Миллат қалбига ойна тутиб…

Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз даврида замондошлари томонидан Туркистон жадидларининг улуғи, ўзбек драматургияси ва публицистикасининг асосчиси, деган таърифларга сазовор бўлган. Мутафаккирнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ўша пайтдаёқ тарихга оид маълумот ёзиб борилган. Бизни ҳайратлантиргани, беҳбудийшунослик адибнинг қабри совумай туриб, бошланганида эди.

Маҳмудхўжа Беҳбудий нафақат маърифатпарвар инсон, балки элни озодлик ҳавосидан нафас олиш шукуҳидан воқиф этган, унинг мустақил ҳаёт кечиришини ич-ичидан орзу этган ва шу йўлда жонини қурбон қилган миллатимиз ўғлонидир.

Мутафаккир инсон тўғрисида турли услубларда ёзилган мақола, фикрлар ва хотира битиклари турли кўринишда бўлса-да, уларда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қисқа  умри тонг юлдузи каби порлаб турганини кўриш, ҳис қилиш мумкин. Албатта, имонини мус­таҳкам, ўз халқини ҳалокатлардан, хомталаш бўлишлардан сақлашга ҳаракат қилган ва унинг озодлигини орзиқиб кутган улуғларимиз олдида келажак авлод қарздор эканлигини ҳис қилиб яшаши керак.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Падаркуш ёхуд ўқимаган боланинг ҳоли саҳна асаридан қуйидаги парчага эътибор қилинг:

Бой: Биз кўрамизки, одамлар бойни муллодан зиёда иззат қилурлар.

Домулла: …аларни иши тушганлар иззат қилур, муллони бўлса, барча халқ иззат қилур, яъни муллони илми иззат қилинадур.

Бой: Бизни бойлигимиз иззат қилинадур, ҳатто мусулмонлар нари турсин, ўрус ва арманлар-да, иззат қилур.

Домулла: Ўқумағон  бойваччаларни кўрамизки, ота молни барбод этар ва охири хор ва зор бўлур, бинобари, ўғлингизни ўқутмоқни таклиф қиламан”.

Тўғри, бугун ҳам ҳар бир юртдошимиз фарзандларининг илмли бўлишига шароит яратишни ўзининг бурчи, деб билади. Аммо Маҳмудхўжа Беҳбудий мазкур парчада  бизга яна бир муҳим сабоқни ишора қилади. Иззат қилинган бойлик илмли одамнинг қўлида бўлса, у эзгу ишларга сарф этади. Агар бир бузуқи кимсанинг қўлида бўлса, бу зот охир-оқибат, тулкидек айёр, қашқирдек йиртқич манфурларнинг қурбонига айланади.

Ўз даврининг тадқиқотчилари Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти билан боғлиқ ҳар бир масалага жиддий  ёндашганлари яққол акс этиб туради. Масалан, Ҳоди Муин унинг насабига  қуйидагича таъриф берган:

“Бобоси — Ниёзхўжа  қори, кўзи сўқир  бўлишига қарамай, Қуръони ҳофиз  бўлган ва  Қори Ниёзхўжа Урганжий  номи билан танилган, ХVIII асрнинг ўрталарида Самарқандга кўчиб келган, кўчириб келтирилган ёки таклиф этилган”. Бундай дейишига сабаб:

Ўша даврда Нодиршоҳнинг ўғли Самарқандга бостириб келиб, уни хароб этган, олти ой давомида шаҳар ҳувиллаб қолган. Тарихдан маълумки, Амир Темур қабри устига қўйилган қимматбаҳо қора тошни ҳам олиб кетган, аммо буюк ҳукмдорнинг руҳи безовта бўлиб, бу зўравонлик оқибатида Нодиршоҳнинг оиласига фалокат ёғилади. Ўғлининг ўзбошимчалигидан ғазабга келган Нодиршоҳ унга қарата:  “Сен катта уммонга кириб, беҳуда иш қилибсан, яхшиямки, чўкиб кетмабсан!” — дея қаттиқ танбеҳ берган ва қора тошни жойига элтиб қўйишни буюрган. Шундай қилиб “Амир Шоҳмурод Самарқандни қайтадан обод этишга киришган” (Наим Каримов. “Маҳмудхўжа Беҳбудий, “Ўзбекистон”, 2011 й., 9-б.). Шунингдек, Ҳоди Муин  ҳам:  “Шул чоғларда Урганжнинг машҳур қориларидан саналғон Ниёзхўжани Самарқандга келтуруб, янгидан қорилар етиштуриш ҳаракатида бўлғон эди”, деб гувоҳлик беради.

