Ваҳима — ярим касаллик, сабр — шифонинг боши

Ўзидан ҳам ваҳимаси ёмон бўлган коронавирус пандемияси мамлакатимизга кириб келди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан ўтказилган матбуот анжуманида бу вирусга қарши мамлакатимизда амалга оширилган ишлар, жорий ҳолат, вирусга чалинган фуқаро ва изоляцияга олинган шахслар ва аниқ режалар ҳақида батафсил, кенг мушоҳада билан ҳиссиётга берилмасдан маълумотлар тақдим қилинди. Журналистларнинг барча саволларига атрофлича жавоб берилди.

Энг муҳими ОАВ, айниқса, блогерлардан аҳоли орасида ваҳима тарқатмаслик сўралди, бу борада жавобгарлик мавжудлиги тўғрисида огоҳлантирилди. Йиғилишдан сўнг ўтган давр ичидаги вазият маҳаллий ОАВ, бу масалада ўзларини масъулиятли тутишга ҳаракат қилди, дейишимизга асослар мавжуд. Бироқ бошқа мамлакатларда бўлганидек, юртимизда ҳам бу касаллик аҳоли ўртасида маълум ваҳимани келтириб чиқаргани ҳам бор гап.

Шу нарса аёнки, коронавирус каби ялпи хавфларга қарши курашда ком­­­­п­лекс жараён бўлиши лозим. Бунда унинг барча турдаги салбий оқибатларининг олдини олиш учун кенг кўламли ёндашув зарур. Жумладан, аҳоли орасида ваҳимага йўл қўймаслик энг устувор йўналиш­лардан бири сифатида қаралиши лозим бўлади. Биз ўзгаларнинг хатоларидан, тарихда ваҳима туфайли келиб чиққан катта йўқотишлардан зарур хулоса қилишимиз зарур.

“Душмандан қўрқма, ваҳимадан қўрқ”, дейилган мақол ҳам бор.

Ваҳима ўзи нима?

Психологияга оид китобларда ваҳима — ҳис-туйғу ва кайфиятнинг бузилиши сифатида қаралади. Ваҳимада одамни асоссиз қўрқув босади, киши нимадандир хавотирланиб, ҳадиксирайди, безовта бўлади, кўнгли ғашланиб, ороми йўқолади. Унга келажакда фалокат бўлиши муқаррардек, ўзи ёки яқинларининг ҳаёти хавф остида тургандек туюлади.

Бундай шароитда шахсда асосли, оқилона қарорлар қабул қилиш лаёқати чекланади.

Албатта бу ҳолат фақат бизнинг мамлакатимизга хос десак, адолатдан бўлмайди. Зеро, коронавируснинг жаҳон миқёсидаги зарарлари ҳақида бир-биридан мудҳиш хабарлар кўпайиб бораётган бир шароитда, кўплаб мамлакатларда бизда кеча кузатилганига ўхшаш вазиятлар бўй кўрсатмоқда.

Мазкур ҳолатни айрим мутахассислар инсоннинг қадимга давр ёки ўрта асрларда бўлиб ўтган пандемияларнинг “генетик” асорати сифатида баҳолашади. Аммо биз XVIII-XIX асрда эмас, ҳатто ХХ асрда ҳам эмас, балки XXI асрда яшаётганлигимизни унутмаслигимиз керак.

Сўнгги юз йилликдаги инсониятнинг ўсиш кўрсаткичлари айнан тиббиётнинг тараққиёти эвазига инсоннинг умумий умр кўриш давомийлиги ортганлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.

Агар жиддий фактларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугун бундан олдин кузатилган пандемиялардан кўра, анча камроқ хавф олдида турганимиз, яққол кўзга ташланади — 16 март ҳолатига кўра, мазкур касалликка чалинганлар ўртасида ўлим ҳолатлари 4 фоизга ҳам етмайди.

Бундан келиб чиқадики, коронавирус худди терроризмга ўхшаш эффект уйғотмоқда, яъни аслида терроризм ортидан кенг кўламли урушга нисбатан камроқ қурбонлар берилса-да, лекин унинг омма­вий ахборот воситаларидаги “довруғи” бутун дунёни ларзага солади.

Ахборот ва ижтимоий масъулият

Мазкур пандемия ҳали эпидемия босқичидаёқ, Швейцария Миллий телерадиокомпаниясининг Халқаро ахборот хизмати “бир томондан, ОАВ аҳолини воқеалар ривожидан хабардор қилиб туришимиз керак, бошқа томондан эса ОАВ ёки оммавий коммуникация воситаларидаги “фаоллар” кўпроқ “лайк” йиғиш учун ваҳимани кучайтиришимиз – ахлоқсизликдир”, дея ёзган эди.

