Ҳамзанинг гуппи чопони

(“Ўйлаб топилмаган ҳикоялар” туркумидан)

Шоҳимардонга кираверишда бир туп садақайрағоч бор. Шу ердан гузар бошланади — шарқираб оқиб ётган симобранг сувли сойнинг икки қирғоғида чойхоналар, қуш уясидек тепага қараб бир-бири билан қаватма-қават бўлиб кетган уйлар. Ёз охирлари, бу ерда сайил бошланади, одамлар ҳеч ерга сиғмай кетади, ҳаммаёқда ўнг қирғоқдаги — Шаланг тепалигию, чап томондаги баланд Жаннат ариғи бўйларида ҳам одамлар гавжум.

Айниқса, рўпарадаги тепаликка — Ҳамзанинг қабрини зиёрат қилиш учун кўтарилаётганларнинг сон-саноғи йўқ. Улар тик зинада турнақатор бўлиб боришади. Бу зинапояда роппа-роса икки юз ўттиз тўртта пиллапоя бор. Бу зиналардан қари-қартанглар бир-бир босиб, ёш-яланглар эса сакраб-сакраб чиқишади.

Мана, пиллапоялар ҳам тугади, тепалик ёнбағридаги майдончада ажиб бир маҳзун нақшлар чизилмиш мақбара, унда беором қалб эгаси бўлган шоир абадий тин олиб ётибди. Қабр тошига унинг барқанот мисраларидан бири битилган:

Тузамиз янги турмушни

                                   замон ичра,

Абадий сўнгра яшаймиз

                                 жаҳон ичра.

Нарироқда бир тўп қиз-қизалоқлар давра олиб, чирмандасини “дап-дап” чалганча қўшиқ айтишаяпти.

Пастда, гузарда ҳаёт қайнайди — бир томонда дор, бир томонда полвонлар. Шоҳимардонлик Лочин полвоннинг атрофида давра олган киму, ўз ўғилларини ҳинд афсунгарлари сингари ёниб турган олов устидан яланғоч юриш, бир уюм шиша синиғи устига сакрашни ўргатган Турсунали полвонни олқишлаган ким…

Ҳозир Шоҳимардон хийла ўзгарган — қатор янги чойхоналар, дам олиш уйлари қурилибди, келган саёҳатчилар учун ҳамма нарса муҳайё. Биз Шоҳимардонга борган пайтларимизда жой масаласи хийла муаммо эди. Келиб, суриштириб бир танишимизникига тушгандик.

— Шоҳимардонга кираверишда бир туп садақайрағоч бор, шундан бурилиб Зиннат холанинг уйини сўрасаларинг ҳамма билади, — деб тайинлашганди бизга. Бу уйни қийналмай топдик — тор кўчадан шундоққина кўтарилганда кўҳнагина икки табақали эшик, болохонали ҳовли экан. Уй эгаси, ёши етмишлардан ошган Зиннат хола деган қотма, диловоргина кампир экан. У бизни кўриши билан пешвоз чиқди, дас­турхон ёзиб, туршагу баргаклардан қўйди.

— Олинглар, енглар, болаларим, Шоҳимардоннинг меваси таварик…

Мен Зиннат холадан ўтмиш давр­лар тўғрисида суриштираман, гап орасида унинг шоир Ҳамзани кўрган-кўрмаганлигини сўрайман.

— Вой, нега кўрмас эканман, айланай, — Зиннат хола ҳаяжонланиб, юзлари ёришиб кетади, — ахир, Ҳамзахон ака Шоҳимардонга келганда бизникига тушарди, мана шу болохонада турган…

Қулоқларимга ишонмайман. Мана шу мўъжазгина, кўҳна болохонада Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий яшаган, ижод қилган.

— Жуда ширинсўз, меҳрибон киши эди, — хаёлга берилганча ҳикоясини давом эттиради Зиннат хола. — Мен ўшанда бу уйга энди келин бўлиб тушгандим, унга янги чопон тикиб берганман, хурсанд бўлиб, алқаб-алқаб ки­йиб юрарди…

Кампир ўша давр хаёлларига берилиб бироз жим қолиб, кейин яна ҳикоясини давом эттиради:

— Жуда покиза киши эди, дуторни чертганда эшитганни сел қилиб юборарди. Қуриб кетгур ёмонлар унинг бошига етишди…

Хола шоирнинг фожиали ўлими, унинг қотиллари устидан ўтган судни гапириб берди.

