Таҳлил майдони керак…ми?

Ҳозир ахборот асрида яшаётганимиз ва ахборот билан таъминлаш ҳамда таъминланиш манбалари жуда кўпайиб кетаётгани ҳақида етарлича гапирилмоқда. Бу эътирофлар айни ҳақиқат эканини тасдиқлаш учун ке­йинги бир йилда фейсбуг, инстаграм сингари ижтимоий тармоқларнинг маърифат дунё­сида қанчалик фаоллашганини ва айрим блогерлар “эришган муваффақиятлар”ни кўз олдимизга келтириш кифоя. Тўғри, янги хабар зшитганимиз (ёки ўқиганимиз)да таъсирланамиз, бироқ эҳтиёжнинг бир тарафи қондирилмайди: нимага бундоқ бўлибди, деган саволга жавоб йўқ.

Бунга ахборот маконининг имконияти чекланган, жой тор, вақт зиқ. Нима бўлганда ҳам янги ахборот олганимизда кўпинча: “Нега, наҳотки, оқибати нима бўлади?” сингари бўғизда қотиб қолган саволларга жавоб топиш қийин  ёки умуман мумкин бўлмайди. Гўёки кимдир хас капага ўт қўйиб қочди-ю, изини қумга солиб кетди. Ҳолбуки, қизиққон табиатли инсон ҳаммасига жавоб олишни истайди. Ана шу зарурий хизматни ОАВнинг бошқа бир баҳодир кўриниши – ЖУРНАЛлар бажариши лозим. Бу соҳа тарихига назар солинганда ҳам газетада бирор шов-шувли хабар берилгач, “Шарҳини журналимизда ўқийсиз” сингари изоҳ — эслатма илова қилинганини кўрамиз.

Шу нуқтаи назардан республикамизда нашр этилаётган журналларнинг айримларини кўздан кечиришга тўғри келди. Қўйилган вазифа – айни шиддаткор давримизда ижтимоий ҳаётда рўй бераётган ўзгаришларга журналларда чуқур таҳлилга асосланган мақолалар бериб борилаяптими? Ёки камдан-кам учрайдиган бўлса-да, баъзи салбий ҳолатларнинг илдизи очиб берилаяптими тарзидаги саволларга жавоб топиш эди.

Аввал бошдан ёруғ кайфият билан узоқ тарихга эга бўлган ёки ташкил этилганига энди 4-5 йил тўлган бу турнинг нашрлари жуда улкан ижобий ўзгаришларга эришганини таъкидлашга бурчлимиз. Баъзи журналлар (олайлик, “Маънавий ҳаёт” ёки “Гулистон”) шундай безатилганки, уларни томоша қилиб тўймайсан киши. Шунда юртимизда полиграфия саноати дунёдаги энг илғор мамлакатлар қаторига чиқиб олганига тан берасан. Асосийси – мавзулар эса “баҳолиқудрат” дегандек, бугуннинг шукуҳидан келиб чиқиб ёритилган.

Агар гап журналхонларни бефарқ қолдирмайдиган, оддий қилиб айтганда, излаб топиб ўқиладиган мақолалар берилгани ҳақида кетганда, дастлаб “Жаҳон адабиёти” журналини эътироф этиш лозим. Муаллифи – Бош муҳаррир Аҳмаджон Мелибоев бўлган журналнинг ўтган йилги сонларида ўнга яқин долзарб мавзулардаги чиқишлар амалга оширилган. Яхши-да, ҳам журналнинг бугунги кун билан ҳамқадамлиги, ҳам ҳозиржавоблик, ҳам бурч ижроси таъминланган. Эътибор беринг, “Фикр – фаҳмлаш ибтидоси”, “Тарих уммонидан қатралар”, “Сувда оқиб келаётган пўс­тин”, “Дадангмасман, Неъмат акангман”, “Халқаро валюта жамғармаси: ким келди-ю, ким кетди?” сингари мақолаларнинг сарлавҳасиёқ нима тўғрисида гап кетаётганини кўрсатиб турибди. Уларнинг долзарблигини изоҳлаш ортиқча. Албатта, мақолалар кузатувчан ва тажрибали муаллиф томонидан ёзилган, далилларга бой.

