Китоб чоп этиш — кўпкари мусобақаси эмас!

Биз миллатимизни китобхон миллат сифатида кўргимиз келади, болаларимиз кўпинча ваҳимачи, оғзи шалоқ нарсаларга тўлиб тошган ижтимоий тармоқлардан эмас, китобдан саводини чиқарса, деймиз. Бироқ …

Яқинда Президентимизнинг “Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори   эълон қилинган эди. Албатта, матбаатчилик фаолияти жуда катта ижобий ўзгаришларга юз тутди. Ажойиб ноширларимиз томонидан ҳар йили, ҳар ой, керак бўлса, кун-кунора шу қадар гўзал, бетакрор асарлар чоп этилмоқдаки, кўриб, мутолаа этиб ҳавасинг келади. Аммо шундай бўлса-да, шолининг ичидаги курмак мисол, соҳада ҳамон айрим муаммолар ҳам кўзга ташланиб турибди. Қуйида шу ҳақда.

Китоб ёзилгандан то китобхоннинг қўлига етгунича муаллифники, сўнг эса у халқники бўлади. Илк босма китоб чоп этила бошлаган даврдан то шу кунга қадар қанча китоб чоп этилган бўлмасин, барчасига ҳақиқий баҳони ўқувчи берган. Китобхонни алдаб бўлмайди, китобнинг “яроқлилик муддати” кўрсатилмайди. Шу сабаб китоб чоп этилгунга қадар анча меҳнат талаб қилади.

Матбаа соҳасига сўнгги йилларда шиддат билан кириб келган корхоналардан бири — “Book media nashr” хусусий нашриёти томонидан чоп этилган китоблар билан дўконлар анча “бойиди”. Аммо йўл қўйган хатолари ҳам оз эмас. Бу ҳақда биринчилардан бўлиб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ўроз Ҳайдар ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасида “Толстой ўзбекми?” дея муносабат билдирди. Маълум бўлишича, у нашриёт томонидан чоп этилган Толс­тойнинг танланган асарларидан бирини сотиб олади. Китобга кўз югуртириб, ундаги хато ва камчиликларни кўргач, адабий жараённинг фаол иштирокчиси сифатида “тилини тишлаб” туролмайди! Энг ажабланарлиси, рус адибининг таржима асари таржимоннинг исм-шарифисиз чоп этилган. Унда кузатган хатоларини санаш баробарида нашриёт ходимлари, муҳаррирларни масъулиятли бўлишга чорлайди.

Ўроз Ҳайдар:

Ўзим соғинган «Кавказ асири» ҳикоясини ўқий туриб бошим гангиди. Нима бўляпти, дейман ўзимга. Алаҳсирамаяпманми?! Жумлалар маст кимсанинг алжирашидай пойинтар-сойинтар. «Хўжайин» сўзи «хўжаин» деб берилган. Билсам ҳам, яна «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»га мурожаат қилдим. Бу ерда ҳам «хўжайин» деб берилган. «Хўжаин» сўзини «хўжайин» дея тўғрилаб кетавердим. Бу сўз юз мартага яқин ишлатилган экан. Воҳ, дея ёқамни тутдим. Ўқиш жараёнида яна имловий хатоларга тез-тез қоқилавердим. Мана бу жумлаларни қаранг: «Кечасига кишанларини ечим (ечиб-бизники), омборхонага қамашган. «Кечасига…» эмиш. «Кечаси..» деб қўяқол. Ёхуд «Костилинни ортига миндириб…» Қисқагина қилиб «ортмоқлаб» деб қўй, шов­воз. «Жилин қиз бошидан силади». Буниси ортиқча. «Ҳар замон ой чиқадиган шафаққа қараб қўярди», «Тоғ остида қора (қуюқ) соя ўрмалаб (судралиб), у томон кела бошлади». «Тоғларда тинч ёруғ, худди ҳаммаёқни ўлим шарпаси қоплагандай». Ва ҳоказо этни жунжиктирувчи жумлалар билан тўлиб тошган.

Энг қизиғи, бирор асарнинг таржимони исми-фамилияси келтирилмаган. Китобни битталаб варақлаб чиқиб ҳам таржимонни тополмадим. Ёпирай, Толстой наҳотки ўзбек тилида асар ёзган бўлса, деган ёруғ ўй вужудимни ёритди. Нима, ўзбек адабиёти яна битта даҳога кўпайса, шон-шараф-ку!..