“Беҳбудий  қачон туғилган?” — деган савол анча баҳсталаб, Ҳоди Муин унинг туғилган санасини  “1874”  деб кўрсатган ва киндик қони тўкилган жойни Бахшитепа, деб айтган. Беҳбудийнинг қизи Парвинхоним эса отасини 1873 йилда Самарқанд шаҳри яқинидаги Ёмини қиш­лоғида туғилганини билдирган. Академик Наим Каримов эса бу санани “1875  йил 19 январь” деб кўрсатади ва туғилган жойини Самарқанд вилоятининг Бахшитепа қишлоғи эканлигини қайд этади.

Маҳмудхўжа болалик йилларида аввало отаси, сўнг тоғаси Муҳаммад Сиддиқ ёрдамида чуқур билим олади. Зеҳни ўткир, қобилиятли эди, тенгқурлари орасида ҳам унга тенг келадигани бўлмаган. Отасининг орзулари амалга ошиб, у етук қори сифатида танила бошлайди, аммо Ҳоди Муин ёзадики, “у фақат қорилик билан кифояланиб қолмади, балки тоғаси, муфти Одилдан қўшимча сабоқ олиб, “арабий сарфу навҳдан “Қофия” ва “Шарҳи мулло”ни, “Шамсия”ни, фиқҳдан “Мухтасар ул-виқоя”нинг биринчи дафтарини ва бироз “Ҳошия”ни мазкур зотнинг ҳалқаи тадрисида ўқиди”. Эътироф этишларича, у устозлари бир марта ўргатган сабоқни ёд ола билган, ўзи ҳаддан зиёд одобли, камгап ва ўйин-кулгини ёқтирмаган.

1893 йилда онаси, 1894 йилда отаси вафот этгач, ўқишни ташлаб, тоғаси Муҳаммад Сиддиқ ҳузурида мирзолик қила бошлайди. Ва  жуда қисқа фурсатда, яъни йигирма икки ёшларида “муфти” унвонига сазовор бўлади. “Ислом энциклопедияси”да “муфти” сўзига изоҳ берилган бўлиб, ундан биламизки,  муфтининг фатвоси  мусулмонлар учун қўлланма эмас, балки буйруқ ҳисобланган.

“Ойна” журнали хабарларига кўра, “Падаркуш”ни кўриш учун халқ оқиб келди, ҳатто патта топилмагани учун 300-400 киши қайтиб кетган”.

Айтиш керакки, адабиётшунос Солиҳ  Қосимов ўзининг “Беҳбудий ва жадидчилик” (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, Тошкент, 1990 йил, 19 январь)  мақоласида, “қози ва муфтиларнинг сон-саноғи йўқ эди, аммо улар орасида Маҳмудхўжа Беҳбудий сиёсий, ижтимоий фаолияти, замонавий ва диний  илмининг кенглиги, халқни маърифатга, озодликка, эркка бошлаш учун жонини ҳам аямаган шахс бўлиб, ўша даврда Туркистон жадидчилари орасида унга тенг келадигани бўлмаган”, дейди.

Беҳбудий Ҳаж сафари чоғида Ара­бис­тон, Миср, Туркияни кезиб, маърифат излади ва Қозон ва Уфага ҳам бориб, у ерда янги усулдаги мактаблар фаолиятини ўрганиб қайтди. Ниҳоят, 1903 йилда  жадид мактабини очишга эришади. Бу тўғрида “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да қуйидагича маълумот  берилган:  “Самарқанд яқинидаги Халвойи қишлоғида Ажзий, Абдулқодир Шакурийлар билан ҳамкорликда  янги мактаб очади. Янги мактаблар учун дарсликлар тузишга киришади. “Рисолаи асбоби савод” (“Савод чиқариш китоби”), “Рисолаи жуғрофияи умроний” (“Аҳоли географиясига кириш”), “Китобат ул-атфол” (“Болалар хати”), “Тарихи ислом” (1909) каби китобларни нашр эттириб, ёшларга сабоқ бериш учун жиддий қўлланмаларни таълим тизимига татбиқ этишга муяссар бўлади. Аммо шаҳардан қатнаётган ўқувчилар учун  манзилнинг узоқлиги бироз қийинчиликлар келтириб чиқаради ва шу боис, мактабни қишлоқдан Самарқандга, ўз ҳовлисига кўчиртириб келтиради”.