Хориждаги ўзбек аудиториясига мўлжалланган айрим деструктив ОАВ фуқароларимиздан бозор, савдо объектлардаги навбатлар ҳақида фото ва видео материалларни жўнатишни сўраб мурожаат қилмоқда. Бундан нима муддаолиги аниқ. Улар яна бир бор ўзларининг ҳақиқий башарасини кўрсатмоқдалар холос. Бундай фото ва видео материалларнинг тарқатилиши  янада саросима ва ваҳиманинг тарқалишига хизмат қилади холос. Бу эса улар кутган ҳолат.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда бирор-бир касаллик кенг тарқалишида транспорт-коммуникацияларининг ривож­ланганлиги ва инсонларнинг турли мақсадлардаги ҳаракатланиши энг муҳим омил бўлиб турибди. Бошқа томондан бу жараёнда инсонларнинг ўзларини қандай тутиши муҳим аҳамиятга эга.

Сабр шифодир

Мазкур вазиятда нафақат тиббиёт соҳаси, балки инсон руҳиятини ўрганадиган социал психология мутахассислари катта саҳнага чиқиши лозим кўринади. Зеро, буюк бобокалонимиз Ибн Сино айт­ганларидек, ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир. Хотиржамлик  ярим соғликдир. Сабр эса шифонинг бошланишидир.

Албатта, кенг оммадан оддийгина қилиб, ўзини намунали тутишни сўраш, етарли бўлмаслиги мумкин. Чунки у бугун жуда катта ахборот босими остида қолган. Ана шундай шароитда социалогия, психология мутахассислари айнан ўша коммуникация воситалари орқали инсонларни ўзлари билмаган ҳолда ваҳимага берилиб, турли ҳаракатлардан ти­йилишга чақириш йўлларини кўрсатиб, туришса айни муддао бўлар эди.

Синов ва жавобгарлик

Миллат ва мамлакат тарихида шундай кунлар бўладики, бу пайтда халқ ўзининг бир мақсад йўлида бирлаша олиш қоби­лиятини намоён эта олиши, қийинчи­ликларни мардонавор қарши олишга тайёрлигини кўрсатиб қўйиши лозим. Бунга ўхшаш вазиятларда албатта ташаббусни ўз қўлига оладиган қатлам бўлиши лозим. Бундай қатлам эса мантиқий равишда давлат хизматчилари бўлиши керак. Зеро, улар ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан, фидойиларча бажариш билан бир қаторда, ана шундай халқ бошига оғир синов тушган пайтда жамиятда ўзини тутиши билан бошқаларга шахсий намуна кўрсатиши ва юксак ахлоқий қоидаларга риоя қилиши лозим. Буни биздан кўра, бир неча минг баробар йирик хавф остида қолган Хитой тажрибаси исботлаб берди.

Миллий қонунчилигимизда ваҳима тарқатганлик учун мутаносиб жиноий жавобгарлик мавжудлиги, ана шундай ҳаракатларни ўйлаб ёки ўйламай содир қилаётган шахсларни яна бир бор ҳушёрликка чақиришига умид қиламиз.

Хусусан, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш 44 млн. 600 минг сўмдан 89 млн. 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш 66 млн. 900 минг сўмдан 89 млн. 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар юқоридаги ҳаракатлар олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан; оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шуни таъкидлашни истардикки, биз ҳозир дуч келган ташвишлар ўтиб кетади, ғалвир сувдан кўтариладиган вақт келади… Ана шу вақт келганда, босиб ўтган йўлимизни нафақат ўзимиз, балки бизга юмшоқ қилиб айтганда хайрихоҳ бўлмаган кучлар ҳам таҳлил қилади. Ўзбекистон халқи қийинчиликни қанчалик оқилона енгиб ўтди деган савол юзага чиқади, ожиз жиҳатларимизни аниқлашга ҳаракат қилишади.

Аммо биз бу вазиятда халқимизнинг қадимдан шаклланиб келган донишманд­лик хислатлари намоён бўлишига ишонамиз ва бу келажакда бизнинг хотиржамлигимизга раҳна солмоқчи бўлган ғаразгўйларга аниқ сигнал бўлиб хизмат қилади ҳамда зинҳор халқимизни оломонга айлантиришга жазм этмайдилар.

Худоёр Мелиев,

Адлия вазирлиги масъул ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three − two =