…Ҳозир нима кўп, нашриёт кўп. Ноширлар асар мазмуни билан деярли қизиқишмайди. Пул бўлса, бас. Олд-ортига қарамай чоп этишаверади.

…Масъулиятсизлик, китобхонга ҳурматсизлик шунча бўлурми, ҳай-ҳай?.. Китоб дўконидан китоб харид қилганда олд-ортига қараб олинг. Йўқса,“Book media nashr” нашриёти ноширлари каби ҳаракатлар бўлса, Гётениям таржимонсиз ўзбекчада ўқиб қолсак, ажабмас?!”.

Ўроз Ҳайдарнинг “дарди”га қулоқ тутиб турган кунларимизнинг бирида китоб чоп этиш жараёнининг “бош фигураси”дан бири, яъни муҳаррир Шариф Холмуродни учратдим, у: “Бу китобни… кўрган эмасман” деб турса-я! Воажаб! Наҳотки, шундай ҳам бўлиши мумкин?

“Мен ўша кўрсатилган асарлар таржимасининг матнини умуман кўрган эмасман. Аввалдан ҳамкорлигимиз бўлган ёш ношир укаларимиз мен ишга боргунимча шош­қалоқлиқ қилиб, ўзларига ортиқча ишониб, менинг номимдан бир нечта китобни чиқариб юборибди”, — дейди. (Ўша пайтда ушбу нашриётда муҳаррир бўлиб ишлаган, ҳозирда собиқ) Шариф домла. “Ана сизга сюрпириз-у, мана сизга ноширлик!” Ўйлаб кўринг, қандай қилиб дунё ҳурматидаги адиб асарлари муҳаррир иштирокисиз, яна таржимони кўрсатилмасдан ўқувчига етказилиши мумкин? Масъулиятсизлик ҳам шу даражада бўладими? Биз масалага ойдинлик киритиш мақсадида Шариф домланинг хонадонида бўлдик. Иккита хона нақд китобларга тўла. Умр бўйи маънавият оламида меҳнат қилгандан кейин шундай бўлиши керак-да, аслида.

Шариф Холмурод яна шундай дейди:

— Яқинда коронавирус пандемияси сабабли карантин эълон қилинишидан сал олдин Чорсудаги “Китоб дунёси” дўконига кирсам, ойналар ва пештахталар “Жах(ҳ)он бес­тселлерлари” деган туркум китоблар, ўзбек адабиёти асарлари билан қопланибди, баъзи дўкончаларда Ўзбек мумтоз адабиётирукнида чиқарилган Махтумқули тўплами турибди, яна турли-туман рангли, расмли бир неча тилли ва ҳар хил шаклдаги луғатлар босилган, одамлар талашиб оляпти. Қизиқиб, китобларнинг баъзиларини очиб кўрсам, кўписида менга хабар қилинган ўша нашриёт номи турибди. Қисқа муддатда шунча китобни чиқаришга қандай улгуришди экан, дея ҳайрон бўлдим. Муқовасидаёқ кўрга ҳасса бўлиб турган хатолардан асабийлашиб, дарҳол “Book media nashr” нашриётига қўнғироқ қилдим. “Шундай хатоларга тўла китоблар чиқаришни ният қилганмидинглар?” дедим. Илёс Турсунов (нашриёт раҳбарларидан бири) афсусланиш оҳангида эмас, ғолибларча хурсандчилик руҳида “Ўзингиз ҳам келинг, ахир, нега келмаяпсиз?”,   дея жавоб берди.

Истамасам ҳам боришга мажбур эдим. Айтилган хонага киришим билан нашриёт ходимларидан бири исмимни эшитиб, “Мана, ишларимизни кўриб туринг, хўжайин келиб қоладилар”, деб олдимга ўша дўконда кўзимга ташланган китобларнинг бир дастасини келтириб қўйди. Битталаб қўлдан ўтказаётганимда, менинг исмим сарварақда масъул муҳаррир, охирги бетида муҳаррир деб кўрсатилган бир нечта китобни олиб, миямга қон урилди. Ҳаётимда учрамаган воқеа! Нима қилишимни билмай, қотиб ўтириб қолдим…

Шариф домланинг сўзларига қулоқ тутар эканмиз, “Кавказ асири” қиссасида Дина исмли ўн уч яшар беғубор қизча икки нафар рус аскарига раҳми келиб, ҳаммадан яширин равишда уларга меҳрибонлик қилиб туриши, охирида қочиб кетишларига ҳам кўмаклашишини таъкидлади. Таржимон эса уни ўттиз яшар қиз деб кўрсатган. Биринчидан, ўша пайтларда Кавказ юртларида шу ёшдаги заифа қизлигича қолиши мумкинми? Иккинчидан, ушбу ёшдаги аёл зоти ўз миллатининг асосий душманларидан бўлган кишиларга шундай яхшиликлар кўрсатишини тасаввур қилиб бўладими?! Таржимон ҳеч бўлмаса шу оддий мантиқдан келиб чиқиб, ўзи бажарган ишни қайта ўқиб кўришни лозим топмаганидан қаттиқ куюнди.

