Бобур Мирзо Навоий хонадонида

Ўтган ҳафта халқимизнинг икки буюк фарзанди, тарихда ўзларидан бетакрор ва ўлмас маънавий мерос қолдирган зотлар — Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кунлари кенг нишонланди. Зеро, бу улуғ зотлар ҳаёти, ижодий олами улкан икки уммондир. Уларни қанча ўқисак, ўргансак, таҳлил этсак шунча кам.

Қуйида эълон қилинаётган тадқиқот ҳам улуғ боболаримиз ҳаётини, бетимсол маънавий оламини янада теранроқ ҳис қилишимизга хизмат қилишига шубҳа йўқ.

 

1506 йилнинг қиши. Мурғоб дарёси ёқасида   темурий ШАҲЗОДАлар Шайбонийхонга   қар­­ши биргалашиб курашиш мас­лаҳатига йиғилишмоқчи эди. Афсуски, ушбу машваратдан бирон натижа чиқмади. Машваратга тўпланган заиф, ожиз шаҳзодалар   фақат ўз таккабурликларини намойиш этишди холос. Мурғобдаги машваратга Бобур ҳам   таклиф этилганди.

Жангу жадаллар ичида юрган ёш ҳукмдор Ҳиротдан келган мактубни ҳаяжонланиб, севиниб қўлига олди. Чунки, ушбу мактубни Самарқандга Навоий ҳазратлари ёзиб юборган, унда Бобур Мирзога буюк шоирнинг истаклари акс этганди…

Сиёсат саҳнасига чиқиб, Мовароуннаҳрда кечаётган курашларда Самарқандни қўлга олган кунлари, Заҳириддин   Бобур донғи шарққа   тарқалган ўз даврининг фузалоси Навоийдан нома олгач, севинчини ичига сиғдира олмади. Негаки, у ҳам эндигина шеърлар ёза бошлаган, гоҳида тахт учун курашлар билан бўлиб, ижод нечанчидир даражага чиқиб қоларди. Ана шундай дамларда Бобур фақат сўзнинг боқийлигини ҳис этиб, Навоий давлат амалдорлигидан бежиз истеъфога чиқмаганлигини англагандек бўлди. Бироқ тақдир ёзиғи уни Андижондан Самарқанд тахтига бошлаб келган,   бу йўлда кўп   қурбонликлар берилганди. Қолаверса, иккинчи бор   Самарқандни   қўлга   киритиб   турган   дамлар   эди.

“Бу иккинчи навбат Самарқандни олғонда Алишербек тирик эди. Бир навбат манга   китобати (мактуби — У.Б.) ҳам келиб эди. Мен ҳам бир китобат йибориб эдим. Орқасида туркий байт   айтиб, битиб   йибориб эдим”.

Хуллас, улар китобат — мактуб орқали дийдорлашдилар. Бу пайтда Хуросон пойтахти Ҳиротда турган Навоий “Мажолис ун-нафоис” тазкирасига хуросонлигу мовароуннаҳрлик   шоирлар ижодидан ашъорлар тўп­лаётганди.

Самарқанд тахтига чиққан ёш подшоҳ ана шу зайл Навоий эътиборини тортган. Аммо… аммо Ҳиротдан “жавоб келгунча тафрика (ғалаён, парокандалик) ва ғавғо бўлди” дея   “Бобурнома”да куюниб ёзганди муаллиф.

Чунки, Бобур иккинчи бор Самарқандни Шайбонийхонга топширишга мажбур бўлган эди. Бу орада Навоий ҳазратлари   ҳам   вафот этди.

Орадан кўп вақт ўтмай, Бобур салтанати учун бўлган курашларда мағлублик аламини чекиб, Ҳиротга   кетишга мажбур бўлади. Айнан Бобурнинг Ҳиротга боришига сабаб, юқорида айтганимиздек, 1506 йилнинг қишида Мурғоб   дарёси ёқасида темурий   султонлар Шайбонийхонга қарши   биргалашиб курашиш маслаҳатига йиғилишмоқчи эди. Шу   тариқа ўтадиган машваратга   Бобур ҳам таклиф   этилади.

Бобур келиши шарафига   Ҳусайн Бойқаронинг барпо эттирган мадрасасида ёш темурий   шаҳзода шарафига қабул маросими уюштирилади. Маросимда Хадичабегим, Поянда Султонбеги, Офоқбегим сингари маликалар ҳам иштирок   қилишади. Бир муддат шу ерда бўлиб   қуръон тиловат қилишгач, Хадичабегимнинг уйида меҳмон шарафига ош тортилиб зиё­фат   берилади.

