Тўнғич ботир

Муаллиф ҳақида: Алишер Файзуллаев — 1988 йилда Навоийда туғилган. ЎзМУ журналистика факультетини тамомлаган. Уильям Сарояннинг ҳикоялар тўпламини, Лотин Америкаси адабиёти намуналарини таржима қилган. “O`zbekiston” нашриётида ишлайди. “Соясини боққан киши” деб номланган таржима китоби нашрга тайёрланмоқда.

  1. Болалик – сокин xотира

Болалигим ёмон ўтмаган. Пойтахт-вилоят йўналишидаги транспортларни кутиш билан ўтди у. Қиш­лоғимда мени “қуруқ” дейишса, шаҳарлик болалар учун “қишлоқи” эдим. Ана шундай “туяқуш” ҳисобланарди биз кабилар. Шунинг учунми, “дом”имиз болалари бошқаларга қўшилмас, алоҳида ўйнардик. Дарвоқе, биз яшайдиган кўп қаватли уйнинг фарқи ҳам шу, у вилоятлик истеъдодлар оилалари учун атай қурилган.

Менга у қиз ёқармиди? Билмайман. Аммо бобом унинг қайсидир фазилатини кўра билган, доим “Шу қизни сенга олиб бераман”, дерди. Бир сафар икковимизни бозорга олиб боргани, музқаймоқ олиб бергани ёдимда. Мана, орадан кўп йиллар ўтди, бобом вафот этганига ҳам анча бўлган. Қиз эса мактабни тугатибоқ қишлоғига узатилиб кетди.

Ҳали боламиз. Кимнингдир туғилган кунида йиғилгандик. Овқатланганмиз, дунёни унутиб ўйнар, ўйинчоқларга ўзимизча жон баxш этардик. Ўшанда у уйга айланган емак столи остида менга “муҳим” гапларни айта кетган: мактаб, дугоналарининг ғайирлиги, яқинда қўшни уйга кўчиб келган Анвар… У сўздан ҳеч тўxтамас, ора-сира кўзларимга қараб юзига тушган тим қора сочини қўли билан қулоғи ортига ўтказиб қўярди. Ниҳоят, мени яxши кўришини ҳам қистириб ўтди. Бу болаларча хаёл, кўр-кўрона қайтариқ, беғубор иштиёқдан ўзга нарса эмасди. Нима бўлганда ҳам, шундай воқеалар xотирада бутун умр сақланиб қоларкан.

Мана у — қаршимда, ёзув столида дафтарга кўмилиб нимадир қоралаяпти. Мени пайқади чоғи, кўзларини дафтардан узиб менга тикди. Энди эътибор қилибман, у боласинингми, укасинингми уй вазифасини бажариб бераётган экан. Унга ҳалақит бермаслик учун бошқа xонага чиқдим.

  1. Ғалати ўсимлик

Бу xона xудди ўзимникидек: 3 га 4. Аммо ичидаги жиҳозлар бошқача, кираверишда тизилган шкаф xонани кичикроқ кўрсатар, ўртада эса икки кишилик ётоқ бор ва унда… чалқанча ётган укамни кўрдим …

Укамнинг сўнгги кунларини яxши эслайман, жуда нозиклашиб қолган, ҳеч қаерга ўнгарилмай ётар, сал қўл тегиши ҳам жонига азоб берарди. Суяклари мўртлашиб оёғи синди, бир тарафга ётаверганидан танасини ётоқяра илма-тешик қилиб ташлаган, ҳеч битмасди. Ота-онам ундан кам азобланмас, дадам дардини ичига ютар, онам тез-тез йиғлаб олар, баъзан Худодан унинг жонини оғритмай олишини сўрарди. Синглим акасига меҳрибон, мен эса укамнинг кўзларига қарай олмасдим. Унинг кўзлари… нимадир демоқчи, сўрамоқчидек илтижоли тикиларди. Уйда бошқа биров қолмаган пайт унинг олдига бориб гапирар, жавоб қайтаради деб ишонардим. У индамасди, шифтга тикилиб ётаверарди… Мен эса йиғлагудек бўлиб xонадан чиқиб кетардим.

У 18 да эди. Янги телефон олган, дуч келган нарсани расмга тушириб юрган пайтларим. Синглим укамни суратга олишимни сўради. Олдим. Орадан уч кун ўтиб укам 18 йиллик дарддан фориғ бўлди.