Домла ўзи бирга ишлаган йигитларга камчиликларини айтганида “Бизлардан баттароқ иш қилаётганлар бор, нега уларни эмас, фақат бизга ёпишишади?” дейди. Худо асрасин, сизлардан баттароқлар бўлиши мумкин эмас. Қани кўрсатинг, айтинг, деса ҳам тайинли жавоб қайтариша олмайди.

“Янги сайланган парламентимиз бутун жамиятнинг саводи, билимини оширишга хизмат қиладиган ноширлик соҳасини тезда ва тубдан ислоҳ қилиш, тартибга солишнинг ишончли воситаси бўладиган, айниқса, хусусий нашриётлар мақоми ва масъулиятини қатъий белгилаб берадиган махсус қонун қабул қилишни биринчи галдаги вазифа деб билиши керакка ўхшайди. Ва бу узоққа чўзилмасдан амалга оширилса яхши бўларди. Чунки, юқорида кўрганимиздек, халқни чаласаводликка маҳкум этиб бўлса ҳам, кўпроқ бойлик тўп­лаш пайида отни қамчилаб, одамларнинг китоб жавонларини кўп жиҳатдан яроқсиз китобларга тўлдираётганлар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун бундай қонун бўлмаса, таълимнинг ҳамма босқичларини ривож­лантириш, жамиятда китобхонликни, умуман маънавият, маърифатни юксалтириш ҳақида сўз юритиш бефойда”.

Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида йўлимизни нашриёт томон бурамиз. Афсус, хонада ҳеч ким йўқ. Иккинчи гал борганимизда икки йигитни учратдик. Улар эса ишчи, бизни қизиқтирган масалага ойдинлик кирита олмасликларини, раҳбари эса хизмат сафарида эканини таъкидлашди. Бир-икки кун ўтиб нашриёт директори Иброҳим Турсунов билан телефонда боғлана олдик. Масалага муносабатини сўраганимизда ҳали ёш нашриётлиги, иш бор жойда камчилик бўлиши, энди тажриба орттиришаётганини қайта-қайта уқтиришга ҳаракат қилди. Хатолар билан чоп этилган китобларнинг тақдири нима бўлади, деган саволимизга айтарли жавоб ололмадик. Директор автоулов бошқариб кетаётгани, яъни рулда эканини айт­гач, кўп ҳам саволга тутмадик. Бир соат ўтар-ўтмас нашриёт раҳбарларидан яна бири Илёс Турсунов биз билан боғланди. У мавзу аввал кўтарилганини, ҳадеб танқид қилинаверса, ходимларининг ишлагиси келмай қолишидан хавотири борлигини айтди.

— Мен исталган бошқа соҳада тадбиркорлигимни давом эттираверишим мумкин, аммо унда бу соҳа ривожланмай қолаверадими? Қайси нашриёт бўлмасин ҳаммасида хато бор. Биз хатоимизни тушундик, танқидни тўғри қабул қилдик. Бундан кейин такрорламасликка ҳаракат қиламиз.

Суҳбат давомида мақолани чоп эттирмаслигимизни, биз қаерга десак, ўша ерга бориб юзма-юз гаплашишни сўради. Энг қизиғи, бизга “ҳамкорлик” таклиф этди. Қизиқ ҳамкорлик деганда нимани назарда тутди? Ҳар холда нашриёт рекламаси эмасдир…

Агар нашриёт ходимлари чиндан хатосини тушунган бўлсалар, расмий тарзда китобхонлардан узр сўраши лозим. Ва энг камида бундай қўпол хатолар билан чоп этилган китобларни сотувдан олиб кўйиш керак. Бизнингча, яна мас­ъул ташкилотлар томонидан нашриёт фаолиятини жиддий ўрганиб, тегишли хулоса берилса, тўғри бўларди…

Рўзиқул Очилов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three + 6 =