Шу тарзда Бобур Ҳиротга келган   куни Поянда Султонбегим уйида, иккинчи кун Боғи Нав­да, яна   бир кун Боғи   Жаҳонорода бўлиб, қолган кунларини   эса Навоийнинг “Унсия”   номли ҳовлисида ўтказади. Мирзо Бобур 1506-1507 йил воқеаларини ёзар экан, “Бобурнома”да шундай эслайди: “Аввал менга Боғи Навда юрт   тайин   қилиб эдилар. Тонгласи келиб, Боғи Нав­да туштум. Боғи Нав­да бир кеча   бўлдум, ани муносиб кўрмай, Алишербекнинг уйларини тайин қилдилар. Ҳирийдан чиққунча Алишербекнинг   уйларида   эдим”.

Инжил анҳорининг ўнг тарафидаги Навоий яшаган ҳашаматли ҳовли Бобурга Алишербекнинг нозик дидли меъмор эканлигини англатарди. Айниқса, девор бўйлаб экилган Самарқанднинг оқ тераклари Навоийдан мактуб олган 1499 йилни ёдга солди. Ўшанда у   мактубни   ҳаяжонланиб ўқиганини хотирасига   келтирди.

Алишербек Самарқандга йўл­­лаган мактубини ана шу ҳовлида, қўш табақали эшикдан кириб бориладиган меҳмонхонасидаги китобларга тўла нурафшон масканда битганини Бобур сезиб турарди. Чунки, етти-саккиз йилдирки, ҳовли, ундаги хоналар Навоий   ҳаётлигидагидек сақланиб келарди. Бобур Навоий ҳовлисида яшаб, у эккан мевали, манзарали дарахтлар оралаб юраркан, Алишербекнинг ғазалларини ёдига келтирар, ўзи ҳам рубоийлар битарди.

Бадиуззамон уни Боғи   Жаҳонорога чорлагач, бориб   у билан учрашиб, вазият ҳақида суҳбат қурадилар. Эртаси   куни бўлса Хуросоннинг бошқа   ҳукмдори — Музаффар Мирзо уйига   чорлайди.

Бобур темурийларнинг рақиб­лари — Шайбоний Хуросонга   от солиб келаётган пайт­да Ҳиротда шаҳзодаларнинг шароббоз­лик қилиб   ишрат қилаётганини ёзаркан, ўзидаям чоғир ичишга майл бўлсаям, ўзини тута билганини таъкидлаб   ўтади. Аниғи у олдинги куни бошқа ҳукмдор — Бадиуззамон уйида бўлганида шароб ичмаган, қолаверса, унинг ёши, нуфузи   Бобурдан юқори эди. Энди эса бошқа ҳукмдор — Музаффар   Мирзо уйида шароб   ичишни у Бадиуззамонни пастга уриш бўлади   дея ўзини тия олади. Ва шундай тўғри қарорга келади: “Бадиуззамон Мирзо била   Музаффар Мирзо бир   ерда бўлғонда иккала мирзонинг таклифи била   ичилгай”.

Шу тахлит Бобур Ҳиротдалик пайтида Музаффар Мирзо, Бадиуззамон Мирзолар яратиб берган шарт-шароитлар туфайли азим шаҳарни зиё­рат   қилди. Ҳиротда ўтказган йигирма кунни Бобур шаҳарнинг диққатга   сазовор жойларини кўздан   кечириш билан ўтказади. “Чинор боғининг   этагига солинган суратхонанинг шарқи-жануб сари ёнида   кичик­роқ оқ уй   қурилиб эди. Гоҳи унда ўлтурур эрдим, анда мажлис бўлди, сўнг­ра Ғиёс масхара келди, неча қатла мажлисдан   қутоиба тариқа буюрилдиким, ихрож қилдилар. Охир шалойи   бўлиб, масхаралиқ била мажлисға   йўл топ­ди” дея   Ҳиротнинг машҳур қизиқчиси — Ғиёс масхара кўрсатган   томошалардан ҳайратланиб қоғозга   туширади.

Бобур Ҳиротда   ўтаётган ҳар бир   кунидан унумли фойдаланиб, шаҳарнинг деярли ҳамма   жойларини томоша қилишга улгуради: “Бу йигирма кунда машҳур сайргоҳлардин бир Султон Ҳусайн Мирзонинг хонақоҳидин   ўзга ер кўрилмаган   шояд қолмади экан” дея ёзади муаллиф   ўз “Бобурнома”сида.

