Тошқўрғон тилсими

Бизда туризм кўпинча қадимий шаҳарларимиз, тарихий- маданий ёдгорликлар доирасида чекланиб қолмоқда. Ваҳоланки, мамлакатимизнинг бетакрор табиати, миллий қўриқхоналар, тоғли ҳудудларда туризмни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд. Туризмни иқтисодиётнинг стратегик  тармоғига айлантириш биз учун устувор вазифа бўлиб қолади.

Шавкат Мирзиёев.

Жуда катта имкониятлар хазинаси деб баҳоланаётган юртимиз табиатининг ўзи улкан бойлик. Таъбир жоиз бўлса, бу бойлик ҳали бутун бўй-басти билан кашф қилингани йўқ. Ҳисор тоғ тизмасида энг баланд чўққи қайд этилган шундай бир ҳудуд борки, унда юртимиз табиати бутун борлиғи билан намоён бўлганга ўхшайди. Шунингдек, бу жойларда бой ўтмиш ҳам ўз асрорларини пинҳон сақлаб келмоқда.

Маълумки, Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг давлатдорлик фаолиятлари атрофлича ўрганилган, бироқ ул зотнинг катта ҳаёт саҳнасига чиққунча кечган  болалик ва ўсмирлик йиллари юзасидан тадқиқотлар кам. Бу ҳол, аввало, маълумотлар тақчиллигидан бўлса, баъзи тарихчиларнинг таъкидлашича эса ўша йилларни шарҳ этишга Соҳибқироннинг кўп рағбат билдирмаганликларидандир. Шу  сабабларга кўра, яъни  маълумотлар етарли эмаслигидан 1360 йилларгача бўлган давр деярли ўрганилмаган. Темурбекни улғайтирган, уни катта ҳаёт саҳнасига олиб чиққан муҳитнинг шарҳи  қаноатланарли даражада эмас. Аслида, буюк ҳаёт манзарасини буларсиз тўла тасаввур қилиб бўлмайди.

Мана, битта далил. 1360 йилда ота вафот этгач, оиланинг аҳволи қандай кечган? Ҳолбуки, бу давр­­да Темурбек икки ўғилнинг отаси, теварак-атрофда анча баланд нуфузга эга  бекнинг меросхўри, амир Қазаған лашкарлари сафида ҳарбий юришларда қатнашиб, машҳур бўлган навкар эди. Амир Темурнинг тахтга чиққунгача ўтган ўн йилдан кўпроқ ҳаёти нақадар таҳликали, зиддиятларга тўла бўлгани аниқ. Шундай шароитда оиланинг хавфсизлиги қандай таъминланди, улар қаерда жон сақладилар? Негаки, атрофда ёв изғиб юрар, унинг назаридан  бирон пучмоқ ҳоли эмас эди. Агар   манбаларда   “Темурбекнинг болалиги тоғларда… ўтган” деган далилни инобатга оладиган бўлсак, баъзи аниқ ҳақиқатлар билан ҳисоблашмаслик мумкин эмас. Масалан, Соҳибқирон ҳаётининг илк шаклланиш даври ўтган ҳозирги Қашқадарё вилояти ҳудудларида Амир Темур фаолияти билан боғлиқ, ҳатто аталишида ўша йиллар рангини сингдирган кўплаб жойлар (яйловлар, майдонлар, далалар, тоғ чўққилари, ғорлар, одам яшаган манзиллар) ҳозир ҳам сақланиб турибди. Ҳолбуки, халқ оғзаки ижодида, жой номларида, обидаларнинг қолдиқлари ва улар билан боғлиқ ривояту афсоналарда тарихга дахлдор кўплаб  далиллар яширинган бўлади. Шулардан бири Амир Темур ғоридир.

