Гуллар шаҳрида — гуллар байрами

Наманганликларнинг гулга меҳри қонида бор. Хонадонига кирсангиз, томорқасининг чор атрофи гул билан ўралган, баҳри-дилингиз очилади. Шунданми, эл ичида Наманганни гуллар шаҳри деб аташади.

Бугунги Наманган кечаги эмас. Шаҳарга кираверишингиздан байрам шукуҳи, қаёққа қараманг, турфа, нафис ва бежирим гуллар кайфиятингизни кўтариб юборади. Бир дам дунё ташвишларини унутиб, гўзаллик мамлакатига тушиб қолгандек ҳис қиласиз ўзингизни. Йўлларда, қўлларда, дилларда гуллар барқ ураётгандек…

 

60-бор ўтказилаётган халқаро Гуллар фестивалининг моҳияти унга жалб этилган 150 нафардан зиёд гулчи-тадбиркор, 300 нафар боғбоннинг дилидаги орзу-умиди, истак-хоҳишларига уланиб кетган.

– Авваллари 2-3 сотихли майдонга гул экиб тирикчилик қилган бўлсак, эндиликда 400 дан ортиқ турдаги гулларни 20-30 сотих ерда ўстириб, ички бозорга етказиб беряпмиз, – дей­ди Зоҳида Усмонова. – Президентимизнинг ташаббуслари билан 2017 йилда мана шу истироҳат боғидан бизга сотиш учун ер ажратилди. 20 йилдан бери гулчилик билан шуғуллансам, бунақанги шароитларни мана энди кўряпмиз. Гуллар фестивали етиштираётган гулларимизга чет эллардан ҳам харидор, ҳамкорлар топиш, ўзаро тажриба алмашиш, янги гул навларини келтириб, иқлимимизга мослаштириш каби жуда катта имкониятлар бермоқда.

Ҳукумат чиқарган фармойишнинг туб мазмунини гулчи опамиз айтди-қўйди. Чиндан ҳам, мақсад фақат гулларни чиройли ясатиб, томоша қилишдангина иборат эмас. Наманган вилоятида гулчилик анъаналарини сақлаш, қайта тиклаш, соҳада илмий ўрганиш ва изланишларни амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, гулчилик тарихи, хориждаги гул навларини етиштириш тажрибасини ўрганиш, янги гулчилар авлодини етиштириш, шунингдек, сайёҳларни жалб этиш мақсадида ташкил этилди бу фес­тиваль.

— Гуллар байрами 1961 йилдан бери нишонланиб келинган бўлса, 2018 йилда халқаро мақомга эга бўлди, — дейди Наманган вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Аюбхон Бобомирзаев. – Юбилей санани нишонлашга жуда катта тайёргарлик кўрилди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги истироҳат боғининг ўзига 10 миллион, Наманган шаҳри бўйлаб эса 25 миллион тупдан ортиқ гул экилди. Бу тадбирни ёритиш учун 50 дан ортиқ хорижий ва маҳаллий ОАВ жалб қилинди. Бу байрам бизга туризм магнити ҳисобланади. Кеча, бир куннинг ўзида мингдан ортиқ хорижий, 15 мингдан ортиқ маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрди. Фестиваль доирасида 500 минг сайёҳни жалб этиш кўзда тутилган.

— Бундай кенг кўламли, маҳобатли байрам бизда Спартада ўтказилади, — дейди туркиялик инвестор Сезгинбей Эркен. – Наманганда гулчилик бўйича жуда катта тажриба, имконият бор экан. Бу ерга инвестиция киритиш ниятида келдим.

Байрамнинг биринчи куни 200 дан ортиқ транспорт воситасида Наманган шаҳри бўйлаб ўтказилган гуллар паради нафақат томошабинларга, балки соҳа мутахассислари, жумладан, хорижлик маҳоратли гулчилар, ландшафт дизайнерларига, ҳамма-ҳаммага чин маънода қувонч, шодлик улаша олди.

Шунингдек, дастур доирасида ҳунармандчилик буюмлари, китоблар, фотосуратлар, миллий либослар намойиши ҳам бўлиб ўтади.

Фестиваль 31 майга қадар давом этади. Ёпилиш маросимида гала концерт ташкил этилиб, “Энг яхши профессионал гулчи”, “Энг яхши корхона-ташкилот”, “Энг яхши туман” номинациялари ғолибларига “Lacetti” русумидаги автомобиллар ва қимматбаҳо совғалар топширилади.

Севара АЛИЖОНОВА,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 5 =