Сирдарё мавжларида сайхун сабоси

Яқинда Гулистон шаҳридаги муҳташам ва замонавий таълим мас­кани — Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди томонидан нашр этилган Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймоннинг “Танланган асарлар”и ҳамда “Сайхун саболари”, “Сирдарё мавжлари”, “Сирдарёда улуғвор ўзгаришлар” номли альманах китоблари тақдимотига бағишланган адабий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзо­лари, таниқли ижодкорлар, сирдарёлик зиёлилар, талаба-ёшлар қатнашди.

— Бугун ёшлар сиёсати мамлакатимизда энг муҳим масалалардан бирига айланди. Буни Президентимизнинг ўтган йилнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда тенгдошларингиз билан учрашиб, уларнинг ўй-ташвишлари, фикр-мулоҳазалари билан қизиққанидан ҳам кўришимиз мумкин, — деди  Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев. — Ушбу гўзал таълим масканини қаранг — замонавий технологиялар билан жиҳозланган кенг ва ёруғ синфхоналар, бой кутубхона, шинам спортзал, қулай ётоқхона… Буларнинг барчасини яқин йилларда халқимизнинг қанотига кирадиган маърифатли ва илғор фикр­ловчи таянч кучимизни тарбиялаш учун ажратилган катта сармоя деб билингизлар. Ўйлайманки, ушбу даргоҳдан, албатта, юртпарвар авлод етишиб чиқади.

“Сайхун саболари” шеърий, “Сирдарё мавжлари” насрий китобга Сирдарёда яшаб ижод қилаётган бир қатор журналистлар, ёзувчи-шоирларнинг асарлари жамланган. Қолаверса, тўпламга эл-юртнинг ҳурмат ва  эътиборини қозонган, Ўзбекистон халқ шоирлари Тўра Сулаймон ва Ҳалима Худойбердиеваларнинг сара шеърлари киритилгани китобларнинг адабий-бадиий қимматини янада оширган.

— Бугун биз учун қўшалоқ байрам бўлаяпти. Аввало, муҳтарам  Президентимиз ёшлар масаласида илгари сурган бешта муҳим ташаббусининг мазмун-моҳиятини илк бор бир йил аввал, айнан шу куни — биз сирдарё­ликларга айтган ва тушунтириб берган эди. Бу ташаббус кейин бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёзди, амалга оширилди, — деди Олий Мажлис Сенати аъзоси Ҳаётхон Ортиқбоева. – Ўша учрашувда ташаббуснинг тўртинчи қисми ҳақида — ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича гапира туриб, вилоятдаги ижодкорларнинг ҳам асарларини ўқувчиларга етказишда амалий ишлар қилишни тайинлаганди. Мана бугун ҳам насрий, ҳам наз­мий тўпламимиз чоп этилди. Қолаверса, ўзбек халқининг энг халқчил шоирларидан бири, Сирдарёнинг фахри Тўра Сулаймоннинг “Танланган асарлари” ҳам юксак полиграфик усулда чоп этилиб, ўқувчиларга етказилганидан бошимиз осмонда.

Тақдимот анжуманида иштирок этган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид, таниқли ижодкорлар Салим Ашур, Аҳрор Аҳмедов, Муҳиддин Абдусамад ва Азизбек Анварлар Тўра Сулаймоннинг “Танланган асарлар”и ҳамда “Сайхун саболари”, “Сирдарё мавжлари” тўпламларининг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Гулистон давлат университетида ҳам китобларнинг тақдимотига бағишланган адабий-маърифий анжуман давом этди. Тадбирда профессор-ўқитувчилар, талабалар, Ўзбекистон халқ шои­­ри Тўра Сулаймоннинг фар­зандлари ва ижоди ихлосмандлари қатнашди.

Университет ректори Муҳсин Хўжаев халқимизнинг севимли шоири Тўра Сулаймоннинг адабий мероси ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, шоир кўп йиллар университет билан яқин ҳамкорликда ишлагани, ёшларга адабий таълим — маҳорат дарслари ўтгани ҳақида гапирди ҳамда илмий жамоатчилик билан кенгаш ўтказилиб — Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймонга Гулистон давлат университетининг фахрий профессори унвони берилгани ҳам катта эҳтиром билан хотирланди.

Тадбир сўнггида университетда фаолият кўрсатаётган “Тўра Сулаймон издошлари” адабий тўгараги аъзоларининг шоирга кўрсатаётган эҳтироми ва ижодий намуналари кечага янада файз бағишлади.

Мунаввар Шерназарова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + 19 =