Маълумотларда баён этилган ёш Темурбек болалик ва ўсмирлик йилларини тоғларда ов қилиб, чўпонлар ва оддий одамлар даврасида ўтказган қабилидаги маълумотларнинг аниқ тасдиғи —  Амир Темур ғоридир. Бу жой азалдан ҳам шундай номланган.  Қолаверса, унда халқ қасоскори Ҳошим ибн Ҳаким — Муқанна ҳам жон сақлаганлиги ҳақида маълумотлар  мавжуд. Яна бир эътиборли гап — мазкур ғор ҳақида ҳазрат Алишер Навоий “Саббаъи сайёр” дос­тонида маълумот беради ва унинг таърифига ўн сатрча олтин мисраларни бағишлайди. Табаррук ғор Шаҳрисабзнинг кун чиқиш тарафида, Ҳисор тоғ тизмалари қуршовида, денгиз сатҳидан 3,5-4 минг метр баландликда жойлашган. Ўзбекистондаги энг узун ғор ҳисобланиб, 700 метрга яқин. Икки қисмдан иборат. “Отхона” деб аталувчи биринчи қисми 70-80 метр чамасида бўлиб, ҳийла кенг. Унда одамларнинг доимий яшагани аломатлари сақланган. Кириш қисмида кенг супа барпо этилган, у пастдан 10-15 метр чамаси тош тахтлаб чиқилган, тошлар орасига кўндалангига ёғочлар ташланган. Супанинг узунлиги  юз метрга яқин. Унда 250-300 киши бемалол жойлашиши мумкин. Ғорнинг иккинчи қисми турли шаклларга эга бўлиб, охирида кўл мавжуд. Кўлдан кейин ҳам унинг давоми борлиги аниқ. Ҳатто бу ғорни Самарқанддаги Шоҳизинда қадамжосигача етиб борганлиги ҳақида ривоятлар учрайди. Ғор махсус ўрганилмаган, бир телефильмда фақат экзотик томонлари ҳикоя қилинган. (Албатта, қайта-қайта намойиш қилинган бу телефильмни кўпчилик эсласа керак).  Шунингдек, ғор ҳақида 1895-1898 йиллар Яккабоғ беги бўлиб турган Мирза Салимбек ҳам ўз хотираларида қимматли маълумотлар берган.

Ғорга энг яқин аҳоли пункти Тош­қўрғон қишлоғи ҳисобланади. Тош­қўрғонда қадимги тараққиёт излари (тошдан темир ажратиб олишдан ҳосил бўлган чиқиндилар, кўплаб эски қабристонлар, масжид) мавжуд. Ҳатто, ғор билан қишлоқ оралиғидаги қояда динозавр излари тошда қотиб қолган. Миллион йиллардан дарак берувчи динозавр излари дунёда катта қизиқиш уйғотган, турли муносабатлар билдирилган. Қишлоқ жойлашган нишабликнинг қуйисида каттагина кўл бўларди ва унинг жанубида баланд  тепалик бор. Уни халқ “Қўрғон” деб атаган. Қўрғон тепасида одамлар манзилгоҳи излари — иморатларнинг таг-замини ўрни сақланган. Ундан кўлга ер ости йўлаги кавланган, йиллар ўтиб, бу ер ости йўли чўкиб, ўрни ариқдек билиниб турибди. Демак, Қўрғон тепасида яшаш манзили бўлган ва қуйидаги кўлдан ичимлик суви олиб чиқилган. Ушбу далилга баъзи тарихчилар, архео­логлар муносабат билдириб, унинг Муқанна даври, ҳатто Александр Македонский билан боғлиқлиги бор бўлиши мумкинлигини айтадилар. Негаки, Амир Темур ғорида Муқанна ҳам яшаган, деган тахмин бор. Македонскийнинг сўғд маликаси Равшанакка атаб қурдирган қасри қаердалигини ҳозиргача ҳеч ким билмайди. Унинг Термиздан Самарқандга тўғри, тоғлар оралаб  ўтгани инобатга олинадиган бўлса, Жаҳонгирнинг қадами ушбу ҳудудларга теккан бўлиши мумкин ва хилват жойда қаср бунёд этгандир. Агар Қўрғондан қуйига тушадиган сув йўлининг ёпиқ (тим) шаклида бўлгани ёвдан сақланиш учун, деб фараз қилинса ва бундай иншоотни қуриш анча вақт ва меҳнат талаб қилишини (орадаги масофа минг қадамлар чамаси) ҳисобга олсак, бу масканда нуфузли оила ёки одамлар тўдаси узоқ йиллар давомида истиқомат қилганлиги кўриниб қолади.

