Ҳаммаси ортда қолмади!

Инсоният кўп минг йиллик тарихи давомида не-не балою офатларни бошдан кечирмаган, дейсиз. Турли табиат ҳодисалари, қирғинбарот урушлар дейсизми ва яна қанчадан-қанча давосиз касаллигу ўлатлар…

Янги даврга келиб, глобаллашган дунё одамига яна бир оғир дард — коронавирус балоси хавф солди. 2019 йилнинг охирларида Хитойда тарқала бошлаган вирус кўп ўтмай жаҳоннинг бир неча давлатларида қайд этилди. Бугун ер юзида тождор вирус кириб бормаган давлат қолмади ҳисоб.

Ўтган бир йилдан ортиқ вақт мобайнида пандемия сабабли дунёнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий вазиятида кўплаб салбий ўзгаришлар кечди. Касалхоналар коронавирус юқтирган беморлар билан тўлиб кетди, инфекция сабабли ўлимлар сони ортди. Дунёда экспертлар томонидан “2008-2009 йилдаги жаҳон иқтисодий инқирозидан кўра кучлироқ”, деб баҳоланган синов бошланди. Кўплаб корхоналар, хизмат кўрсатиш объектларининг фаолияти тўхтаб қолди. Айрим ҳудудларда очарчи­ликлар авжига чиқди…

Президентимиз ўтган йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Пандемия жаҳон иқтисодиёти учун – шунга эътибор беринг – ҳар ойда қарийб 400 миллиард доллар миқдорида зарар келтирмоқда. Бугунги кунга қадар дунё бўйича 500 миллионта иш ўрни йўқотилган”, деган далилни келтириб ўтди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, жорий йилнинг 9 февраль куни сутка давомида дунёда коронавирус инфекцияси билан 376 мингдан ортиқ янгидан касалланиш ҳолати аниқланган, 9 минг 664 нафар бемор вафот этган.

Жонс Хопкинс университетининг ўша кунги маълумотларига қарасак, шу пайт­гача дунёда касалликни 106 миллион 471 мингдан ортиқ одам юқтирган, улардан 2 миллион 325 мингдан ортиғи вафот этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот беришича, 2021 йил 8 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 79 минг 204 (+42) нафарни ташкил этмоқда. Тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлардан 153 нафари оғир, 29 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бугун яширишга, “хас-пўшлаш”га ҳожат йўқ, бу рақамлар аниқ рўйхатдан ўтган беморларга оид маълумот. Аммо ҳеч қаерга бормай уйида даволанган, касалликни билиб-билмай ўтказиб юборганлар-чи, улар ҳам кам эмас.

Шунингдек, хабарингиз бор, январь ойи охирида тождор вируснинг Бирлашган Қиролликда пайдо бўлган тури, яъни ҳозир дунё аҳли хавфсираётган “британча” штамми минг афсуски, юртимизда ҳам аниқланган.

Вируснинг “британча” штаммига қарши кўрилаётган чоралар бўйича ўтказилган брифингда коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Атабеков “Вирус ҳам изланишда ва у янги штаммларни пайдо қилиш орқали ўзининг ҳимоясига ҳаракат қилмоқда”, деб айтди. Кўрдингизми, бу бало қанчалик айёр чиқди.

Ҳатто шу вирус ўз ҳимояси ҳақида қайғуряпти экан-а. Биз нега ғафлатга чўмишимиз керак? Нима учун хотиржамликка берилишимиз керак? Ахир ўтган йили шу офат дастидан не кунларни бош­дан кечирмадик? Қанча-қанча юртдош­ларимизни коронавирус дастидан йўқотмадикми? Неча ойлаб кўчада бемалол юролмадик, эмин-эркин бозор-ўчар, байрам-тадбир қилолмадик, ёру биродарларимизнинг дийдорини кўролмадик; ўқувчию талабаларнинг билим олиши чекланиб қолди, ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти тўхтади ва ҳоказо… Бошдан кечирган қийинчиликларимизни қаторлаштириб санамасак ҳам, ўзингиз унутиб улгурмаган бўлсангиз керак. Ҳозир тиббий ниқобни 500, сифатлисини 1000 сўмдан сотишяпти, бундан бир неча ойгина олдин отнинг калласидек нархга бўлса ҳам уни олишга тайёр эдик-ку…

Ҳозир яна бозорларда, жамоат жойларида масофа сақламай юра бошлаганимиз, шаҳар автобусларида, метрода тиқилишиб кетиб бораётганимиз ёки айрим жойларда узундан-узун тиғиз навбатларда тураётганимиз бизнинг мутлақо хавфдан халос бўлганимизни ифодаламайди. Аксинча, АҚШ, Ҳиндистон, Бразилия, Россия ва Европанинг бир қанча давлатларида қайта жонланган офат бамайлихотирликка берилмаслик шартлигини кўрсатмоқда.