Ўқувчиларга фанлардан сабоқ бериш баробарида, ҳуснихатига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Имтиҳон пайтида муаллимлардан ташқари, ҳокимият вакиллари ҳам иштирок этадилар. Имтиҳонда мактаб битирувчилари томонидан берилган жавоблар барчада яхши таассурот қолдиради. Беҳбудийнинг ёзишича, ҳатто  Ҳожи  Мавлонбек деган мўътабар зот болаларнинг  бийрон жавобларидан шодланиб, кўз ёш қилган, жуда суюнганидан  ҳотамтойлик билан муаллимга ўн беш сўм ҳадя берган.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг  ҳаёт йўлига назар солар эканмиз,  Туркистон ўлкасининг  йирик жамоат арбобларидан бири бўлганини ҳам англаймиз. 1907 йилда Россия 3-давлат думасининг Мусулмон фракциясига “Туркистон маданий мухторияти” деган лойиҳасини юборади. Унда мактабларни хусусийлаштириш, Россия давлат думасининг Туркистоннинг ички ишларига аралашмаслиги илгари сурилган эди. Лойиҳанинг 17-20-моддаларида Туркистондаги мактаблар Россия мактаблари билан тенг мақомда кўрилиши, ҳукумат назоратидан озод бўлиши, раҳбарлари ҳам маҳаллий миллат вакилларидан тайинланиши, кирилл  алифбосининг зўрлаб киритилмасилиги каби масалалар баён этилган. Профессор Наим Каримов таъбири билан айтганда, “лойиҳанинг бу моддалари Беҳбудийнинг 1907 йилдаёқ ўз олдига маърифатпарварликдан истиқлолчилик ҳаракати сари дадил қадам ташлаганидан дарак беради”.

Бизнингча, Беҳбудий халқни мустамлакачиликдан озод этиш учун, эътибор беринг, биринчи навбатда, уни аввало маърифат дунёсини бойитишни муҳим деб билган ва шу боис ҳам, янги усул мактабларини очган ва турли маърифатпарварлик ҳаракатлари билан эркинлик нима-ю  мустамлакачилик нима эканлигини оммага тушунтиришга ҳаракат қилган. Чиндан ҳам, ўйлаб қарасак, Беҳбудийнинг истиқлолчилик ҳаракатларида донишмандлик кўзга ташланади. Зеро,  у ўз халқини кўр-кўроналик билан озодликка чақирмайди, балки онг­­ли курашишни маъқул кўради. Беҳуда қон тўкишдан сира фойда йўқлигини яхши тушунади.

1908 йилда у  Самарқандда  қироатхона, яъни муҳим аҳамиятга эга бўлган кутубхона очиш учун махсус жамият тузиб, унинг 27 бобдан иборат бўлган дас­тури ва низомини ҳам ишлаб чиқиб, Самарқанд генерал-губернаторига юборади, уддабуронлик билан бунга рухсат ҳам олади. Жамият фаоллари раис этиб унинг ўзини сайлайдилар.

Ҳожиқул Муҳаммедов раис ўринбосари, таржимон, Қўқонбой Абдухолиқ ўғли саркотиб, савдогар Абдусалом Абдулмўмин ўғли хазиначи, муаллим Хидирбек Абдусаид ўғли раиснинг ўринбосари этиб тайинланди. Бу рўйхатни беҳуда келтирмадик.

Мазкур кутубхона халқни мустамлакачиликдан озод этиш учун муҳим ўчоқлардан, марказлардан бири бўлиши керак эди. Наим Каримов тақдим этган маълумотларга кўра, 1909 йил 15 январь ҳолатига кўра, кутубхонадаги кўплаб китоб ва газета-журналлардан  2000 га яқин киши баҳраманд бўлган. Китоб савдоси ишлари ҳам йўлга қўйилган. Кавказ, Қрим, Усмонийлар  империяси, Юнонистон, Булғория ва Олмониядан ҳам турли адабиётлар олиб келинган. Кўринадики, кутубхонада  тор доирада эмас, жаҳон миқёсида фаолият кўрсатишга, оммани дунё аҳволи билан таништиришга, уларнинг тафаккур доирасини кенгайтиришга ҳаракат қилинган. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Беҳбудия” кутубхонаси мустақиллик учун ташланган илк дадил қадамлардан бири эди, деб баҳолашга ҳаққимиз бор.

Маҳмудхўжа Беҳбудий 1911  йилда “Падаркуш” драмасини ёзади. Адабиётшунослар, уч пардали, 4 кўринишли  бу асарни биринчи ўзбек драмаси, дея эътироф этадилар. Унда ўқимаган, нодон, жоҳил боланинг ўз отасига қўл кўтаргани, падаркушлик қилгани асар мазмунини  ташкил этади. Бир қараганда, жуда содда мавзу. Аммо Беҳбудий буни “миллий фожиа” тарзда ифода этади ва шу боис ҳам, мазкур асар ҳамон адабиётимиздаги мумтоз драматик асар сифатида баҳоланади. Айтиш керакки, ўнлаб романлар битган ижодкорлар ҳам эл тилига тушолмаслиги, бунчалик муваффақиятга сазовор бўлолмаслиги мумкин. Аммо Беҳбудийга бу шарафнинг насиб бўлгани жуда катта ютуқдир.