Тахмин қилиш мумкинки, худди шу манзилгоҳда балки Темурбек ва оиласи узоқ йиллар давомида яшаган, чунки бу ерлар душман кўзидан йироқ, табиий пана жойлар бўлган. Атрофдаги чўққиларда қўриқчилар ўрнаштирилган – кун чиқишда Бовурчи тоғи этакларида хабаргирлар қўйилгани, улар қандай белги билан огоҳлантирганлари юзасидан ривоятлар бор эди. Кун ботиш томонда Масхара (аслида “Машҳара” — кузатувчилар маскани, улар олов воситасида ёвдан дарак берганлар) чўққиси, кун ботишга қараб оқадиган дарё ўзанида, ўн беш чақиримлар қу­йида, Зармас қишлоғининг тўғрисида  пишиқ ғиштдан ишланган яна бир кузатув маскани  (ундан Масхара кўриниб турган) мавжуд бўлган (унинг ўрни ва қолдиқлари сақланган). Бу далиллар  Қўрғонда узоқ йиллар барқарор яшалганини яна бир марта тасдиқлайди.  Шунингдек, яқин атрофларда Қалъаи шерон, Бовурчи, Мирза ўланг, Шоҳ юрти, Кичик қалъа, Ғўлмараша, Ғўтала каби манзиллар борки, уларнинг номланиши  ҳам Амир Темур тарихи билан боғлиқ бўлиши мумкин.  Мантиқ кўрсатадики, 1360-1370 йиллар давомида ўт кечиб, ёвнинг додини бериб юрган Амир Темурнинг аҳли оиласи шу хилда муҳофаза қилинган, назардан йироқ, осойишталиги таъминланган ҳудудларда яшаган.

Тошқўрғон қишлоғи бетимсол табиатидан ташқари ана шундай мўъжизаларга ҳам бой. Унинг атрофида йил бўйи қор аримайдиган чўққилардан ташқари ўнлаб футбол стадионлари қурса бўладиган ёки минглаб отлиқларни сиғдира оладиган майдонлар, туби бир чақирим келадиган зовлар, шарқираб оқадиган сойлару зилол сувли булоқлар кўплаб топилади. Сувларининг шифобахшлиги ҳақида юзлаб мисоллар келтириш мумкин. Ҳайвонот ва наботот олами ҳам ўзига хос. Ҳаво тоза (кислород кўп),  осмон тиниқ.

— Мен Тяньшан ва Помир тизмаларини кезиб чиққанман, улардаги жами етти минг метрлик чўққиларни забт этганман,  — дей­ди альпинист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Икром Назаров, — кўрганларимни қиёслаб ишонч билан айта оламанки, ҳеч бир ҳудудда Тошқўрғондек жойлашиши кенг-мўл, табиатан ўзида кўплаб имкониятларни мужассамлаштирган масканни кўрмадим. Бу ерда кўплаб, жумладан, тоғ ва қишки спорт турларини ривожлантириш, ҳарбий ўқув полигонларини бунёд этиш учун катта имкониятлар мавжуд. Бундан ташқари, ту­ризмнинг турли йўналиш­ларини жорий этиш мумкин.

85 ёш маррасини забт этган бўлса-да, қалби тоғлар ишқини тарк қилмаган Икром Назаровнинг яна бир қанча далиллари бор. Албатта, шўро замонида ўзбеклардан чиққан биринчи спорт устаси (альпинизм бўйича), тоғда ҳарбий ўқув машғулотлари ҳақида  қўлланмалар муаллифи, альпи­нистлар ҳаё­тидан кўплаб  меъмуар асарлар яратган одамнинг мулоҳазаларида жон бор.

Кўриниб қоладики, ҳам тарихга дахлдорлик  жиҳатдан, ҳам табиий имкониятларни ҳисобга олганда, юртимиздаги нодир масканлардан бири ҳисобланувчи Тошқўрғон қишлоғи муҳим туристик манзиллардан бўлиши мумкин. Айни пайтда, яъни ички ва халқаро туризмни ривожлантириш, бу соҳани иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бирига айлантириш борасида саъй-ҳаракатлар жадал олиб борилаётган шароитда бу далиллар мутасадди ташкилотларни бепарво қолдирмайди, деб орзу қиламиз. Тошқўрғон келажакда муҳим туристик ва саёҳат манзилларидан, қолаверса, миллий киносаноатнинг муҳим  мас­канларидан бирига айланади, насиб бўлса.

Ҳаким Сатторий.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

1 thought on “Тошқўрғон тилсими

  1. Ассалому алайкум.Газетада чоп этилган Тошқўрғон тилсими деб номланган мақола шу қишлоқда яшаб ўтган аждодларнинг авлодлари сифатида бизнинг қалбимизни ғурур ва ифтихорга тўлдирди.Мақолада келтирилган, қишлоқни ички туризм объектига айлантириш таклифини қўллаб қувватлаймиз,ушбу таклиф рўёбга чиқса,Тошқўрғон қишлоғи тарихи ёшларни ватанга муҳаббат ва юртга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган омиллардан бирига айланишига ишонамиз.Муҳаммадиев Анвар,Тўхтамишов Толмас.Касби тумани Тошқўрғон қишлоғи

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + 2 =