Тўққизинчи қават
Муаллиф ҳақида: Қулман Очил — муштарийларимизга яхши таниш. Чироқчи туманидаги Кўкдала қишлоғида туғилган. Ўнлаб бадиий, публицистик, таржима асарлар ҳамда китоблар муаллифи.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист. Мамлакатимизнинг йирик марказий нашрларида, жумладан, “Hurriyat” газетасида масъул лавозимларда ишлаган. Ҳозир Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг маслаҳатчиси.
Назарида, уни кимдир кун бўйи қадам-бақадам кузатиб юрди. Ишхонасига кираётганида, бозор оралаганида, дўкондан чиқаётганида, бир жуфт кўз безовта тикилиб турганини сезди. Икки-уч марта илкис ортига бурилиб, ён-верига синчков қаради. Дўкон деразасидан кўчага аланглади, лекин таъқибчини тополмади.
“Асабларинг чарчабди”.
Йигит машиналар тизилиб турган торгина бетон йўлак четида тўхтаб, уловидан тушганида яна ўша таъқибчининг ўткир нигоҳини сезгандай бўлди. Атроф сим-сиёҳ. Яланғоч дарахтлар уйқусираган гунгқарғадай серрайиб турибди. Охири туманга сингиб кетган баҳайбат иморатнинг бирорта дераза-тирқишида ялт этган шуъла кўринмайди.
Лиқ тўла қора елимхалтани чап қўлига олиб, калит тугмачасини босди. Машинанинг чироғи ялт этди-ю, сигнали ҳорғин чийиллаб қўйди. Димоғига аччиқ газ ҳиди урилди.
Икки чаккаси лўқиллаб оғрий бошлаган эди. Буни у яна ҳорғинликка йўйди. Тезроқ тўшакка етгиси, етасолиб, таппа ташлаганча тошдай қотгиси келаётганини сезди. Гўё, бўйнига зил-замбил тош осилган-у вужудида қон эмас, қўрғошин айланаётгандай. Чуқур уф тортди. Юки оғиргина эди, халтачанинг тагига қўл юбориб, кўкрагигача кўтариб олди: “қулоғи” узилиб кетиши мумкин. Ўчакишгандай, ёнидаги телефони ўчиб қолганини эслади.
Тўхтади: халтани шу топда тепага қучоқлаб чиқиши шартми? Эрталаб, кун ёришгунича, сабр қилса, осмон ўпирилиб, ерга тушмас. Машинасининг юкхонасида қолдирмоқчи бўлди. Эринди. Йўқ, ортга қайтгиси келмади. Ирим қилди. Иримкашлигидан ижирғанди.
“Шунга шунчами? Кўтариб чиқаман!”
Яна иккиланди. Тўққизинчи қаватгача ҳансираб пиёда чиқиб юргандан кўра, шартта машинасига ўтириб, ишхонасига қайтиб кетгиси келди.
“Биринчи марта эмас-ку”.
Кеч қолган кезлари тўртта курсини қатор тизиб, устида ухлаш — хонадош осийларга хос ва мос. Буни хотини ҳам билади.
Оёғи беихтиёр олдинга бошлади. Қадамини ғадир-будур бетон йўлакка авайлаб босганча эшик томон юрди. Қалин буталар панасида нимадир эласлангандай бўлди. Чўнқайиб ўтирган одамнинг кўланкасига ўхшаб кетди. Кўппакбашара — тумшуғи узун, ёноқлари ёнғоқдай бўртиб чиққан барзанги кўз олдига келди. Лабини ялаганида тилининг учи бурнига кириб кетай дейди:
“Каллангни олиб, қўлингга бераман, шен калнинг!..”.
Йигит бу дағдағани эшитиб, қўлларига кишан урилган барзангига бир лаҳза қаҳрли тикилиб турганини ва осойишта, шу даражада осойиштаки, ҳалигача ўзи ҳайрон бўлади, завқланади, жавоб қилганини эслади:
“Марҳамат! Энди билганингни ейвер!..”.
Бир силтови камга кейин минг силтаганинг билан бир пул. Ажалидан беш кун олдин ўлмаса, тинчимайди.
Тўхтаб, буталар томонга қаттиқроқ тикилар экан, атрофга қулоқ тутди. Ярим тунгача вағир-вуғур қайнаб ётадиган уйнинг олди сув сепгандай. Кимга зарил келибдики, шундай совуқда кўчага чиқса.