“Падаркуш”нинг юзага чиқиши осон бўлмади. Уни Туркистонда чоп этишга рухсат бермадилар, цензура қаттиқ оёқ тиради. Шу боис, Маҳмудхўжа Беҳбудий бошқа томонлардан  ўзига нажот излади ва қизиғи шундаки, мазкур машҳур асар орадан икки йил ўтиб, 1913 йилда Грузиянинг Тифлис шаҳрида босилиб чиқди. Шаҳар цензураси уни чоп этишга рухсат берганлигини ҳам чуқурроқ ўрганиб кўриш керак, деб ўйлаймиз. Чунки “Падаркуш” маҳорат ва уддабуронлик билан, яъни “Бородино жанги ва Русиянинг французлар босқинидан халос бўлишининг 100 йиллик юбилейи” муносабати рукни остида чоп этилган. “Французлар босқинидан халос бўлиш” — бу нима дегани эди?! Бу асарда биз-чи? Биз қачон Россия подшолиги босқинидан озод бўламиз, деган маъно бор эди.

Миллатни уйғотиш учун “Падаркуш”га ўхшаган саҳна асарлари керак эди. Шу боис ҳам, жуда катта машаққатлар эвазига бўлса-да, асар саҳнага олиб чиқилади. Тўғри, бир томондан, босқинчи ҳукумат вакилларидан рухсат олиш бу сафар ҳам анча қийин кечди, иккинчи томондан, ҳали миллий театр труппаси шаклланмагани учун асарни саҳналаштиришда ҳам бироз қийинчиликлар туғилди, аммо орзу амалга ошди. Бу қуйидаги манбада аниқ келтирилган: “1914  йил 15 январда Самарқандда, 16 январда эса Тошкентда (Колизей театрида) биринчи ўзбек драмасининг саҳна юзини кўриши халқ ва мамлакат ҳаётида унутилмас воқеа бўлди”. “Ойна” журнали хабарларига кўра, “Падаркуш”- ни кўриш учун халқ оқиб келди, ҳатто патта топилмагани учун 300-400 киши қайтиб кетган”.

Лекин “Падаркуш” асари саҳнага қў­йилгандан сўнг “1917 йил 7 февраль куни хуфялардан бири чор охранкасига махфий маълумот етказган”, яъни Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бу асари маҳаллий миллат вакиллари онгига ижобий таъсир этиши ҳақида ёзган.

Албатта, бу саъй-ҳаракатларнинг ҳаммаси зимдан ҳисобга олиб борилгани, Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз халқининг гулларидан бири эканлиги, эртага унинг ортидан миллионлаб ўзбек ёшларининг эргашиши мумкинлиги мустамлакачи ҳокимият вакилларини ташвишга солгани аниқ. Чунки улар Ўзбекистондек олтин маконни қўлдан бермаслик учун халқни озодликка бош­лаб борувчи олтин бошли кучларни маҳв этиб туришни ўзларига касб қилиб олганлар.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз ватани, халқини жонидан ортиқ севган садоқатли фарзанд эди. Туркистон озодлик ҳаракатининг етакчи раҳнамоларидан бири бўлиб, эл орасида обрўси баланд эди. Хунрезликка асосланган  большевиклар эса арман дашноқилари қўли билан Қўқонни, бутун Фарғона водийсини қонга ботириб, озодлик ҳаракатини бўғиб ташлаган бўлса, ўша вақтдаги қизил айғоқчилар — ГПУ жаллодлари  Маҳмуд­хўжа Беҳбудийга ўхшаган эркпарвар улуғларимизнинг изларига тушиб, зимдан иш кўрганлари аниқ.

Хўш, сиз 74  йил давом этган қизил ёлғонларга ишонасизми ёки  Фитрат домланинг “Беҳбудийнинг ўлимида  Туркистон Шўро ҳокимияти айбдор”, деган сўзига тан берасизми?! Бизга хўрозқанд бериб, алдайдиган давр­лар ўтди. Модомики,  Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзининг маърифий ишлари билан Туркистон аҳлини озодликка томон бошлаган экан, унинг соя­сидан чўчиган Шўро ҳокимияти ГПУ айғоқчиларининг қонли қўллари билан Беҳбудий ва унинг йўлдошларини номардларча қатл этиб, барчаларини бир чуқурга кўмиб, устини текислаб ташлади. Донишмандлар бекор айт­маган: “Тарих ҳақиқатини синдириб ҳам, йўқотиб ҳам бўлмайди”.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Адиб­лар хиёбони”даги муаззам ҳайкали пойида у зотнинг мунаввар сиймосига қараб:  “Адолат қайтди, бу ҳайкал бизнинг тантанамиздир”, дегим келди.

Тўлқин Ҳайит,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × four =