Ташаккур, сенга буюк халқ!
Юрий Стоянов,
Россия халқ артисти
Мен ўзим Одессада туғилганман, бутун ҳаётимни эса Москва ва Санкт–Петербургда яшадим, бироқ мен бугун ўзбек халқи ҳақида гапирмоқчиман. Шу буюк халқнинг меҳр–оқибати, ҳарорати сабаб мен ҳаётимни Москва ва Санкт–Петербургда бугунгидай гўзал яшаб ўтишга муваффақ бўлдим.
Гап шундаки, Иккинчи Жаҳон уруши йилларида менинг онам ҳам Тошкентга эвакуация қилинганди. Йўлда онам тушган эшелон душман томонидан портлатилади. Улар бир амаллаб Тошкентгача етиб келишади. Эвакуация қилинган болалар ўзбек хонадонларига жойлаштирилган. Менинг онам 7 нафар боласи бўлган ўзбек ўқитувчисининг оиласидан қўним топади.
1943 йилда онамнинг мактабга — биринчи синфга чиқадиган йили эди. Хонадон соҳиби — ўзбек ўқитувчиси хонтахтаси устидаги ягона дастурхонидан онамга сумка, дераза пардасидан эса ўқувчилар формасини тикади.
Онамнинг айтишича, барча оила аъзолари кечаси полга жой тўшаб ухлашган. Оиладаги ягона каравотда менинг онам ухлаган экан. Бироқ бу хонадон эгаларида ҳеч қачон яхшилик қилаяпман деган фикр, миннат ва ўз яхшилигини кўз-кўз қилиш ҳисси бўлмаганидан ҳалигача ҳайратдаман.
Ўзбеклар — жуда қадимий, буюк ва донишманд халқ. Қачонки, ўзбеклар саломлашаётганда қўлини кўксига қўяр экан, бу фақат расмий қоида эмас. Бунинг моҳиятида меҳмонни, инсонни, ёши катталарни қадрлаш, эъзозлаш, улуғлаш белгиси мужассам. Бугун мен донишманд ўзбек халқига қарата қўлимни кўксимга қўйиб, бошимни эгиб қадрдонларча жавоб қайтармоқчиман: Ташаккур, сенга Буюк Ўзбек халқи!
Интернет манбалари асосида
Тошкент шаҳар, Яккасарой туманидаги
48-сонли мактаб ўқитувчиси Хосият Усмонова тайёрлади.