У яна таъқибчининг шарпасини сезгандай бўлди. Афтидан, у яқинда, жуда яқинида турарди. Нимадир шитирлади. Шамол эмас. Туманли тунда шабада турмайди.
“Светни график бўйича ўчиришган бўлса-ку, майли, — деган шубҳа оралади кўнглига. — Худди биров атайлаб ҳамма ёқни зимистон қилиб қўйганга ўхшайди. Тавба!”
Қайси бир йили Яккасаройда муттаҳамлар трансформаторни ишдан чиқариб, зулматга чўккан маҳаллада бир оилани бола-чақаси билан чавақлаб кетишганди.
Оёғининг остидан нимадир патирлаганча югуриб ўтди: “Ми-иё-ёв!”.
“Ҳа, бошингни егур!”
Тупурди.
Пайпаслаб темир эшик қабзасини топди. Муздай экан.
“Очиқ-ку!”
Свет бўлмаса, электрон қулф қайси гўрдан ишласин. Очиқ бўлади-да. Йўлак ичи баттарроқ зимистон эди. Энди қандайдир шарпа “лип” этиб йўлакнинг ўнг кунжагига ўтиб, ўзини бурчакка олгандай бўлди. Нариги кўчага зориллаб бурилган машинанинг чироғи “лип” этиб ўтди-ю, товуши тинди.
“Хотинимни чақирсаммикин? — деб ўйлади у бўсағада турганча. — Нима бўпти? Ҳарна-да. Ёрдамлашиб юборади”.
Яна фикридан қайтди. Нима деб, қандай чақирасан? Она-бола аллақачон ухлаб ҳам қолган бўлса керак. Ярим тунда бутун дунёни бошингга кўтариб бақирасанми?
Оёғи билан эшикни кенгроқ очди. Кўзи қоронғиликка кўникишини кутди. Беҳуда. Секин остона ҳатлади. Ташланса, тирсакни кўндаланг қўйиш мумкин. Бошни эҳтиёт қилиш керак.
Темир суянчиқли зина уч-тўрт қадам нарида. Эсон-омон етиб олинса, қолгани бир гап бўлар.
Яна икки қадам қўйди.
“Ваҳимангни қара-ю!”.
Учинчи қадамни қўйиши билан кимдир ўнг товонига тепди. Оёғи осмондан келиб, орқасига гурсиллаб йиқилди. Халтачадаги картошка-пиёз сочилиб, елимхалтага ўралган муздай гўшт нақ юзига тушди. Бир лаҳза карахт ётди. Бир лаҳза! Йўқ, ҳуши жойида эди.
Ҳеч ким ташланмади. Тепкиламади. Урмади.
Тирсагига таяниб сапчиб турмоқчи бўлган эди, оёғи яна сирпаниб кетди. Пайпаслади. Қўлига ярим тилим пўчоқ илинди.
“Тарвуз емай, ўл! — деди тишларини ғижирлатиб. — Падарингга минг лаънат, сендай иплоснинг!”
Шундай деб гапиринди-ю, дарҳол тилини тишлади. Бу — гўдакнинг иши. Пўчоқни катталар ташламайди. Балки ўзининг ўғли отиб юборгандир. Ўтган куни қайнилари тарвуз олиб келишганди.
Нам қўлини беихтиёр замш курткасининг биқинига суртди.
Инқиллаб-синқиллаб ўрнидан турди ва сочилиб кетган харидларини топиб, халтачага солишга тушди. Боши, тирсаги қаттиқ зирқираб кетди. Кўнгли айнигандай бўлди.
“Худо-Худо, миям чайқалмаган бўлсин!”.
Бўйнига ёпишган чумоли кўкрагига томон ўрмалай бошлади.
“Қаҳратонда ҳашаротга бало борми?”.
Шоша-пиша энсасига қўл юборди: “Қон!”
“Бу ердан тезроқ қуриш керак! Биров кеп қолса, ғирт маст экан деб ўйлайди! Ана шармандалик!”.
Янги йилга деб коньяк олмоқчи эди. Пули камлик қилди. Худо сақлаган экан. Ҳозир шишаси синиб, расвосини чиқарарди. Кўрку салобати жойида йигит уст-боши қон, спирт сасиб, остонада ағанаб ётса.
