“Ипак йўли дурдонаси”
Юртбошимизнинг кино санъатига эътибори туфайли Тошкент яна халқаро кино анжумани ўтказиладиган шаҳарга айланди. Бундан 53 йил, ҳа, ярим асрдан кўпроқ вақт аввал, яъни 1968 йилда илк бор Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларидан саралаб олинган фильмлар намойиш этилган Тошкент халқаро фестивали кеча 28 сентябрдан қайта тикланиб, яна ўз фаолиятини бошлади. Пойтахтимиздаги Киночилар уйида “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кино фестивалининг тантанали очилишига бағишланган кеча бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ипак йўли дурдонаси” ХIII Тошкент халқаро кино фестивалининг очилиши билан машҳур актёр ва режиссёрлар, оператор ва рассомлар, продюсерлар, киношунос олимлар, таниқли маданият арбобларини самимий муборакбод этиб, фестиваль қатнашчиларига табрик йўллади. Табрикни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ўқиб эшиттирди.
… Дунёнинг қарийб 50 мамлакатидан 300 дан зиёд санъат усталари, жаҳон кино юлдузлари иштирок этаётган ушбу анжуман соҳадаги бугунги ривожланиш жараёнлари, ижодий изланиш ва тажрибаларни атрофлича таҳлил этиб, ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олишда ўзига хос мулоқот майдони, ёш ижодкорлар учун маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилади.
Аминманки, қайта тикланган, ўз тарихида янги саҳифа очаётган Тошкент халқаро кинофестивали замоннинг ўзи талаб қилаётган ана шундай юксак бадиий мезонлар руҳида ўтади.
Ишончим комил, XIII Тошкент халқаро кинофестивали кўпмиллатли Ўзбекистон халқи учун чинакам санъат байрамига айланиб, янги ном ва истеъдодларни кашф этади, киноижодкорлар ва кино ихлосмандлари хотирасида ёрқин таассуротлар қолдиради, деди Президент ўз табригида.
Ўз мухбиримиз.