Ўлим дуосини ким даф қила олади?

Ҳаётда баъзан етти ухлаб тушингга кирмайдиган ғалати ҳодисалар ҳам учраб турар экан. Бўлмаса… одам одамга ўлим тилашини қандай тушуниш мумкин? Аслида бу воқеа шундай бўлган эди.

— Ҳа, ишонаверинг сизга ва оила аъзоларингизга ўлим дуоси ёғилган, — деди Хива туман Соёт қишлоғи Оқ кўл МФЙда яшовчи уйга кириб келган опа-сингил Г. ва З.Абдуллаева (исм-шарифи ўзгартирилган)лар. Бундан хонадон соҳибасининг эсхонаси чиқиб кетди.

— Вой ўлмасам, энди нима бўлади?

— Ҳеч нарса бўлмайди, биз бунинг чорасини топамиз.

Улар эс-ҳушидан айрилаёзган аёлнинг сотилиш баҳоси 2.700.000 сўм “кардинал” тилла занжири, бир жуфт сотилиш баҳоси 1.620.000 сўмлик “жемчуг” тилла зираклари, сотилиш баҳоси 1.080.000 сўмлик тилла узуги, сотилиш баҳоси 13.000 сўмлик “Янтарь” кунгабоқар мойи, сотилиш баҳоси 25.000 сўмлик “Clear” шампуни ва сотилиш баҳоси 3000 сўмлик кир ювиш совунини қўлга киритишиб, унинг жами 5.441.000 сўмлик мол-мулкини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришади.

Опа-сингиллар тилла тақинчоқларни олиб, рўмолга ўраганини, ўлим дуосини очиш учун дуо қилишганини айтиб, рўмолни уйнинг ётоқхонасидаги шкаф устига ташлайдилар. Рў­молга ўралган тақинчоқларни уч кунгача очмасликни, етти кун бу ҳақда ҳеч кимга айтмасликни тайинлашади. Аёллар уйдан чиқиб кетганидан кейин жабр­ланувчи рўмолни очиб қараса, ичидан қотган нон бўлаги чиққан холос. Бу ҳақда дарҳол ИИБга мурожаат қилади…

Суд томонидан жиноят ишидаги мавжуд далиллар ва гувоҳлар кўрсатмалари ҳар тарафлама, синчиклаб  текширилиб, судланувчиларнинг аёллиги, оилавий аҳволи, етказилган зарарлар қоплангани инобатга олиниб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “б” банди билан айб­лов ҳукми чиқарилди.

Хонадон эгаси кейин билса, бу опа-сингиллар баклашка йиғувчи ниқобидаги фирибгарларнинг ўзгинаси экан. Аттанг, одам шу даражада ишонувчан, лақма бўладими, ахир?!

Бировларнинг мол-мулкини “туя” қиладиган бундай фирибгарларнинг тузоғига илинманг, азизлар.

М.Ҳасанов,

жиноят ишлари бўйича Хива туман суди раиси.

Шержон Машарипов,

“Хива тонги” газетаси бош муҳаррири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − 2 =