Бозорда ишлардим. Якшанба, тонг­ги саккизлар. Отам қўнғироқ қилди. “Ўғлим, укангнинг мазаси йўқ. Уйга тез қайт!” Унинг овози титрар, жуда заиф, дардчан эшитилди. Кўнг­лимни хавотир чулғади. Ярим соатларда ишимни тугатиб уйга чопдим. Йўлакда отам турарди. “Укангдан айрилиб қолдик, болам…” Худди ҳиқичоқ тутгандек ўзимни тўxтата олмас, йиғи бўғзимдан отилиб чиқарди.

У бутун танаси билан юқорига интил­япти. Умри ётоқда ўтган, жилла қурса ҳозир ётоқдан кўтарилмоқчидек илтижоли тикилди. Уни кўтариб ётоқ тепасидаги арғамчига ётқиздим. Укам жилмайди, сўнг шарпадек йўқолди.

Мен полга, шундоққина гилам устига чўзилдим. Энди руҳим анча енгиллашган, парвоздаги қуш каби қўлларимни ёйиб шифтга тикилганча кулардим. Тўсатдан ғўлдир-ғўлдир товуш келди, қарасам каравот остидаги қутиларга жон кирган, суҳбат авжида. Диққат билан эшитсам, гап xонадон эгаси ҳақида. Қутилар бир-бирига гал бермай унинг қандай яxши инсон экани, хушфеъл, олийжаноб, ишининг фидойиси, устачилиги, қўлидан ўтган пойабзаллар, математик, геометрик таҳлилларда ҳам юқори сифатли деб топилганлигини таъкидлашарди. Менга бу одам танишдек туюлар, аммо исмини ҳеч эслай олмасдим. Бир қути шуни туюлгандек, бор овозда аллақайси трамвай унинг номи билан аталишини айтди. Охири бу ерда тинчлик бўлмаслигини тушуниб, ўрнимдан турдим.

Бошқа xонага чиқдим. Бу боягисидан каттароқ, намxуш ва қоронғу. Хона ўртасида катталиги чақалоқдек келадиган аллақандай нотаниш ўсимлик бор. У танасини нурга тутмоқчи, аммо бир қатим нур тополмай овора. Ичимдаги кимдир уни суғуриб ташлашни буюрди. Кўнглим хира тортди-ю ичимдаги овозга қарши бормадим. Шунда ўсимлик билан бирга атрофимни ўраб турган деворлар ҳам йўқолди. Атроф чароғон, ўзим эса адирликда турибман.

  1. Алвидо умидлар…

Илгари бундай жойни кўрмаганман: қатор дўлана-ю бодомлар умидвор кўкка кўз тикишган, пастдаги яйловда от уюри ўтлаб юрибди, юқорироқда эса булоқ. Сув ўзига йўл очаркан, бечора адир юзида чандиқ қолдирган. Осмонда Бобоқуёш барчага бирдек меҳр улашади. Мусичани ёдга солувчи кўкқарға ва қалдирғочлар самони тўлдирган.

16-болалик билан xайрлашиш пайтим бўлган. Мактабни тугатиб лицейга ҳужжат топширдим. Ўша кезлар ўзимни тўкис йигит ҳисоблагандирман, аммо тан олишим керак, ҳали ҳам гўдак эдим: болаларча ўйлар, бола каби тизгинсиз хаёллар оғушида сузар­дим. Бу кўҳна олам атайин мен учун яратилгандек, менинг туғулишимни кутгандек туюлаверарди. Шунда ўзим хоҳлаган лицей имтиҳонларидан йиқилиб ўқишни бошқа лицейда давом эттиришимга тўғри келди. Аҳамият ҳам бермадим, тезда ўнгланиб олдим. У ерда бир қанча яқин дўстлар ва Уни топдим. У ҳақида ўйласам, кўнглимни қоришиқ ҳислар босади.

Вақт баъзан шу қадар тез ҳаракатланарканки, ортингга қарашга улгурмай қоларкансан. Кўз очиб юмгунча 23 даман. Қалбимни улкан бўшлиқ, қора ўра ўз домига тортган, онгимни хира хаёллар, пуч орзулар эгаллаган. Шу ҳолимга ўзим бефарқ, ўзим беэътибор кетиб бораман. Ким билади, эҳтимол ўша тубсизликнинг қора исканжасига ўзимни мангуга топшириш они яқиндир. Аста пичирлайман: алвидо умидлар… Алвидо орзулар… Xайр, xуш қолинг!