Курткасининг чўнтагида нимадир шитирлагандай бўлди: “Гугурт!”.
Юзи буришиб кетди. Нега шу ордона қолгур аввалроқ эсига тушмади.
Пайпаслай-паспаслай иккинчи қаватга етиб, тўхтади. “Чумоли” белига қараб ўрмалаб борарди. Ҳамманинг эшиги қалин темирдан. Йўлакда бомба портласа ҳам эшитмайди. Лекин бирорта бузмакор очаман деса, ҳали-ку темир, бетонниям тешади.
Иккинчи қаватнинг зина томонида бир хоним туради. Қўшниларнинг шивир-шавирларига қараганда, “кўчага” алоқадор. Ўзини зодагон қавмидан ҳисоблайди, чоғи, улай-булайни одам ўрнида кўрмайди. Сонини кўз-кўз қилиб киядиган кўйлагидан кўра эрини кўпроқ алмаштиради. Янги жазман топган куни квартирасининг олдидаги зиналарнинг ранги ўзгаради. Эринмасдан бўяб, деворларига нақшу нигор, гуллар чиздиради. Янги эрга, янги пояндоз: “Қадамларингизга ҳасанот, акажоним!” Ҳозир зиналари напармон, деворлари — пистоқи. Элнинг оёғи тинганда келиб, кун ёришмасдан думини хода қиладиган янги жазманининг таъби яшилга мойил, чамаси.
Қоронғида йигитнинг юзида заҳарханда пайдо бўлди:
“Қўяберинг, ўйнасин!”
…Энди кўчиб келган пайтлари эди. Ҳали кўпчиликни танимаса-да, кўринган одамдан саломини аямайди. Тун оққанида эшик қўнғироғи жиринглади. Очса, сўлқиллаган оқ бадан бир жувон. Туришлари бошқача. Ҳилвираган қизил ички кўйлакда. Сийналари лорсиллаган. Билаклари илондай. Елкалари: “кел, мени қуч, ўп, эркала!” дейди.
“Кирсам майлими?” — деб эҳтирос билан шивирлади аёл.
“Тинчликми?”
“Английскийдан ёрдамингиз керак бўп қолди. Илтимо-ос!”
Аёл фитнагар кўзларини сузди.
“Инглизчани хотиним яхши билади. Мен…”
“Хотинингиз йўқ-ку. Қишлоғига кетган…”
Йигит ночор кулимсиради:
“Ҳозир бандроқ эдим. Ёзув-чизув дегандай…”.
“Унда, телефон номеримни ёзиб олинг. Чақирсангиз, дарров чиқаман. Ё, ўзингиз меникига тушинг. Шилпилдоқ пишириб бераман”.
Аёл “шилпилдоқ”ни қичиқ билан айтар экан, пиқиллаб кулди ва қизилга бўялган оғзи калишдай бўп кетди.
“Ошқозоним шилпилдоқ билан унча келишмайди”.
Бу гапга ёлғон аралашмаганди: ошқозони бузилишга доим баҳона излаб туради ўзи.
“Қовурдоғим ҳам бор. Уйимда ҳеч ким йўқ…”
“Номерингизни айтинг!”
“Ёзиб олмайсизми?”
Ширага тўлган жувоннинг терилган қошлари чимирилди.
“Хотирам жойида. Эслаб қоламан”.
Йигитнинг вужудида нималардир жунбишга келиб, аёлнинг яланғоч елкасини силагиси, ҳатто ўпгиси келди, лекин юраги дов бермади.
“Жавҳарлари миясига урган кашмири”.
Оғзидаги гапи бўғзида қолган жувон зарда билан бурилиб, зинадан тушиб кетди.
Кейин Худонинг берган куни унинг ишдан қайтишини кутиб ўтирадиган одат чиқарди. Деразасидан баъзан “келинг” деб имлайди. У бош ирғайди: “Шошиб турибман!”.
Йигит бир куни ишга кетаётганида, эшик олдида гап сотиб ўтирган жувон изидан бепошна гап қилди: “Шундай йигитга бир саҳройи хотиннинг эгалик қип ўтириши — увол-да!”
“Оббо! Бу энағар ҳали бирор нағма кўрсатмаса гўргайди”.
“Алам-о, алам-о!” деб пиқиллаб кулишди ёнидаги аёллар.
