Шарқона одоб, ғарбона кулги…

Нафсонияти ўлмаган одам – маънавияти бутун одам. Нафсонияти ўлмаган миллат – маънавиятли миллат! Шундай экан, миллатнинг нафсонияти билан ҳазиллашмаслик керак!

Эшмат Тошматга деди:

— Тошмат сизни ўхшатдим.

— Нимага?

— Йиртиқ ковушга…

— Хўш, йиртиқ ковуш бўлсам, нима қиласиз?

— Орқангизни олиб-ташлаб, шиппак қилиб кияман…

Қизиқчи халқ характерини, тарихини ва турмуш тарзини мукаммал билиши керак. Негаки, у образни, воқеликни ва тилни халқдан оларкан, ҳеч шубҳасиз, бир ноўрин гап сабаб, ўзи кулги ўқига нишон бўлиши тайин.

Аскиячилик, кулги кечалари, пайровлар айнан маҳалла гузарларида ўтказилишининг сабаблариям унинг хал­қоналигида. Халқ­нинг ўй-кечинмалари нозик пардаларда тараннум этилгани боис ундаги иборалар тез тилга тушади. Ҳожибой Тожибоевнинг “Борма куясан, қоч куясан”, “Демак, чуқурроқ ҳайдамагансан”, “Ошда кўринмадинг”, “Олишиб ўтиринглар”, “Майли, қуруқ кетма, битта савол бераман”, “Ўтириб борарсизлар”, “Ҳеч бўлмаса, музқаймоқ еб қайтиб келишсаям майли, эди” сингари иборалари халқ тилидан ҳам, дилидан ҳам чуқур жой эгаллаган. Бироқ тўмтоқ, тушунарсиз ҳазил дилни яралаши ҳам тайин.

Боланинг онгини қаранг!

… Бозор ёнидаги бекатда турибман: нари-бери ўтган-кетган кўп. Йўлак ёнида чамаси ўн олти-ўн етти ёшлардаги тўрт-беш ўспириннинг жағи тинмайди:

— Ўҳ-ҳў, — деди биттаси. — Юпкангиз бунча калта? Қолганлари давом эттирди:

— Юришга қулай.

— Югуришга қулай.

— Қулай…

Улар хандон отиб кулишди. Нега? Уларнинг кулгуси тагида на маъно бор, на мантиқ. Лекин кўча “мантиғи”га таянсак, ғиж-ғиж маъно борлигини фаҳмлаймиз.

Бундан бир неча йиллар илгари халқ ичидан олинмаган, айрим қизиқчилик гуруҳлари ўйлаб топган бу эпизод ҳали-ҳануз халқ ичида юрибди. Бунинг ёмон жойи йўқ-ку, дейсизми? Албатта, мен шундай деб ўйлардим, аммо гап халқ маънавияти ҳақида кетаркан, бошни кўтариб атрофга назар солиш керак, менимча. Миллат ахлоқи бир авлод нописандлиги оқибатида издан чиқиши мумкин. Ўша болалар ҳалидан шу тўғрида ўйлаяптими, бу ишнинг охири бахайр эмас. Эътироз билдиришга шошилманг, миллат маънавияти неча йилда шакл­ланади?..

Бунинг жавоби йўқ, чунки халқ маънавиятини асрлар қаъридан келаётган анъаналар, урф-одатлар, умуминсоний мезонлар яратади. Миллат уни ўз қалбига сингдириб боради.

Эҳтимол, кулги, юмор, сатира, ханда сингари тушунчаларни яхши тушунмаслик, кулги яратишга ортиқча чираниш ва чаласаводлик(бу сингари ҳазиллар яратаётганларни шундай десак) халқ маънавиятига салбий таъсир кўрсатаётгандир?

“Буни оила даврасида кўриш ва умуман, телевидениега олиб чиқиш мумкинми, – деганди бир танишим. — Мумкинмас-ов, ўзинг томоша қилсанг, таҳлил қиласан. Ота-онангнинг олдида ийманасан, болалар: “Дада, бу гап нима дегани”, деб ҳар хил саволлар бераверишади. Кўпни кўрган, дунёқараши кенг инсонлар: “Шуям гап бўлдими”, деб энсасини қотиради. Уларнинг гап-сўзининг, хатти-ҳаракатининг тагида одамни кулдиришдан кўра интим дунёсини уйғотишга уриниш бордек. Нима мақсадга қаратилганини тушунмадим, тагида нимадир ғоя бўлиши керак, эмасми?! Қуруқ гап, айниқса, томошабинларнинг ғашига тегадиган қилиқлар билан аудиторияни ушлаб туриб бўлмайди”.

Кулги юки шунчалик арзонми?

