Ҳаммаси оналар ҳақида

Эртадан кечгача ёш бола билан уйда ёлғиз қолиш машаққатини ким билади: Она.

Бемор боласининг бошида тонг­гача эмас, керак бўлса ойлаб бедор бўладиган ҳам: Она.

Бир қадам босиб-босолмай, бир гапини гапириб-гапиролмай эмаклаётган, ғудранаётган болага термулиб бор азобини унутиб юборадиган ҳам: Она.

Муқаддас китоблар, ривоятларда, афсона-ю эртакларда, борлиқнинг у хоҳ оғзаки, хоҳ ёзма адабиёти бўлсин Она улуғланади.

Болалигингизда қандай болакай бўлгансиз, деб истаган одамингиздан сўранг. Тезда лабининг таноби қочади: яйраб кулади, елкалари силкиниб мириқади, роҳатланиб завқланади. Ва шўхликларини айтиб чарчамайди. Сизнинг ҳам ўзининг кайфиятини кўтаради. Одамнинг қалб қулфига энг зўр калит, менимча – болалик бўлса керак. Шўх бўлмаган бола йўқ. Кимдир сал чегарадан чиқар, кимдир сал босиқроқ бўлар лекин барибир “безори” бўлган. Мана шу безориликлару шўхликлардан жони томоғига келган, юраги гоҳ товонига довур тушган, гоҳ кўзлари катта-катта бўлиб ҳайратланган бир зот бор у ҳам – Онадир. Бизнинг илк бор кўз очиб кўрган муборак инсонимиз-да  – Она.

Оналар ҳақида кўп ва хўб айтилганидан хабардорсиз. Шеърларни, достонларни мириқиб ўқигансиз. Гоҳ дод солиб йиғлаб, гоҳи кулгансиз. Гоҳида зилдай оғир ўйларга ҳам боргансиз.

Китобий ва ҳаётий гапларни яна давом этказиб  сизнинг вақтингизни олмоқчи эмасмиз.

Яқинда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида “Онажон – Каъбам ўзинг” деган номда ажойиб бир китоб нашр этилди. Ўша китобдаги барча ҳикоялар оналарга бағишланган. Ўзбек оналарига аталган ажойиб битиклар десак ҳам бўлади. Фарзандларининг оналарига айтиб айтолмаган қалб битикларини ўқисангиз бир хулосага келишингиз тайин: Дунёда онадан буюк яна ким бор?! Наҳотки, онанинг юраги шунча кенг бўлса.

Мухтасар тилагимиз, айтмоқчи бўлган сўзимиз шуки азиз муштарий, ушбу   китобни, кеч бўлмасдан, албатта топиб ўқинг. Онангиз ҳаёт бўлса, боринг, яхши кўришингизни айтинг, агар дунёдан ўтган бўлса, дуои фотиҳа қилиб қўйинг.

Санжар Турсунов

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 7 =