Агар шу мезон билан бошқа журналларга назар ташласак, бундай фаоллик ва ҳозиржавоблик кўзга ташланмайди. Тўғри, “Тафаккур”, “Саодат” журналлари ўз анъанасига эга, шакл­ланган, салмоқли нашрлар, бироқ уларда масаланинг кўпроқ илмий-назарий томонларига эътиборни қаратиш, унча ҳам кўпчилик тушунавермайдиган услубда фикр юритиш ёки эришилган муваффақиятлардан ўта  даражада мамнунлик ҳисси бўртиб туради, бироқ ахборот олами бўҳрон солиб турганда, унинг осмонида чарх уриб турган чин хабарлар билан ёлғон-яшиқ ёки уйдирма хабарларга ҳам муносабат билдириш заруратидан келиб чиқилса, журналларнинг бу масалада бетараф бўлиши маъқул ёндашув эмас. Ахир кўп миллионли аҳоли тўғри, ҳақиқий ахборотни қаердан олади, воқеалар моҳиятини қандай тушунади?

Умуман, ахборт оламида таҳлилнинг ўрни катта. Қолаверса, “умри бир кунлик” бўлган газеталар ҳам таҳлил орқали умрбоқийликка ноил бўладилар. Агар ахборотнинг ўқирман онгига таъсирини кузатсак, у қабул қилувчига худди чўғдек ёки отилган найзадек таъсир қилади.  Баъзан шу таъсир бирданига акс-таъсирга ҳам олиб боради: яқин кишисининг фожиасини эшитган одам ўзини сувга ташлаш ёки заҳарлаш фикрига тушиб қолиши мумкин. Мабодо унга воқеанинг сабаби аниқ бўлса, хабарни сокин қабул қилади. Шунинг учун ахборотнинг таҳлили мулоҳазага олиб боради, мулоҳаза юритила бош­ландими, одам ҳовридан тушиб, ақлга қулоқ тутади. Агар нуқул ваҳимали ахборот оламида яшайдиган одам ўз хатти-ҳаракатини баҳолай олмай, шошма-шошарлик билан қарорлар қабул қилса, таҳлил кишини мулоҳаза билан иш юритишга ўргатади. Бу ҳолни ҳозирги ёшлар ҳаёти мисолида аниқ кўриш мумкин. Ҳар қандай масалада биринчи таассурот қуршовида бўлиш туфайли оқибатини ўйламай, ажралишга шошишади ёки қандай тавқи-лаънатга қолишини билмай, отасига қўл кўтаради. Ҳолбуки, ақлга қулоқ тутишса, ўз қилиқларининг оқибатини тасаввур қилган ва шошмаган бўлишарди. Бир пайтлар Герцен  эркаклардан тортинмай, ярим яланғоч ҳолда жавдар ўраётган аёлларни кўриб: “Бундай беҳаёлик учун адабиёт айбдор” деган экан. Демак, ярим ҳазил, ярим чин маъносида айтиш мумкинки, ёшларнинг  чуқур ўйламай қарорлар қабул қилишида ҳам журналлар айбдор. Ҳар қандай одам қилиғининг оқибатини ўйлаб иш тутса, кутилмаган фожиалар содир бўлмайди (бунинг учун кўпроқ журнал ва газета ўқиш керак!).

Журналлар фаолиятида иккинчи энг ачинарли ҳолат уларнинг адади кескин камайиб кетганида.  Олайлик, “Ёшлик” журнали бир йил олдин 4235 нусхагача чоп этилган бўлса, ўтган йилнинг  охирида 1250 тага тушиб қолган. “Саодат”да ҳам шундай антирекорд кузатилади – агар 2018 йилнинг бошида  5271 дона чоп этилган  бўлса, ўтган йилги 8-жилди 2449 та босилган.  Бундай ҳолни бошқа нашрларда ҳам кузатиш мумкин. Ўйлантирадиган ҳолат: ҳар бир журнални тайёрлаш учун қанчалик меҳнат сарф бўлиши кўриниб турибди, улар яхши ният билан миллионлаб (!) кишиларнинг қўлига етиб боришига мўлжалланган. Ҳолбуки, уларнинг адади ҳатто республикадаги мактаблар сонича ҳам эмас. Оддий мулоҳаза: ана шундай нодир маънавият хазинаси, билим манбаи ҳисоб­ланган журналлар нега ўқув юртларига етиб бормаяпти? Келажагимиз эгалари бўлган ёш авлод бўш вақтларида нималарни ўқишаяпти? Уларнинг баркамол улғайиши учун зарур бўлган омиллардан бири – вақтли матбуот билан танишиб бориши тўғри йўлга қўйилганми?