Бугун “Дизайн”, “Миллион”, “Браво” сингари жамоалар камдек, шу турдаги тутуриқсиз кўрсатувлар урчиган. “Bojalar community”, “Гараж”, “Аристократлар” сингари “шоу”лар билиб-билмай, тушуниб-тушунмай қилган қилиқлари орқали халқ­нинг ғурурини қитиқлаб қўймоқда. Маънавиятли кишилар учун бу тузсиз бир гапдир. Эҳтимол, қаттиқроқ бўлса-да, айтиш керак, бу — ахлоқсизликка ундашдир. Хўш, бу кўрсатувларга муҳаррир ёки таҳлилий ёндашадиган режиссёр йўқми, деб ўйлаб қоласан!

Катта авлод вакиллари бу каби қитмир сўз ўйинларига тушунмаслиги аниқ. Ҳатто ўзим ҳам “кўча тили”ни бугунги болаларчалик яхши билмаслигимдан уларнинг гапларига аҳамият бермайман. Лекин кўчада мактаб ўқувчисининг тилидан эшитганда бирдан сергак тортаман: “Берганнинг бетига қарама”, “Иродага борамиз(Идорага борамиз, демоқчи О.Ж)”, “Орамиздаги масофа ўн беш сантиметр”… Буни эшитганда нега ҳамма кулаяпти? Кулгининг юки, кулдиришнинг юки шунчалик арзонми? Миллат маънавияти ҳақида барибир оғриқли ўйлар пайдо бўлаверади.

Асалнинг ҳам ози ширин

Аслини олганда, кулдириш учун шундай тушунарсиз ва тузсиз қилиқлар кўрсатиш шартми? Майли, қизиқчилик тирикчилик экан, буни чин дилдан, меҳнат ортидан, изланиб, уддалаш мумкин-ку?! Пул топишнинг бошқа йўли кўп-ку?! Айнан халқ маънавияти билан ҳазиллашишнинг нима кераги бор?! Ҳар нарсада меъёр­ни унутмаслик жоиз, меъёр бузилдими, асал ҳам меъдага уради.

Ўзбек характери ор-номус, ғурур, андиша ва ватанпарварлик замирига қурилган. Халқ табиати ва бугунги кун тасвирини Нодир Лўли, Беҳзод Ҳамро, Аваз Охун сингари сўз усталари ёрқин ифодалаб бермоқдалар. Улар халқ­нинг ичидан кулги олиши эътирофга арзигуликдир. Сирасини айтганда, тадбиркор, инвестор, ўқи­тувчи, дурадгор, ошпаз, чўпон, қассоб ҳақида аския айтиш мумкин эмасми?! Ёки артистлар орқали мухлис тўпланадими?..

Ўзбекистон зиёлилари билан учрашувда Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз”, деганди.

Ҳақиқатан, асрлар оша яшаб келаётган латифалар замирида соддалик, самимият, инсонийлик улуғворлиги акс эттирилган, кибр, ғараз, олифталик, тилёғламалик устидан кулинган. Замонавий кулги: одамлар тезроқ тушуниши учун ҳаракатлар, гап-сўзи енгилроқ бўлиши керак, деганлар ҳам бордир орамизда. Аммо доим янги йўналиш эскисидан озиқланишини унутмаслик керак.

Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Муҳиддин қизиқ Дарвешов, Охунжон қизиқ, Рустам Ҳамроқулов, Ҳожибой Тожибоев ўзбек қизиқчилик мактабининг дарғаларидир. Улар саҳнага чиққанда, беихтиёр одамларнинг юзига табассум югурган. Улар ҳар сўзни ҳис этиб, уни тариқдек кўчага сочмай, билиб-фаҳмлаб ишлатишган.

Маълумки, ЮНЕСКО томонидан 2014 йил Аския санъати инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. Қизиқ томони, шундай маданиятимизни ўзимиз олди-қочди ҳангомага айлантириб қўяётгандекмиз. Албатта, шундай буюк санъатимизни асраб-авайлаш, келгуси авлодларга бус-бутун етказиш бугунги ахборотлашган даврнинг энг долзарб вазифасидир.

…Ҳали-ҳануз эсимда, бир гал бир бири билан жуда қаттиқ ҳазиллашадиган жўраларим орасидан ола мушук ўтди. Анча пайтгача бунинг сабабини билолмай юрдим.

Жамолнинг оиласи бузилган эди. Доим ҳазиллашиб юрадиган ошналар орасида шу гап ҳазилга мавзу бўлиб қолган. Раҳматнинг ўйламай гапирган битта гапи уларни муштлашишгача олиб борганди.

— Нега ҳазилга чидамайсан? — деди Раҳмат қизариб.

— Шу ҳазилми? — деди Жамол унинг ёқасидан олиб. — Сен менинг нафсониятимга тегдинг. Ҳамма ҳазилинг­ни кўтаришим мумкин, лекин бунақасини кўтармайман.

Нафсонияти ўлмаган одам — маънавияти бутун одам. Нафсонияти ўлмаган миллат — маънавиятли миллат! Шундай экан, миллатнинг нафсонияти билан ҳазиллашмаслик керак. Нафсониятли миллат бетайин ҳазилни кўтармайди.

Олимжон Жумабоев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − ten =