Айниқса, Бобур   шарафига атаб Музаффар Мирзо   берган зиёфатдаги мусиқа оқшоми   анча пайтларгача ёш   ҳукмдорга таъсир қилиб   юрди. Ўшанда Шайхий Нойи   деган созанда, найдагина эмас, уд   ва ғижжакдаям беназирлигини намойиш этади. Бадиуззамоннинг мусиқали зиёфатида Шайхий   ва Қул Муҳаммад ўртасида баҳс   бўлиб ўтади. Шайхий найда   бир куйни чиройли   қилиб чалгач, Бадиуззамон Қул Муҳаммаддан   ҳам   шу куйни ғижжакда чалишни   сўрайди. Қул Муҳаммад эса   ғижжакда бу куйни   яхши ижро эта олмайди. Аммо буни тан олмай, “ғижжак ноқис соз” дея   “айб”ни мусиқа асбобига   юкламоқчи бўлади. Шунда Шайхий   Қул Муҳаммаднинг   қўлидаги ғижжакни олиб, ўша   ўзи найда ижро   этган   куйни “хўб ва   покиза” чалиб зиёфат   аҳлини ҳайратга солади.

Ҳофиз Ҳожининг паст   овозда ижро этган   ашуласи, Жалолиддин   Маҳмуднинг най, Шожди бачанинг   чангда ижро   этган куйлари, Миржон Самарқандийнинг эса “баланд ва   дурушт ва бемаза” айтган хонишларини эшитиб, Бобур меҳмон сифатида ҳар бир   тунни завқли ўтказади. Музаффар Мирзонинг “қишлоқи уйи”даги   ўша зиёфатда Юсуф   Али Кўкалтошнинг рақсларини, катта ва кичик Моҳ деган қулларнинг   масхарабоз­ликларини, Жонак   хонанданинг уларга мос   қўшиқларини эшитиб давра файзли бўлганини эслайди Бобур.

Ушбу зиёфат таърифи   Бадиуззамонга ҳам етиб   боради. Бобур ва унинг яқинлари   шарафига берилган зиёфатда Бадиуззамон мавқеи, ёши катта   бўлса-да, мезбонлик илтифотини   кўрсатиб, 23 ёшли Бобурни   ғоятда эъзозлади.

Оқшомларни шундай   базм­лар­да ўтказган Бобур, кундузи Юсуф Али кўкалтошнинг ҳамроҳлигида отда шаҳардаги жамики хиёбон, мақбара, масжид, мадраса, бозорларда сайр қилади. Муқаввийхонадек полвонлар кураш   тушадиган усти ёпиқ   майдон, созанда ва хонандаларга мўлжалланган Боғи Жаҳонородаги Савсанихона, Паҳлавон Муҳаммад   учун Бойқаро қурдирган Неъматобод Ҳиротда   Бобур қадами теккан   масканлар эди ўшанда.

Шу билан бирга   Бобур Навоий ҳазратлари   ҳақида шундай битик   ҳам ёзган: “Алишербек назири   йўқ киши эди. Туркий   тил била то   шеър айтубтурлар, ҳеч ким   онча кўб ва   хўб айтқон эмас. Алишербекнинг мизожи   нозук била машҳурдир. Эл назокатини   давлатнинг ғуруридан тасаввур   қилур эрдилар. Андоқ эмас   экандур, бу сифат анга   жибиллий экандур. Самарқандта эканда ҳам   ушмундоқ нозук мизож   экандур”…

Бу пайтга келиб, Мовароуннаҳрни забт   этган, Самарқанд тахтини Бобур   қўлидан тортиб олган   Шайбонийхон Хуросонга ҳам   зарба ҳозирлаётганди. Шундай дамда рақибига   қарши   куч тўплаш ниятидаги   Бобур Ҳиротда ортиқ   қололмасди.

Яна Ҳирийниким рубъ маскунда андоқ шаҳар йўқтур ва Султон Ҳусайн Мирзонинг замонида мирзонинг тасарруфидин ва такаллуфидин Ҳирийнинг зеб ва зийнати бирга ўн, балки   йигирма тараққий қилиб   эди…”

Бобур ана   шу тараққий этган шаҳарда атиги йигирма кун бўлганидан, шаҳзодалар ўртасида   манмансираш, ихтилоф   борлигидан афсусланса-да, Навоий ҳовлисида яшаганидан   қалби ғурурга тўлган, руҳи поки мададкор бўлишидан   умидвор эди.

Хуллас, Бобур   Навоий вафотидан сўнг   Ҳиротга келган бўлса-да, Алишербекни кўрган, у   билан суҳбатдош бўлган   кишилар даврасида бўлди,   улар билан дийдорлашди…

Бироқ бу дийдорлашувлар кўпга бормай, у   гўзал Ҳиротни тарк   этишга, Қобулга кетишга   мажбур   бўлди.

Умид Бекмуҳаммад

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × two =