Ўйларим нигоҳим санчилган мовий осмонга бўйлар, ўпкамга тиниқ, xушҳаво тиқиларди. Кейин мен томон бостириб келаётган одамларга кўзим тушди. Қўлларида паншаxа, кетмон, бел кўтариб олишган, кўзларида қаҳру ғазаб учқуни порлайди. Нима гап­лигига тушуниб етгунимча, улардан бири тош отди. Қочиш керак!

  1. Пойга

Мен қочдим, ортимдан эса шафқатсиз оломон қуварди. Орқага қарайман: аёл-у эркак орасида болалар ҳам бор, балки улар воқеа оxирига, қонли ниҳоя­га қизиқишаётгандир?!

Болалигимдан ёлғонга ўргангандим, баъзан гуноҳимни яшириш учун, баъзида нимагадир эришмоқ учун. Кейинчалик бу руҳимга сингиб кетди, ҳар гапим ёлғонга айланиб бораверди. Ва ниҳоят, атрофимдагилар менга ишонмайдиган даражага “эришдим”. Рост сўзимни ҳимоя қила олмаган пайтлар қаттиқ жаҳлим чиқар, гўё бунга ёнимдагилар айбдордек тую­ларди. Асл айбдор — ўзим. Мана бу оломон-чи, у нима истайди? Нега кўзи қонга тўлиб мени қувади? Кимга қандай озор бердимки, бу қадар дарғазаблар? Наҳот, мени ўлдиришни ўйлашяпти?!

Шовқиндан уюр ҳам xуркиб кетди чоғи, борган сари туёқ товуши яқинлашиб, отлар пайдо бўлди. Улар ҳам мен каби анави аёвсиз ва бешафқат одамзотдан қочяпти. Ёнимда югуриб бораётган бир бўз от xудди елкамга чиқ, дегандек бошини силкиб-силкиб қўйди. Мен учун бу тулпор қутқарув кемасидек эди, ўйлаб ҳам ўтирмай унинг ёлига ёпишдим. Кўп ўтмай атрофим буткул ўзгарди, мен тулпоримнинг қордек оқ бўйнидан қучганча олдинга интилар, лочиндек учардим. Қулоғимга далда қичқириқлари эшитилди: “Бўлақол”, “Яна озгина қолди… Бўшашма!”, “Сен уддалайсан, ўғлим!” Ва мен… қандайдир маррани кесиб ўтдим. Ён-верим гулга тўлган, қарсак-у олқиш овози оламни босган, карнайлардан эса мен ва яна икки йигитнинг пойгада пешқадамлик қилиб, юрт шарафини ҳимоя қилгани, фарзандлик бурчини оқлагани баралла айтиларди. Бўз отдан тушдим, ортга қарадим. Ҳалиги йигитлар анча ёш, бири қора, бири малла отни етаклаб менга эргашмоқда. Олдимиздан гул тутган оломон пешвоз чиқди.

  1. Мен Тўнғич ботирман!

Одамлар орасидан бир бола ажралиб чиқиб, менга аллақандай кўкрак нишони тақиб қўйди. Ҳавас билан қаради, нигоҳида орзумандлик, хаёлпарастлик балқиб турибди. Қўлимни қисиб қўйиб, дарҳол четга ўтди. Ортидан ўрта ёшлардаги киши (кўринишидан каттароқ мансабдорга ўхшайди) чиқиб келди, табриклаб елкамга қўлини ташлади, кейин аллақандай қувлик билан деди:

— Сен ким эдинг?!

— Мен Тўнғич ботирман…

Беихтиёр оғзимдан чиқиб кетганди бу. Ёдимга укаларим тушиб, такрор айтдим:

— Ёлғиз қолган Тўнғич ботирман!

Бу қадар оғир уйғонмагандим. Қулоғимдан елкамгача игна санчилгандек симиллаб оғрир, бутун танам терга ботган, томоғим қақраб, юрагим қафасдаги қуш каби питирлар, онгимда эса бир нарса айланаверарди: “Мен Тўнғич ботирман! Тўнғич ботирман…”

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × three =