Тошкентга қайтгач, Шоҳимардон сафарим, Зиннат хола ҳақида лав­ҳа ёзиб, газетада эълон қилдирдим. Лавҳа кўпчиликка маъ­қул келди шекилли, табриклаганлар ҳам бўлди. Лекин ўзини йирик ҳамзашунос деб сановчи бир калондимоғроқ олим мени таҳририят йўлагида кўриб, тўхтатиб, қовоғини сол­ганча эътироз билдира кетди:

— Ҳамза тўғрисидаги лавҳангизни ўқидим. Шуни билиб қўйинг­ки, Ҳамза жуда маданий, таъби нозик одам бўлган. Ҳар қанақанги қаланғи-қасанғи қишлоқи хотинлар тиккан чопонларни киявермаган… Гапиришаверади-да Ҳамзага яқинроқ кўринаман деб, эҳтимол, бирон нарсанинг илинжида… Ҳар қанақанги гапларга лаққа тушмасдан ёзишдан аввал текшириш, исботлаш керак, ука!..

Мен Ҳамзанинг чопонларини бош­қа кимлар тиккан-тикмаганлигини сўраб-суриштиришни ўзимга эп кўрмадим, бунга вақтим ҳам бўлмади. Лекин Зиннат холанинг самимий ҳикояси ростлигига заррача ҳам шубҳам йўқ эди.

Йиллар ўтди. Иттифоқо қўлимга бир китобча тушиб қолди, унда ўша даврда Шоҳимардонда бўлиб ўтган воқеалар ҳақида ҳикоя қилинган, уч-тўртта фотосуратлар ҳам босилган эди. Улардан бирида Шоҳимардонда Қўшчи союзи тузишга бағишланган анжуман тасвирланган бўлиб, мажлис аҳли орасида эгнига гуппи чопон кийган Ҳамза ҳам турарди. Мен шоирнинг қатъиятли сиймосига ва эгнидаги одмигина янги чопонига узоқ тикилиб қолдим. Чопоннинг оддий қишлоқ аёллари қўлида қавиб-тикилганлиги шундоқ билиниб турарди, матоси ҳам оддийгина — урушдан олдин Фарғона тарафда расм бўлган йўл-йўл Чимён алагидан эди. Ҳамза чопони устидан белини белбоғ билан боғлаб олган эди. Бу, ўша — Зиннат хола тикиб берган чопон эди, уни Ҳамза ака хурсанд бўлиб “алқаб-алқаб” кийиб юрган…

…Шоҳимардонга кираверишда бир туп садақайрағоч бор. Чап томонга қайрилсангиз мўъжазгина болохонали ҳовли олдига чиқасиз. Икки табақали кўҳна кўча эшигини тақиллатсангиз сизни кексалигидан қадди букчайиб қолган бўлса ҳам ҳали тетик нуроний кампир кутиб олади. У — Зиннат хола, ҳа, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийга гуппи чопон тикиб берган табаррук она бўладилар.

* * *

Мен бу ҳикояни ёзганимга бир неча ўн йиллар ўтди. Замон ўзгарди, тарихимиздаги баъзи воқеалар, шахсларга бўлган нуқтаи назар ҳам ўзгарди. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ўз даврининг илғор зиёлиси, маърифатпарвар инсон бўлиши билан бирликда ҳозирги замон инкор этган шўролар тузумининг шиорларини кўтариб чиққан шоир ҳам эди, шу муносабат билан унинг шахси ва ижоди хусусида турли салбий фикр ва қарашлар ҳам пайдо бўлди. Яқинда бориб кўрдик — Шоҳимардон ҳам ўзгариб кетибди, унга кираверишдаги ўша — бир туп садақайрағоч ҳам энди йўқ, Зиннат хола ҳам оламдан ўтибди. Ҳамза Ҳакимзоданинг мақбараси олдига Ҳазрат Алининг мозори тикланибди, унинг рўпарасига яна бир авлиё учун ҳонақоҳ тикланаяпти. Аммо Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ўз мақбарасида абадий уйқуда, хайрият, унга тегишмабди. Мен авлиёларнинг муҳташам қабрларига кўз югиртирдиму, шоир мақбараси томон шошилдим ва хаёлан: “Ассалом устоз, гарчи давр шамоллари сизга қанчалик терс эсмасин, сизнинг порлоқ хотирангиз абадий ўчмагай, чунки сиз ўз асарларингизда одамларга эзгуликни тараннум этдингиз, шу йўлда қурбон бўлдингиз”, дедим.

Мухтор Худойқулов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 − one =