…Шипиллаган қадам товушлари ва кимнингдир ҳансирагани қулоғига чалингандек бўлди. Йигит тўхтади. Томоқ қирди. Сукунат. Ўзининг нафас олишидан бошқа сас-садо эшитилмади.
“Вос-вос бўп қопсан, бола!”
Димоғига бўёқ ҳиди урилди. Зиналарнинг четига калта-култа тахта, елимчелак, қақир-қуқур тўла қоплар териб ташланган. Демак, учинчи қаватга етибди. Йил-ўн икки ой аҳвол — шу. Таъмирлаш, созлаш тугамайди. Ҳали у қўшни, ҳали буниси — туну кун тариллатган, гурсиллатган, тақиллатган. Домчилик. Ўзининг олдидаям шундай бесаранжомлик, ташвиш турганини эсласа, йигитнинг юраги орқасига тортиб кетади. Неча йиллик ижарахонликдан кейин етган квартирасида дунёнинг иши бор. Занглаб кетган қувурлари чириб битган, қорайиб, қурим босган деворларининг юзига қараб бўлмайди. Неча авлод ижарачи-талабалар салтанатидан қолган мерос.
Насиб қилгани шу экан. Олти ой излаб, бундан дурустини тополмади. Хотини билан харидор бўлиб келдию, тўрт хонали ҳайхотдай квартирадан иккаласининг ҳам чиққиси келмай қолди. “Жойи баҳаво, айвони стадиондай келаркан, — деб шивирлади аёли. —Кам-кўстини кейин тузатиб олармиз”.
Кўчиб келишдан аввал суварагу қурт-қумурсқадан тозалади, обдон дорилади. Бироқ қамоқхона камерасидаги каби тамаки-ю тернинг аччиқ ҳиди ҳалигача буткул кўтарилгани йўқ. Сонга солишнинг катта харажати бор. Гина ўзидан. Қайнотаси узатган пулни олмади.
“Харидингизга биз ҳам ҳиссамизни қўшайлик, — деди қайнота. — Яхши ният билан қантариб қўйган икки новвосим бинойигина пул бўлди”.
Куёв кўнмади.
Баркашдай юзи қип-қизил қайнотасини ўтган гал қишлоқда, қариндошининг тўйида кўрди.
“Менинг кўрадиган фойдам — шу, тўй-маърака, — деб кулди ширакайф қайнота. — Уйга борсам, ўн жон мени ямламай ютаман деб кутиб ўтиради. Бири уйланиши, бошқаси эрга тегиши керак. Бировига кўйлак керак, бошқасига иштон. Қайнонангиз ун деб додлайди, мой деб додлайди. Тўйга эрта келиб, кечгадовур ўтираман. Нима қилай, мажбурман. Маҳалла оқсоқолининг иши шу. Кимдир бош-қош бўлиши, тартибни сақлаши керак-ку. Тўғрими? Ҳа, балли! Эрталаб тураману урра қочаман: фалон жойда майлис бор! Худога шукр, ўзбекнинг нимаси кўп — тўйи. Яна тўй, яна маърака!.. Сиз шошилманг, куёв! Яна бир жуфт, бир жуфт олайлик. Кейин бирга турамиз. Бизникига борамиз. Аллағайтиб кеп қопсиз, бир пиёла чой ичиб кетасиз. Олинг, манави гўштдан олинг. Ҳилжиллабгина пишган экан, жонивор…”
Уларнинг тақдири ўхшаш: қайнотанинг отаси ҳам куёвиники каби ёш кетган эди. Бир этак бола чирқиллаб қолган. Иккаласи ҳам аввал сингилларини чиқарган. Кейин укаларини уйлантирган. Етим боши билан ўқиганини айтмайсизми. Қайнота — Самарқанднинг аграрида. Сиртдан. Куёв — Тошкентдаги университетда.
Мана энди, қайнота бошини кўтариб қараса, ўзининг болалари катта бўп қопти. Бешовидан қутулган. Яна бешовгинаси бор.
