Карантиннинг фойдаси

“Уйда ўтириб қолсам аниқ ишёқмас бўламан”, деган ҳадик бор эди. Ҳеч ишдан қолмасдим. Карантин сабаб уй-ичимиз билан уйдамиз. Бирон иш қилай десам келиндан ортмаяпти. Аввалига мен ҳам ширин овқатлар пиширишимни айтиб мақтандим. Сўнг келиннинг қўлидан қозон-товоқни олдим. Ош дамладим, салатни ҳам ўзим тайёрладим. Дастурхон атрофида қулоқ тутиб жим ўтирдим: қани нима дейишаркин?.. Ҳар тугул роса мақташди, кўнгил учунми ё ростданми, билолмадим.

Аммо, чини билан ғайратим жўшди, руҳландим. Бирдан тандирда нон ёпгим келиб қолди. Ўғлимга қараб: “Балки тандир қуриб берарсан-а, бир нон ёпай”, дедим. У индамади, мийиғида кулиб қўйди. Биламан ошхонамиз бору тандирга жой йўқ. Лекин…
— Ҳа, нега куласан? Ростдан нонлар ёпмоқчиман,— дедим ғайратимни яширмай.
— Қўйсанг-чи, — дедилар дадаси. — Ана, мана демай карантин ҳам тугайди. Кегин тандирвой: “Қачон келар экан анави чаққон хоним, нон ёпгани?” — деб кутиб умри ўтсинми, — дедилар кулиб. — Газетингни ўқи, — камига қўшиб қўйдилар.

Доимий ҳаракатда бўлганим боис руҳим енгил бўлса-да, вужудимда оғирлик сеза бошладим. Неварамни эргаштириб ҳовлига чиқдим. Бола баҳонасида ўзим ҳам арғамчи учдим. Бира-ам маз-за эдики, бунинг устига ҳур-ҳур шабада ёқимли эсиб турарди.

Илгари кўпам эътибор қилмаган эканман, ҳовлимиздаги гулзоримиз чунонам яшнаб турибдики, ял-ял очилган турли гуллар янги келиндек чирой очган. Олма, ўрик, шафтоли, гилос ҳаммаси ҳосил тугиб, барглари яшнаб ажойиб манзара кашф этганини қаранг. Кўзим тушиб, кўнглим яйради.

Қарасам, томорқада бўш ер қолган, картошка жўяларини юмшатиб устидан қум солиш керак. Енг шимариб ишга киришдим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай кўпқаватли уйда яшаб умрида қўлига кетмон олмаган ўғлим шерик бўлди. Унинг ортидан Жаҳонгирмирзо эргашди. Анча тер тўкиб ишладик. Занг босиб ётган кетмон ялтиллаб қолди ўзиям.

Бир пайтлар отам раҳматли тўшакли бўлиб ётиб қолгач, жўжабирдек жон — олти болани едириб-кийдириш биргина онам раҳматлига қолганди. Опам нимжонроқ бўлганлиги боис бригадир Амин ака менинг номимга меҳнат дафтарча очтирганини айтиб, дарсдан кейин бригадга ишга боришимни тайинлаганди.

Ўша дамлар кеч кирганда уйга келиб, овқатимни чала-чулпа еб, дарсимни ҳам қилолмай ўрнимга чўзилардим. Томорқа меҳнатидан кейин қотиб ухлаб қоламан, деб ўйлагандим, аммо сира ухлай олмадим. Зиммамда юк бор-да, онамни эсладим, ишлаб толиқдим демасди, бардошига, сабрига тан бермай иложим йўқ.

Эсимда ҳар гал эрталаб турсам қўлларим кафтлари қаварган, баданим зирқирарди. Туни билан бемор отамга қараб чиққан онамга билдирмасдан мактабга отланардим ўшанда…
Бу гал ҳам дарров кафтимга қарадим, вужудимга қулоқ тутдим, аммо на қаварганини кўрдим, на танамда оғриқ сездим…

Моҳира Шакарова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × two =