Мақсад жазолашми?

ёки ички ишлар вазирлиги мулозиминингпланни тўлдириш ҳақидагитопшириғидан кейинги мулоҳазалар

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган овозли ёзув кўзи очиқ одамларни ларзага солгани бор гап. Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги мухбирларининг билдиришича, ушбу овозли хабар подполковник Фаррух Холовга тегишли бўлиб, у ҳар бир профилактика инспектори кунига камида 5 тадан маъмурий баённома тузиш, режада белгиланган жаримани тегишли тартибда бажариш ҳақида топшириқ берган.

Бундан ташқари, видео хабарда: “Ҳозир селектор тугади, шаҳар раҳбариятидан Вафоев ўтказди (полковник Маҳкам Вафоев, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ҳ.Қ.). Сўров қаттиқ бўлди. Олмазор тумани йўқ, “больше не сушествует” биз учун деяпти. Ҳозир эшит, диққат билан! Кечқурун ҳам 22:00 да селектор, мен кираман. Уч кундан буён “протокол” (ҳуқуқбузарлик учун тузиладиган маъмурий баённома Ҳ.Қ.) бермаяпсизлар.

Ҳар бир “участковой” бештадан “протокол” тузсин, ҳар хил модда билан. Майли, агар суд ишламаса, “арест” (маъмурий қамоқ жазоси) қилмасин, жин урсин. Бошқа модда билан “протокол” тузсин. Қийин бўляпти жавоб бериш, сизлар кирмайсизлар-да, селекторга.

Менга гапиряпсан “одамлар ўлиб кетяпти”, деб. Қўлингдан келмайди одамларни қутқариш. Фақат шунинг олдини олиш бўйича ишлайсан, кимгадир ёрдам берасан, 183- (майда безорилик назарда тутилмоқда Ҳ.Қ.) бўйича “протокол” тузилса, шу ёрдаминг бўлади. Ишдамисан, демак, ишлаш керак. Коронавирус, коронавирус, коронавирус дейсанлар. “Результат” қилиб бер менга”, деб гапирган.

Энг қизиғи, ушбу гаплар, уяли алоқа воситасига ёзиб олинган овозли хабар ижтимоий тармоқларда қандай қилиб тарқаб кетди? Бундай ошкора топшириқ бериладиган йиғинларга журналистлар, блогерлар таклиф қилинмайди-ку!
Шундай экан, ички ишлар тизимида ҳали ҳам қалби уйғоқ, кўнгил кўзи очиқ ходимлар бор, улар аҳолини қўлидан келганича огоҳлантиришга ҳаракат қилаяпти чоғи. Ахир, ҳозирги коронавирус пандемияси шароитида маҳаллаларда истиқомат қилаётган аҳолининг кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари учун ҳам пул топиши бир мунча қийин кечаётганини ҳамма кўриб-билиб турибди. Бунинг устига йўқ жойдан “жарима” нима дегани? Наҳотки халқни ўйлайдиган раҳбар сунъий равишда шундай топшириқ беришдан уялмаса?
ЎзА ходимининг берган саволига Ф.Холов қуйидагича жавоб берган:

— Бу сизнинг овозингизми?
— Ҳа, бу овоз меники.
— Бу воқеа қачон бўлганди?
— Бу воқеа 14 июль куни бўлган. Telegramда туман раҳбарияти ва 8 та ҳудудий ИИБ раҳбарлари аъзо бўлган гуруҳимиз бор. Ўша ерда кўрсатма ва топшириқларни етказамиз. Бу овозли хабарни ўша ички гуруҳда қолдиргандим. Лекин қанақа қилиб кейин бу тарқаб кетди, очиғи билмадим.

Биласиз, фуқаролар кўчада ниқобсиз юрса, барибир чора кўриш керак, йўқса бир-бирига юқади, касаллик тарқайди. Қаердадир жанжал бўлса, профилактика инспекторини юборамиз, чора кўради, оғир жиноятларнинг олди олинади. Бу фақат олдини олиш учун, тинчлик-осойишталикни таъминлаш учун қилинган нарса эди, бировларга ёмонлик учун эмас.

— Демак, ички ишлар ходимлари учун маъмурий баённома тузиш бўйича кунлик режа бор экан-да?

— Ҳеч қанақа режа йўқ, агар ниқоб бўйича чора кўрмасак, ҳамма ниқобсиз юради ва бир-бирига юқтириб, вазиятнинг дабдаласини чиқаради. Бунга чора кўрмаса, бўлмайди-ку…
Лекин, бу жавоблар вазиятдан чиқиб кетиш учун айтилган баҳонадан бошқа нарса эмасга ўхшайди.