“Ўғилларим ўқийман деб темтинмайди, — деб бошини чайқайди тўйбоши. — Темтинмасанг, энангнинг қорнига, дейман. Ҳаммаси бекорчи. На тўйда бор, на азада. Бировнинг бурнини бўшатмаган одамни ким назарига илади? Ҳеч ким! Тўппосдай бўлиб ётавермай, ишла, десанг, иш йўқ дейди. Қирққа кирган гўрсўхтанинг ўзиниям, бола-чақасиниям ота боқиши керак. Ота! Қўлингда бит ўлмаса, ишни қаердан топасан! Ўғилми, қизми — бандасининг маънили касб-кори, ҳунари бўлсин экан, болам. Бўлмаса, бу ҳаётда момосини кўради!”.
Қайнота терга ботган гўштдор қўлини силтайди:
“Майли, ҳеч бўлсаям, тинч бўлсин. Лекин сизга тушган тўнғичим, ўзи майиздай қоп-қорагина бўлсаям, ақлли қиз. Чумолидай меҳнаткаш. Ўзимга тортган. Сиз ҳам каллали йигитсиз. Тиришқоқсиз. Куёвни қайнотанинг тупроғидан яратади… Ҳи-ҳи… Олинг, болам, муздайгина экан. Яна биттадан олайлик, кейин турамиз…”
Йигит зиналарни бир-бир босганча, темир панжарага таяниб- суяниб чиқиб борар экан, жилмайиб қўйди. Қўлига нимадир ёпишгандай бўлди. Тўхтади. Бўёққа ўхшамайди. Суюқроқ. Қонми? Йўғ-е! Сув, шекилли. Саришта келинлардан бирортаси йўлакни супурган кўринади. Қўлини димоғига олиб борди. Сийдик! Кимдир тепадан туриб чоптирган.
“Иплос!”
Яна лабини тишлади. Ўғли — бевошроқ, муштдай бола ҳалитдан текканга — тегади, тегмаганга кесак отади.
Ўтган ёзда, бола-чақаси қишлоққа кетганида ҳам чироқ ўчиб қолган. У айвоннинг очиқ деразаси олдида тамаки тутатиб турган эди. Туйқусдан икки безот ортидан келиб икки қўлини қайирди. Қулфи алмашавериб, шалвираб қолган ёғоч эшикни очиш дордан қочганларга писандми. Йигитни тиз чўктирар экан, оқ кроссовка кийгани энсасига кафтининг қирраси билан яхшилаб туширганини сезди. Кўз олдини туман босди.
Қора этиклиси бўйнига тиззасини қўйди. Этигининг қалин пошнасидаги лой ғира-ширада сарғайиб турарди.
“Миқ этшанг, ўлашан, — деди қора этик. — Бишга пул-мулинг керакмаш. Бишни рўйхатингдан ўчир!..”
Овоз эгасини таниди. Бир марта учрашган эди. Оғзида тиши қолмаган. Ўттиз ёшлардаги нокас.
“Ўчирашанми?! Йўқ дешанг, уй-пуйинг билан бирга ёқиб юборамиш!”
“Тепамда қанча бошлиқ бор!”.
“Бошлиқларинг минан ишинг бўмашин!.. Ўчирашанми?!”.
“Ҳаракат қиламан”.
“Тилингни тий. Шашингни чиқаршанг, бола-чақанг билан куйиб кул бўлашан! Чучникдингми?”
“Ҳа”.
Нимадир қирс этди. Ҳушига келганида, бурнидан оққан қон полнинг устида ҳалқоб бўлиб қолганди.
Кейин йигит аламини олди:
“Марҳамат! Энди биланингни қил!..”.
У пешоб теккан қўлини халтага артган киши бўлиб, зиналар оша юқорилади. Ҳансирай-ҳансирай олтинчи қаватга етиб, халтани панжара устига қўйди.
Яна оёқ учида юрган одамнинг қадам товушлари, шивир-шивири келгандай туюлди. Зина томондан лифтнинг олдида турган одам кўринмайди.
Йигит йўталган бўлди. Жим-жит.
Бу ерда Умида опа яшайди. Ўткир аёл. Одамнинг тиллоси. Йигитнинг хотинига мактабдан иш, ўғлига боғчадан жой гаплашиб берган. Шу опа билан борди-келдиси қалин.
Саҳройи хотинга увол кўрилган “мулк” ҳақидаги гап аёлининг қулоғига етиб борган экан, бир оқшом ишдан келса, фатила сочлари қўқиган, юзлари тимдаланган, қалт-қалт титраган. Онасининг оёғига ёпишган бола тинимсиз ориллайди. Икки хотин дунёни бошига кўтариб ёқалашибди.
