Қўрқувни қачон енгамиз?..

Баҳор. Тун. Осмон қора тортган, тим қора булутларни ёриб, яшин чақнайди, гумбурлаб момақалдироқ чақяпти… Қадимдан одамлар табиатнинг бундай ҳодисасидан ваҳимага тушишган. Қўрқишган. Аммо вақт ўтиб, кўникма ҳосил қилишгач, қўрқмайдиган бўлишган. Лекин осмоннинг гумбурлаши барибир ваҳимали…

Жамиятимизда одамларни қийнаб келаётган муаммолар кўп. Аввало, уларнинг сабаби ва оқибатларини англаб етмаганликлари, тушунмаганликлари учун одамлар муаммолардан чўчишади, масала ечимини излашдан кўра, осонроқ йўлни  излаб топишади. Нега, ҳали-ҳамон амалдорлардан, “вазият эгаси” бўлганлардан қўрқишади? Оқибатда бу қўрқув уларга ўз ҳуқуқларини талаб қилишга йўл бермайди. Бу ерда яна бир муаммо бордек, яъни уларни ҳеч ким ҳимоя қилмаслигини, доимо “оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг боласи сўзлаши”ни билишади…

Аксарият ҳолатларда эса аҳолининг “ҳуқуқий саводхон”лиги етишмаслиги боис, ким нима деса ҳақиқат деб тушуниш кўр-кўрона амал қилиш қўрқув сари етаклайди. Унга эргашади. Аммо кеч бўлса ҳам хато қилганини англашади. Кейин ҳукуматдан, давлатдан норози бўлиб, “дод-вой” қилишади. “Раҳбарлар ҳуқуқимни топтаяпти”, — дей­ди…

Шу ўринда, одамни ўйлантирадиган муаммолар ҳам кам эмас, баъзан ўйлаб қоламан: “Қонунларимиз нега оддий одамлар тушунмайдиган қилиб ёзиларкан?..” Балки шундан улар ўз ҳуқуқини билишмас?.. Балки, қадимдан қонунлар  фақат бой ва арбоблар учун фойда келтирганидан одамлар уларни билишга қизиқишмас?..

Ачинарлиси, бунинг оқибатида порахўрлик авж олади. Ишини битказаман деб одамлар пул тиқиштиришни ўрганишади. Аммо “Камбағални туя устида ҳам ит қопади”, мақоли бежиз айтилмагандир… Қадимда ҳам туялар, келиб-келиб камбағални тепиб кетар экан… Ҳа шундай, оқибатда барибир оддий одамлар “айбдор” бўлиб қолаверади. Энг ёмони, гарчи динимизда ҳаром қилинган бўлса-да, порага, замонавий қилиб айтганда — “коррупция”га йўл очилганидир.

Поранинг варианти оддий: берилади, олинади. Ҳадиси шарифда берган ҳам, олган ҳам баб-баробар гуноҳкорлиги ҳақида аниқ-тиниқ ёзилган… Аммо шу пайтгача, пора камаймаган, пора замонавийлашиб, турланиб-тусланиб, болалаб келаяпти. Бугун коррупцияни батамом бартараф этиш ўрнига, мутахассислар уни таснифлашга киришишди. Коррупцияга қарши турли тадбирлар, конференциялар, танловлар… эҳ-ҳэ, яна бир қанча йиғилишлар ўтказилаяпти. Муҳими, юртимизда бу балога қарши жиддий кураш бош­ланганини дунё эътироф этяпти.

Бунинг устига, одамлар айбдор бўлишдан қўрқибми, жазодан қутулиб, иши осонроқ битишини, муаммолари бартараф бўлишини ис­табми яна пора беришади. Коррупция бўйича замонавий “нақллар” ҳам чиққан —  “Олмайдигани бўлмайди, беришни билмайдигани бўлади!”

Энг қизиғи, порахўрлик, коррупция — миллат, элат танламас экан. Яқинда бир маълумотни ўқиб қолдим. Европада даромад келтирган медиалойиҳалар танлови ўтказилар экан. Ана шундай танлов номинацияларининг бирида Би-Би-Си ижодкорлари томонидан тайёрланган “Жаннат ҳужжатлари”, деб номланган телелойиҳа ғолиб бўлибди.  Бир ҳафта давомида эфирда кетиши мўлжалланган туркум ҳужжатли фильмларда амалдорлар ва бой одамлар қандай қилиб даромадларини солиқлардан яшириш­лари тасвирга олинган. “Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич!..”, “Ҳалол бўлмаса — минг бир усул билан ноқонуний даромадингни яшир!” — деганими бу? Ҳа, коррупция Ғарб давлатларида ҳам урчиб, балодай болалаб кетган экан. Ҳамма гап уларнинг журналистлари қўрқмай(!) порахўрларнинг башарасини қандай бўлса шундайлигича оммага тақдим этишида! Халқнинг пулини ўзлаштирганлар омманинг кўз ўнгида шарманда бўлади. Ва албатта, жазоланади. Британиялик ижодкорларга бу борада журналистик текширув олиб бориш бўйича жамоат ташкилоти кўмак берибди. Жамоатчилик назорати катта куч, шунчалик кучли… Бизда-чи…

Юртимизда ҳам сўнгги йилларда йирик амалдорлар кирдикорларини фош қиладиган мақолалар чоп этил­япти, прокуратура хулосаси ёки олий суд қароридан кейин бўлса ҳам, масалалар тугуни монополистларимизнинг манфаатларига рўбарў келаётган бўлса-да, ечимини топаяпти. Кўриниб турибдики, барибир олдиндан ошкор қилишга ҳамон ҚЎРҚУВ БОР! Ички “цензура” бор.

…Журналистларда ўз хавфсизлигидан хавотир бор. Уларнинг коррупция ҳолати, сабаби, оқибати, турларидан ҳам хабари бор. Аммо… Бу жараёнга эҳтиёт бўлиб ёндашади.  Тўғриси,  журналистлар дахлсизлиги муаммоси бугунги кунда  ўз ечимини кутаётган долзарб масаладир.

Энди одамлар тун, осмон, тим қора булутларни ёриб чиқаётган чақинлардан, момақалдироқлардан қўрқишмайди, бу табиий ҳодиса эканини билишади. Аммо жамиятда ножўя қадам қўйишдан қўрқишади. Тўғри йўлда ҳам қоқилиб кетишдан қўрқишади… Амалдаги қонунлар барча учун бирдек ишласа, балки бу қўрқув барҳам топар…

Юлдуз Ортиқова,

ЎзЖОКУ ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 2 =