Автобус машмашалари

— Орқа эшикни ҳам очиб юборгин, ўғлим, — баланд овозда қичқирди тушишга шайланган отахон.

Отахоннинг гапини эшитмади шекилли, ҳайдовчи бекатда тўхтамади.

— Ҳой, эшитмадингми? Нега бекатда тўхтамайсан?

— Аввалроқ тушишингизни айтинг-да, ота, — деди ҳайдовчи пинагини бузмай.

— Айтмаса тўхтатмайсанми, ахир сен ҳар бир бекатда тўхтатишинг керак-ку! Ё тавба, шунақасиям бўларканда! Вазифангни ҳалол бажармайсанми?

— Эй, ота, ҳозир ҳалол ишлайдиганнинг ўзи қолдими?..

“Бошидан ўтганни, қошидан ўтма”, деган мақол бор. Ёзнинг иссиқ кунларининг бирида Навоий кўчасидаги бекатда автобус кутаётгандим. Тушлик маҳали эмасми, орадан 25 дақиқа ўтди ҳамки, мен кутган автобусдан дарак бўлмади. Кутилмаганда «офатижон» автобус кўринди. Чиқишга шайланиб, энди юришимни биламан, секинлашиб келаётган автобус тезлигини оширди-ю ўтди, кетди. Миямга ғалати фикр келди. Тўғриси, жаҳлим чиқди. Такси тўхтатдим. Уч бекат ўтиб, унга етиб олдим-да, орқа эшикдан чиқиб, олд томонга юрдим.

Ҳайдовчи чамаси 50 ёшлардаги киши экан. Унга «Аввало узру, ака, нега икки бекат олдин тўхтамай ўтдингиз, ахир иссиқда бир соат кутгандим!» Ҳайдовчининг ўзи тажангмикин, асабига мендан бошқалар ҳам тегиб қўйганми, жаҳл билан: «Сенга ўхшаганлар кўп, қайси бирингга тўхтатай? Нима, бошқа автобус қуриб қолганми, келганига чиқавермайсанми?» — деди сансираб мендан ёш бўлишига қарамай. Мен ҳам гапдан қолишмадим: «Бекат-ку ахир, битта одам бўлсаям тўхтатишингиз керак!».  «Хоҳласам тўхтайман, нима қила олардинг!? Борган жойингга боравермайсанми, қўрқадиган жойим йўқ!» — деди кўзлари олайиб.

Кўпгина автобусларда чиптачилари бор, бекатларни эълон қилиб боришдан ташқари, ёшларни катталарга жой беришга ҳам ундайди. Бекатларни олдиндан айтиб боради. Баъзи автобусларда чиптачи бор, аммо олд эшикда туриб олиб чипта сотади. Йўлкирасини тўлаш учун йўловчилар олдинги эшикка боришга мажбур бўлади. Салонда шаҳарга илк марта келган ёки ногиронлиги бўлган кўзи ожиз, эшитиш тизими хаста кишилар бўлса борми, улар бир амаллаб то олдинги эшикка етиб боргунча автобус бекатда тураверади. Одамларнинг вақтини ўғирлаётгани уларнинг хаёлига ҳам келмайди.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда туризм соҳаси ривожланиб, хорижий сайёҳларнинг оқими кўпайиб бораётган бир пайтда, транспорт воситаларидаги ўзаро муносабатларни тартибга солиш, инсонийлик бурчимизни адо этиш вазифамиз бўлса, ҳайдовчи йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилиши шарт эканлигини унутмаслигимиз керак!

Тан олиш керак, ҳайдовчилар ва чиптачилар орасида инсофли, диёнатли, йўловчиларни ҳурмат қиладиганлари бисёр. Аммо эрталабки ёки кечки пайт кимўзарга пойга қўйиш, бир-бирининг йўлини тўсиш, кабинадан бошини чиқариб ўз йўналишидаги касбдоши билан бақиришиб гаплашишлар йўловчиларнинг асабига тегиб, эътирозларга сабаб бўлади, албатта.

— Йигирма йилдан буён йўловчиларни манзилига соғ-саломат етказишдек масъулиятли касбда фаолият кўрсатиб келаман, — дей­ди 5-автосаройга қарашли Қўйлиқ-ТТЗ йўналишида қатновчи 110-автобус ҳайдовчиси Решат Қурбонов. — Илк фаолиятимни бош­лаган йилларим эди. Автобусни йўлда бироз шошиб бош­қардим шекилли, бир йўловчи салон ичида қалқиб йиқилган. Аммо жароҳат олмади. Тўхтаб у одамдан кечирим сўрадим. Бу менга дарс бўлди, бошқа бу хатони такрорламадим.

Айни пайтда, узоғимизни яқин қилиш учун хизмат қилаётган жамоат транспортларининг сон жиҳатидан кўплиги яхши. Лекин уларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиши, касбий этикаси ва маданияти талаб даражасида деб бўлмайди. Жамоат транспорти ҳайдовчиларининг баъзилари бозорлар атрофидаги пиёдалар ўтиш жойида тўхтамай ўтади, баъзан ҳайдовчилар йўловчи талашиб, бир бири билан жанжаллашади, ёинки чиптачиларнинг муомала маданиятидан одамнинг дили ранжийди.

Яна шуни айтиш жоизки, яқин ўтган даврларда жамоат транспортида ибратли ва хайрли имтиёзлар ҳам бор эди-ки, у келажагимиз бўлган болаларга берилган эди. 12 ёшгача бўлган болалар, айниқса, ўқувчилар барча турдаги автоуловлардан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга эдилар. Айни пайтда, соҳа мутасаддилари ушбу имтиёзни тикласалар, ёш авлодга бўлган ғамхўрликнинг яна бир намунаси бўлармиди?!

Афсуски, кейинги пайтларда соҳада фаолият юритиб келаётган кўплаб ҳайдовчилар, чипта сотувчиларда касбий масъулият, ўз ишига нисбатан фаоллик ва тартиб-интизомга одатланиш каби ижобий ҳолатлар кам кузатилмоқда. Бундай муаммо ва камчи­ликларни бартараф этишда, мазкур соҳага йўналтирилган ташкилот вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари жамоатчилик назоратини амалга оширсалар, албатта, тизимда ўзгаришлар яққол кўзга ташланиши шубҳасиз.

Энг муҳими, жамоат транспортига ким чиқишидан қатъи назар, салонга чиқиши билан йўловчига айланади. Уларни манзилларига соғ-саломат, осойишта етказиб бориш эса ҳайдовчининг вазифасидир.

Шундай экан, ҳар бир ҳайдовчи ўзи ва йўловчилар учун йўл қоидаларига, хавфсизлик талабларига, муомала маданиятига ва одобига тўла риоя этишлари лозим. Лоқайд­лик, бепарволик салбий оқибатга, кўнгилсизликлар, қолаверса,  инсон саломатлигига зарар етказадиган омилларга сабаб бўлади.

Марям Аҳмедова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + 17 =