Чунки, Тошкент шаҳри кундан кунга кенгайиб, аҳоли сони ортиб бормоқда. Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, пойтахтдаги барча маҳаллалардаги турар-жой бинолари олдига кузатув камералари ўрнатилган. Ички ишлар ходимлари кўча кезиб юрмасдан тартиббузарни аниқлаши ва жаримага тортиши мумкин. Аммо, ривожланган давлатларда барча ишлар компьютер орқали бажарилади, полиция маҳалла ораламайди, уларда ўрнатилган тартибга тескари равишда бизнинг кундан-кунга маҳалла ва гузарларимизда милиция ходимлари кўпайиб кетаяпти. Бу ниманинг эвазига? Камералар керакли натижани бермаяптими?

Эслатиб ўтамиз, ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов июнь ойида ОАВ ходимларига интервью берар экан: “Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти бундай ҳолатга қарши курашади. Бугун нечта протокол қилдинг, бугун нечта маст топдинг, деб сўроқ қилинадиган ҳолатлардан йироқмиз. Бизнинг асосий вазифамиз — тинчликни, кўчаларда одамларнинг бевақт ўлмаслигини таъминлаш.

Тўғри, биз ходимлардан уларнинг ҳудудида содир бўлган авариялар учун ҳисоб сўраймиз, аммо бугун неча кишини жаримага тортдинг, деб сўрамаймиз. Бунга барҳам берилди”, деганди.

Аммо… аҳвол, ҳақиқий вазият генерал-полковник айтганидек эмасга ўхшайди.

Дарҳақиқат, соҳада кенг миқёсда тартиб ўрнатилмас экан, вазирлик мутасаддилари ҳам ички ишлар бош бошқармасидаги масъуллар ҳам турли жойларда содир бўлаётган соҳадаги бундай “сир”ларни жиловлай ололмайди. Эскича тартиб ва усулларда жазолаш, қўполлик ва одамларга ғайрича қараш ҳали ҳам соҳани тарк этмаётган кўринади. Милиция деганда аҳолида ҳанузгача “олабўжи”га қарашдек қандайдир ички ҳадик сақланиб қолётгани бежиз эмас.

Қолаверса, сир эмас ИИББ ЙҲХ тизимида ҳам шундай “режа”лар борлиги тез-тез қулоққа чалиниб туради.
Бундан ташқари, ЙҲХ (халқимиз тилида ҳамон ГАИ деб аталаётган) ходимларига ҳам кунига нечтадандир “нарушение” бўйича баённома тузиш топшириғи берилиши рост экан-да?!
Дунёга янгича кўз билан қарашни қачон ўрганамиз, ҳурматли командирлар! Ахир 10-15 миллион аҳоли яшайдиган катта-катта шаҳарларни ҳафталаб кезиб ҳам битта “ГАИ”ни кўрмадик, биров келиб: “Сен ким, ҳужжатинг қани?” — демади-я деб ҳайратланади, карантиндан олдин дунё кезиб юрадиган юртдошларимиздан бири. Рост, ҳамма эркин ва лекин ҳамма жойда кузатув камералари бор.

Ахир, пойтахтимиз кўчаларида ҳам камералар ишлаётганига бир неча йил бўлиб қолди. Аммо ҳар бир муюлишда, кўчада ҳамон ҳаракат хавфсизлигини таъминловчи “ГАИ”лар кўп! Нимага, ким учун, нима учун?!

Наҳотки, мақсад одамларни жазолаш, жаримага тортиш бўлса?! Нима учун ИИВ тизимларида бугунги давр талаби даражасида ўзгариш сезилмаяпти?!

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати масъул ходими Шерали Мирзачаевнинг юқорида келтирилган овозли ёзувлар юзасидан “Sevimli” телеканалининг “Замон” ахборот дастури кўрсатувига берган интервьюсидан ҳам бирор бир мантиқни англаб олиш қийин.

Мамлакатимиз янгиланиш, халқимиз билан биргаликда Янги Ўзбекистонни қуриш йўлидан илдамлаётган бир пайтда, асосан, кичик лавозимдаги шахслар балогардон бўлиб муносабат билдиришмоқда. Лекин ИИВ масъуллари ижтимоий тармоқларда тарқалган юқоридагидек аудиоёзувларга, матбуотдаги чиқишларга изоҳ бермасликларининг замирида ҳам қандайдир “сир” борми?

Ҳикматулло Қодиров.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × five =