, деб биламан.

Келгуси йили таваллудининг 700 йиллиги нишонланадиган бу табаррук зот нафақат азиз-авлиё, аввало, ўзлари ҳам етук ҳунарманд, аҳли ҳунарнинг пири бўлганлар. Бу улуғ сиймонинг “Дилинг – Оллоҳда, қўлинг – меҳнатда бўлсин” деган эзгу даъватига амал қилиб, юртимиздаги минг-минг ҳунармандлар ўзларининг машаққатли, ҳалол меҳнати, инсоний фазилатлари билан халқимизга, ёшларимизга ибрат ва намуна бўлиб келмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 14 сентябрда

Қўқон шаҳрида Биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг

тантанали очилиш маросимидаги нутқидан.

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида ўтган биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали қизғин кечди.

Бунда Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлди.

Фестивалда дунёнинг 78 та давлатидан 370 дан зиёд моҳир ҳунарманд, таниқли маданият арбоблари, санъатшунос олимлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Халқаро ҳунармандчилик фестивалига мезбонлик қилган Қўқон шаҳри ўзининг нафис санъати, маш­ҳур ҳунармандчилик мактаби ва адабий муҳити, маърифат ва юксак маънавияти билан ном қозонган. Бу ерда яратилган санъат дурдоналари нафақат халқимизнинг, балки умумжаҳон мулкига айланиб улгурган.

Қўқон шаҳар марказидаги Худоёрхон Ўрдаси майдони фес­тиваль кунлари ҳар доимгидан гавжум бўлди. Меҳмонлар учун тарихий зиёратгоҳлар бўйлаб сайёҳатлар уюштирилди. Ҳунармандчилик ва миллий либослар кўргазмалари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар томошалари, китоб­лар, альбом ва фотосуратлар савдолари, аския ва қизиқчилар, фольклор ва дорбозлик жамоалари, полвонлар чиқишлари халқимизнинг асрлар мобайнида сайқалланиб келаётган қадриятларини бутун дунёга тараннум этди.

Фестиваль доирасида “Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати истиқболларига” бағишланган халқаро илмий-амалий конференцияда 26 мамлакатдан 36 нафар олим ва тад­қиқотчи иштирок этди. Конференция якунида “Халқ амалий санъати ва ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича Қўқон резолюцияси” имзоланди.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, ҳунармандчиликнинг пайдо бўлиши дунё цивилизацияси ривожида энг муҳим ва тарихий қадам экани яна бир карра исботини топди. Ҳунар барча халқлар ҳаётида муҳим ўрин эгаллагани боис ушбу тантана нафақат ўзбек халқи, балки бутун дунё санъат вакилларига илҳом берувчи манба бўлди, дея баралла айтиш мумкин.

Қўқон шаҳрига Жаҳон ҳунармандлар шаҳри мақоми берилиши ҳам ушбу амалий ҳаракатларнинг натижасидир. Ушбу унвон 2014 йилда таъсис этилиб, шу кунгача дунёдаги 36 шаҳар сазовор бўлган. Мустақил Давлатлар Ҳамдўст­лиги мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Қўқон шаҳрига берилгани, албатта, ҳар бир юртдошимиз қалбида чексиз фахр-ифтихор уйғотади.

Энг муҳими, фестиваль мезбону меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Буни улар билдираётган фикр-мулоҳазаларидан ҳам яққол кўриш мумкин.

Нарина Хачатурян,

Арманистон Республикаси таълим, фан, маданият ва спорт вазирининг ўринбосари:

— Бундай нуфузли анжуманлар, халқаро фестиваллар қўшни республикалар, узоқ-яқин хориж давлатлари билан дўстлик ришталарини боғлабгина қолмай, савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, туризм салоҳиятини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.

Ўзбекистон ҳақида ҳар гал тўлқинланиб гапираман. Меҳмондўст халқ, бетакрор об-ҳавоси, турли ноз-неъматлари қаторида ҳунармандчилиги, миллий қадриятларини ҳам алоҳида эътироф этаман. Кўп юртларда бўлганман, аммо сизнинг диёрингиз ва ширинсухан одамларингизга ўхшашини асло учратмаганман.

Акмал Мирзамуҳаммад,

ҳунарманд, Покистон:

— Қўқон шаҳрида ўтказилаётган Халқаро ҳунармандлар фестивалининг тантанали тадбирида иштирок этганимдан қувончларим чексиз. Бунақа жозибадор фестивални кўрмаганман. Миллий мақом қўшиқлари юрагимдан жой олди. Лапарлар ҳам ўзига хос ва менга жуда манзур бўлди. “Фарғона тонг отгунча” қўшиғини иштирокчилар биргаликда куйлаши эътиборимни тортди. Бу қўшиқ мамлакатингиз санъатининг миллий брендига айланиб улгурибди. Саҳна икки четида дастур якунига қадар моҳир усталар томонидан икки пешайвоннинг тез ва сифатли битирилишидан, тўғриси, лол қолдим.

Муҳайё Жўраева,

“Ҳунарманд” уюшмаси Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари:

— Биз ҳам ушбу фестивалда улуғ аждодларимиз, Сурхондарёнинг тарихий кўринишлари, вилоятимиз ҳунарманд­чилигининг ўзига хос жиҳатлари бўйича саҳна асарларини намойиш этамиз.

Халқаро ҳунармандлар фестивали доирасида кўрик-танлов ҳам ўтказилди. Унда ҳорижий давлатлардан келган ҳунармандлар ўзларининг 30 дан ортиқ йўналишдаги ижодий ишларини тақдим этди. Маҳаллий ва хорижий давлатлардан тузилган 7 нафардан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати холислик билан ғолибларни аниқлади. Саккизта номинация бўйича, жумладан: “Энг яхши ҳунарманд” номинацияси бўйича биринчи ўрин (7 000 доллар)ни Муҳаммадали Юнусов (Ўзбекистон), иккинчи ўрин (5 000 доллар)­га Суфион Катри (Ҳиндистон) сазовор бўлди, учинчи ўрин (3 000 доллар)га Алишер Нарзуллаев (Ўзбекистон) муносиб деб топилди. Шунингдек, “Энг ёш ҳунарманд”, “Энг яхши ҳунармандчилик мактаби устаси”, “Қадимий сулола давомчиси”, “Қадимий ҳунармандчилик турини тиклаган ҳунарманд”, “Энг фаол ҳунарманд” номинацияси ғолиблари ҳам аниқланди.

2021 йилда халқаро фестиваль иккинчи бор ўтказилишини маълум қилган тадбир ташкилотчилари фестивални юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга яқиндан ёрдам берган ЮНЕСКОнинг юқори мартабали вакилларига, Жаҳон ҳунармандлар кенгашининг Осиё-Тинч океани, Америка ва Африка минтақалари бўйича раҳбарларига, хорижий ва маҳаллий ҳунармандлар ҳамда барча ижодий жамоаларга миннатдорлик билдирди.

Меҳризода Ҳусанова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 + nineteen =