«Миллион жажжи фонус ёқди дарахтлар…»

Зулфия

Баҳор

Инсон кўзларида жон олар баҳор,

Барча томирида унинг тўлқини.

Ўтмишнинг беҳуда они каби қор,

Беиз, бедард эриб кетар учқуни.

Инсон кўзларида жон олар баҳор,

Ўйинқароқ гўдак сингари булут.

Кўк қовоғи уюқ, ёрқин бир виқор

Кишилар қалбидан боқар бўлиб ўт.

Баҳорнинг сеҳргар боқий чиройи

Ёшу кекса кўнглин овлайди бирдак.

Кўзгуни синдириб ташлар. Киройи

Ҳар кишининг ёши бу фасл дилдак.

Ҳар нурга, ҳар қушга, ҳар куртакка шод

Бениҳоя яқин бўлади йироқ.

Гўё сенсиз ҳосил бўлади барбод,

Ҳар тикилган чигит кўксинг этар тоғ.

Баҳор бўлмасайди, одамзод албат,

Ўзи кашф этарди, кашф этгандай бахт…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + three =