Эрини кўриб, отасининг “ақлли қизи” бир алами минг бўлиб, жаврашга тушди: “Мен ўша ҳангининг бошини ейман! Бошгинасини ейман!”.
Йигит кулди.
“Ҳа-а, ўша ювуқсизнинг гапи сизга жуда ёқиб кетдими? — Хотин зотининг жағи очилмасин, очилса, ёпиш қийин. — Унда, мени ҳайдаб, ўша ичкиннани олинг! Камлик қилаётган бўлсам, устимга олинг!..”
Умида опанинг келиб қолгани жонига оро кирди. Учиб-қўниб турган келинчакнинг ҳовурини босди.
“Туғёндан қочинг, сингилжон! — деди адабиёт муаллимаси. — Шукр денг, эрингиз оғиргина йигит. Анави хотин ўзи шунақа, сал бўмағирроқ. Саннайверади. Асло парво қилманг, ичи куйиб ўлсин”.
…Яна бир зарб берилса — тўққизинчи қават. Рўпарада лифтёр яшайди. Ҳеч кимнинг кўнглини қолдирмайдиган одам.Чироқ куйса ҳам, жўмрак бузилса ҳам, шу одам балогардон. Лалига солиб ўтирмайди, дарров келадию, бир зумда тузатиб беради. Паканагина, жиккакина. Юмалоққина юзи доим кулиб туради. Ўзи — театрнинг собиқ саҳна безовчи устаси, аёли — опера хонандаси. Қўшнилар пичинг қиладими ё чинми, билиш қийин, устанинг қўлидан одам ясашдан бошқа ҳамма иш келади. Ёлғиз ўғлининг бангилик бошига етган. Эр-хотин уйидаги ҳожатхонага ҳам боғча болаларидай қўл ушлашиб, бирга боради, дейишади. Бири чиққунича иккинчиси эшикнинг олдида интизорлик билан кутиб турармиш. Элликдан ошган аёли ҳозиргина чимилдиқдан чиққан келинчакдай, доим ясанган-тусанган.
Тансиқ таом пиширса ё уста бозор- ўчар қилиб келса, шу хотинни қўшнисининг эшиги олдида кўрасиз: “Шугинани ўғилчангиз билан баҳам кўрарсизлар! Айтганча, болакай ўзи уйдами? Айтинг, бизникига чиқиб, амакиси билан озгина гурунглашиб ўтирси-ин. Илтимо-ос, келинжон!”
Ширинтомоқ боланинг “текинга” чиққиси йўқ. Қанд-қурс, ўйинчоқ, сайри боғ ваъда қилинса, чол-кампирнинг олдига чопади.
Йигит эшигининг олдида тўхтаб, халтани тиззасига қўйди ва энсасини силади. Қон тўхтамаган эди. Кесакининг ёнидаги тугмачага ўнг қўлини юборди.
Ичкарида қўнғироқ қаттиқ жиринглаб, ҳаммаёқ ёришиб кетди.
“Астағфирулло-оҳ!”
Темир эшикни уйқусираб очган жувон эрини кўриб, ўзини орқага ташлади:
— Вой, ўлмасам! Вой! Ким? Ким қилди? Нима бўлди?
— Ким-ким? Ким бўларди, сомсапаз-да! Ҳамманг гўшт-гўшт, деб чопасан. Уё-ёт эмасми! Пиёзданам тотли сомса пиширса бўларкан-ку!
— Ҳазилингизам бор бўлсин! Айтинг ахир, нима бўлди?
— Нима бўлди эмиш! Тирик қолганимга шукр қилсанг-чи! Мен сенга, терговчиларга ҳам осон эма-ас, деб айтмаганмидим! Бозорингни қизитгунча, манави халтани олсанг-чи, ахир!..
— Ҳозир! — хотини мурсагининг барини ёпиб, халтани оларкан чинқириб юборди. — Дадаси-и, анави ки-им?.. Анави нима-а?!
Йигит кескин бурилиб, шундоққина оёқлари остида қора итнинг қон сизиб турган калласини кўрди. Калланинг пешонасига чуқур қадалган пичоқнинг қизил дастасида яшил лента осилиб турарди.
У кўрсатгич бармоғини лабининг устига босди: “Жим!” Уйининг эшигини оҳиста ёпиб, чордоққа олиб чиқадиган темир зиналар томон юрди.