Журналларнинг бундай юпун аҳволга келиб қолиши жамиятни безовта қиладиган далиллардан бири. Шу ўринда  соҳа мутасаддиларига қатъий эътирозлар туғилиши табиий. Биз иқтисодий соҳадаги ютуқлар билан ҳақли равишда мақтанаяпмиз. Аммо кичкина силжиш ҳам ўз-ўзидан бўлиб қолмаслиги аниқ. Масалан, бир неча миллион долларлик комбинат қурган, юзлаб иш ўринлари яратган тадбиркор бунинг учун қанчалик заҳмат чекканини, тоғдек тўсиқларни енгиб ўтганини кўз олдимизга келтирайлик. Энди ўз-ўзидан савол туғилади: журнал мутасаддиларида шундай фидойилик бўлганми?  Масалан, ўз маҳсулотларининг заруриятини керакли жойларга тушунтира олганларми? Бозор иқтисодиёти шароитида биров бош­­қа киши учун ишламайди, ҳамма ўз вазифаси учун жавобгар. Балки, “Ўзлари чақириб олишади” қабилидаги иззатталабликлардан воз кечиб, тадбиркор ёки ишбилармоннинг шижоати билан иш юритиш керакдир. Ахир газета-журналлар  халқимизнинг бойлиги, у неча йиллар давомида шаклланган ва уни ҳеч кимнинг йўқ қилиб ташлашга ҳаққи йўқ. Масалан, “Шарқ юлдузи” журнали тўқсон йилдирки, миллий адабиётимиз билан бақамти яшаб келаяпти. Унда бўй кўрсатмаган биронта қаламкаш бўлмаса керак. Унинг саҳифаларида энг қадимги маданиятимиздан шу кунларгача ўтган иссиқ-совуқ, яхши-ёмон маънавий жараён муҳрланган. Журнал адабий оламимизнинг чинакам қомуси. Айни пайтда у чиқмай қолиш хавфида. Қолаверса, жаҳон матбуот тарихи оддий бир ҳақиқатни тасдиқлаган: омма­вий ахборот воситалари мамлакат тараққиётида темир йўл ёки кон саноатидан кам фойда келтирмайди! Жамият аъзоларининг маънавий камолоти нечоғли зарур бўлса, бу соҳага ҳам шунча эҳтиёж бор.

Мамлакатимизда юксак кўтарилиш ва улкан марраларни забт этиш шижоати ҳукмрон. Бундай олижаноб мақсадга барча соҳа кишилари баравар ҳисса қўшишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу йилнинг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб аталишида ижтимоий ҳаётнинг икки қанотини баравар ривожлантириш нияти мужассам. Ана шу йўлда қаламкашлар ҳам камарбаста. Айниқса, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган марралар ҳар бир фуқародан ўта фаолликни талаб қилади. Мурожаатнома билан танишган  ватан­дошларимизнинг  қалбида иқтисодий жиҳатдан қандай қудратли мамлакатда яшаётганимиздан, юксак марраларни кўзлаётганимиздан  фахрланиш туйғуси жўшиб кетади. Хусусан, 5,5 минг хотин-қизнинг кичик бизнеси учун 100 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилиши; 1576 хотин-қизнинг янги уй-жойларга эга бўлиши учун бош­ланғич бадални бюджет қисобидан тўлаб берилиши юксак инсонпарварлик намуна­сидир. Шунингдек, 32 теннис корти қурилиши учун салкам 500 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилиши, 281 та тиббиёт муассасасининг қурилиш ва таъмирланиши  учун бюджетдан 1,1 триллион сўм сарфланишининг кўзда тутилиши юртимиз нечоғли юксак мақсадлар билан яшаётганини кўрсатиб турибди. Албатта, ана шундай оламшумул вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилишида ОАВ ходимлари ҳам муносиб ҳиссаларини қўшадилар, журналларимиз саҳифаларида эса буюк қурилиш­ларни акс эттирадиган жозибали суратлар жой олиб, улар миллионлаб одамлар қалбига қувонч ва улуғворлик улашади.

Ҳаким Сатторий,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бадиий

публицистика кенгаши аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × one =