Коронавирусга бизда “жой” йўқ

Кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказган матбуот анжумани Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси (COVID-19)нинг профилактикаси ва унинг кириб келишининг олдини олиш масалаларига бағишланди.

Унда тегишли вазирлик ва идоралар, мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов дунёда коронавируснинг эпидемик ҳолати ва COVID-19нинг мамлакатимизга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида маълумот берди.

Ушбу ҳолат юзасидан мамлакатимиз  Президентининг 2020 йил 29 январь куни “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармойиши қабул қилиниб, тизимли чоралар амалга оширилмоқда.

— Жумладан, давлат чегараларидаги мавжуд 53 та санитария-карантин пунктларига қўшимча врачлар, тепловизор ва контактсиз термометрлар, шахсий ҳимоя воситалари ажратилиб, уларнинг ишлаш самарадорлиги кучайтирилди. Ушбу пунктлардан ўтаётган ҳар бир фуқаронинг яшаш жойи бўйича маълумотлар олиниб, улар яшаётган бирламчи тиббий муассасалари томонидан 14 кунлик тиббий кузатув йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг 15 январидан ҳозирги кунга қадар республика бўйича тиббий кузатувга олинган фуқаролардан 5 минг нафарга яқини кузатувдан чиқарилган, 1 542 нафар фуқароларда тиббий кузатув давом эттирилмоқда. Коронавирус қайд этилган Хитой ва бошқа давлатлардан келган фуқаролардан эпидемик ва клиник кўрсатмага асосан 1760 нафаридан лаборатория таҳлили учун олинган биологик намуналарда коронавирус аниқланмади, — деди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов.

Феруза Раҳимова,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × one =