Маълумотларга кўра, коронавируснинг янги штамми аввалгисига қараганда 71 фоиз кўпроқ юқувчан ва тарқалувчан экан. Бу эса 71 фоиз кўпроқ эътиборли бўлишимиз керак деганидир. Касалликнинг янги тури аҳоли орасига ёйилиб кетмаслиги учун чет элдан кириб келаётганлар чегараларимизда жиддий текширувдан ўтмоқдалар. Соғлиқни сақлаш тизими вакиллари эса зарур бўлмаган ҳолларда юртдошларимизнинг чет эл сафарларига чиқмай туришларини сўрамоқда.

Ҳозир мамлакатимизда вазият анча изга тушгандек кўринса-да, бироқ бу ҳали ҳаммаси ортда қолди, дегани эмас. Негаки, юқорида айтганимиздек, дунёда аҳвол жиддийлигича қолмоқда. Шундай экан, жамоат жойларида юзга ниқоб тақиб юришни кундалик одатдан чиқариб, кўчаларда бемалол юрган ватандошларимиз, аввало, ўз соғлиғини, қолаверса, яқинлари саломатлигини ўйласалар яхши бўларди. Тўй-томошаларга изн берилди, аммо уларга тўда-тўда бўлиб бориш ва базмда ниқобсиз ялло қилиб юришнинг олдини олган маъқул.

Яширишга ҳожат йўқ, бугун тиббий ниқоб тақаётганлар фақат пойтахтда қолди, ҳисоб. Афсуски, вилоятларда бунга умуман риоя қилишмаётир. Кўриб-билиб юрибмизки, аҳолининг кўпчилик қисми энг оддий карантин қоидаларига ҳам риоя қилмаяпти. Мисол учун, яқинда Сурхондарё, Қашқадарё тарафларда бўлдик. Тўйлар, маракаларда 300-400 дан зиёд одамлар қатнашмоқда. Ақалли бирор кишининг ниқоб таққанини кўрмайсиз.

Кўчаларда, бозор ва бошқа жойларда ҳам шу аҳвол. Наҳот, биз учун кимдир назоратчи бўлиши керак? Ахир, соғлигимиз, хавфсизлигимиз, аввало, ўзимиз учун керак эмасми?

Қуйида Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавий” асаридан бир ҳикоятни келтирсак:

Бир киши жазирама саҳрода туя миниб, ёнида бир итни эргаштириб кетаётган экан. Улар жуда ҳам кўп йўл юрганидан ҳалиги ит чанқаб, қорни очиб, мадордан қолиб йиқилибди. Хўжайини дарҳол туядан тушиб қарасаки, ит ўладиган. У ёғидан ўтиб қарабди, бу ёғидан ўтиб қарабди, нима қилишини билмабди. Охири бечора ит ўлиб қолибди. Ҳалиги одам итини азбаройи яхши кўрганидан устига ўзини ташлаб дод солиб йиғлайверибди. Ўша атрофдан ўтаётган бир бадавий унинг фарёдини эшитиб келибди ва йиғисининг сабабини сўрабди. “Кўрмаяпсанми, итим очлик, сувсизликдан ўлиб қолди”, дебди бояги одам. Бадавий туянинг ўркачлари орасидаги хуржинни кўрсатиб, ичида нима борлигини сўрабди. “Бир кўзида кўпгина нон, иккинчи кўзида мешлар тўла сув бор”, деб айтибди. Итнинг эгаси бадавийнинг “Нон-сувинг бор экан, нега итингга бермадинг?” деган саволига эса “Уларни ўзим учун олганман”, дея жавоб қилибди. Бадавий бу одамга ҳайрон-ҳайрон қараб: “Итингнинг ҳаёти ўз қўлингда бўла туриб ўлишига қўйиб берибсан, бас, энди нега йиғлайсан?” — деган экан.

Бу ҳикоятдан маъно шуки, ўзимизнинг, яқинларимизнинг, қўйингки, бутун халқнинг саломатлигини, ҳаётини асраш ҳар биримизга боғлиқ. Агар биз қўлимиздан келадиган, имконимиз бўлган оддий ишларни қилмасак: ниқоб тақмасак, дезинфекция воситаларидан фойдаланмасак ёки бошқа зарур эҳтиёт чораларига амал қилмасак, хуржинида нон-суви бўла туриб, итининг очлик ва ташналикдан ўлишига йўл қўйган одамнинг ишини қилган бўлмаймизми? Кейин чекадиган пушаймонлигимизу тўкадиган кўз ёшларимиздан не наф?

Шаҳзод ШОДМОНОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + eight =