Оролда биргаликда боғ яратамиз!
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан “Оролдаги боғим“ — “My garden in the Aral Sea” агро ва экотуризм инновацион лойиҳаси бўйича www.aralforest.org сайти ишга туширилди.
“Оролдаги боғим“ лойиҳасининг асосий мақсади кўкаламзорлаштириш лойиҳасини ишга тушириш бўлиб, бутун дунё вакиллари ва маҳаллий аҳолининг Орол денгизининг қуриши оқибатларини енгиб ўтишда бевосита иштирок этиш ҳиссини уйғотишдир. Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан 2020 йилда лойиҳа доирасида 100 минг туп дарахт экиш мўлжалланмоқда. Дарахтларни экишда сувни тежайдиган технологиялар қўлланилади.
Чўл ўсимлигининг ҳар бир кўчатини экишга 1 доллар (10 минг сўм) сарф қилинади, манзарали дарахтларнинг ҳар бир кўчатини экиш учун эса 5 доллардан 20 долларгача (50 минг сўмдан 200 минг сўмгача) харажат қилиниши мумкин.
Бундан ташқари, Оролбўйи халқаро инновация маркази Мўйноққа ташриф буюрувчи сайёҳлар томонидан хайр-эҳсон қилиш учун барча шароитлар яратилади. Маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун Uzcard, Viza, Mastercard тўлов терминаллари ўрнатилади ва қўшимча равишда тўлов тизимлари йўлга қўйилади.
Ҳар бир иштирокчи дарахтларни ўзига керакли миқдорда сотиб олиши ва Марказ қошидаги “Мўйноқ” илмий-ишлаб чиқариш участкасидан ажратилган жойга экилишини таъминлаши мумкин. Боғ доимий қўриқланади, дарахтларга ғамхўрлик қилинади ва бундан ташқари, ҳар бир экилган кўчатни парвариш қилиш, суғориш ва ўғитлаш ишларига ҳам масъуллик белгиланади.
Марказда сайёҳларнинг умумий электрон маълумотлар базаси бўлади. Ушбу маълумотлар базасига эса сайёҳлар тўғрисидаги маълумотлар (исм, фамилия, мамлакати, кўчатлар номи, туғилган сана, электрон почта манзили) киритилади. Лойиҳа иштирокчиларига кўчатлар бўйича молиявий, фото ва видео ҳисоботлар электрон кўринишда доимий равишда тақдим этилади. Бир йил ўтгач, марказга ташриф буюрадиган сайёҳлар ўз кўчатларини Орол денгизи ҳудудига кўчириб ўтқазишлари мумкин, агар ташриф буюришнинг иложи бўлмаса, марказга кўчатларни Орол денгизининг қуриган тубига трансплантация қилишлари мумкинлиги ҳақида хабар юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ушбу акцияда қатнашиш истагида бўлган барча ҳамюртларимиз ва хорижий фуқароларни фаол иштирок этишга чақиради!
Феруза Бердиева,
“Hurriyat” мухбири.