Адабий сайтми, асабий сайт?!

Тан оламан, эринчоқман. Кўпчилик сингари PDF форматидаги китобларнинг ҳар жойидан чўқилаб “ўқиётган”, “Youtube” билан ухлаб, “Telegram” вa “Instagram” билан уйғонаётган XXI аср авлодининг бир вакилиман. Лекин қўлимда китоб борми, интернет манбасига ишонмайман. Китобни варақлаб, асл нусхадан, кўнгилни хотиржам қилиб ўқиганга нима етсин!

Афсуски, бугун кўпчилик китобни электрон шаклда ўқийди. Маълумотларни турли сайтлардан олади. Сабаби, замон ўзгарди, интернет қулай, исталган жойда ўқиса, фойдаланса бўлади, қолаверса, ҳамёнбоп… лекин телефон ёки компьютерига юзлаб PDF форматидаги китобларни тўплаб, кўкрак керадиган одамлар ҳам кўпайгани ҳақиқат-да! Билишмайдики, ёзувчи таъкидлаганидек, аслида китобнинг йиғилгани эмас, ўқилгани бойлик ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, дунёдаги энг улкан ва мукаммал электрон кутубхона “Google” томонидан яратилган “The Google Books” ҳисобланаркан. Бу ерда бир юз ўттиз миллиондан ортиқ китоб рақамлаштирилган бўлиб, улар 480 тилга таржима қилинган.

Юртимизда ҳам кундан-кун электрон кутубхона ва адабий сайтлар сони ошиб бормоқда. Жумладан, адабий жамоатчилик ва зиёли қатлам электрон манба бўйича, асосан, “Ziyouz.com” кутубхонасига таянади. Бу сайт бир неча йиллардан буён ишончли маълумот ва бадиий асарларнинг электрон нусхалари билан бойиб, ривожланиб бормоқда.

Бошқа электрон кутубхона ва адабий сайтларимиз ҳам бисёр. Лекин улар қай даражада талабга жавоб беради ва бу саҳифаларимиз фаолияти адабий жамоатчиликни қониқтирадими?

Ижтимоий сайтлардаги хатолик ва саводсизликнинг айтгулиги ҳам қолмади. Охири кимдир бунга кўз юмиб кетди, ким бўлса дардини ичига ютиб, ҳамон қалампир чайнаб юрибди. Ҳақоратли сўзларни маёқ қилиб, “Youtube” дарчасидан куфр жумлалар ила оламга “дарс бераётган” кўпгина ўзини блогер деб атагувчиларни ҳам қўятурайлик. Улар ўз йўлигаку-я ҳатто айрим адабий сайт ва электрон кутубхоналаримизда ҳам аҳвол чатоқлиги кўнгилни хира қилади.

Келинг, мисол тариқасида Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжоннинг шеърлари эълон қилинган турли интернет саҳифалари билан асл китобдаги вариантини солиштириб кўрамиз. “Saviya.uz” сайтида эълон қилинган “Қадимги оҳангларда” сарлавҳали шеърда “дўст” сўзи бошдан-оёқ “ёр”га алмаштирилган:

 

Ҳар киши бир умрга етгулик ёр танласин,

Бирга Маҳшарга қадар кетгулик ёр танласин,

Тангрисиз қолса тавоф этгулик ёр танласин,

Дўсти йўққа йўқ илинж яқин йироқ ичинда,

Мулки борлиқ бўлса ҳам гарчи қучоғ ичинда.

 

Бу савиялироқ сайтлардан бири бўлгани учун ундаги маълумотларни қолдирмасдан кузатиб бораман. Баъзан имло хато ва услубий хатоларга дуч келаман, лекин ҳамма қатори бунга кўз юмиб кетавераман. Сайт ходимлари юқоридаги жиҳатларга ҳам жиддийроқ эътибор қаратишса, яхши бўларди.

Зиёли қатлам орасида маълум ва машҳур электрон кутубхоналардан бири бу — “Xurshid Davron kutubxonasi” ҳисобланади. Аввало, устознинг саҳифани ёлғиз ўзи юритиб, ривожлантираётгани, турли ёшдаги ижодкорларнинг асарларини эълон қилиб, уни чинакам адабий минбарга айлантиргани таҳсинга лойиқ.

Лекин бу ерда қанчалик керакли маълумот ва бадиий асарлар бўлмасин, имло хатолар ҳам анчагина. Сайтда мусаҳҳиҳга эҳтиёж сезилади. Бизнингча, кўпчилик фойдаланадиган зиё улашувчи маънавият булоғи лойқа бўлмаслиги керак.

Юқоридаги хатоликларни тузатса, замонавий тилда айтганда, устидан “Edit — редактировать” қилса бўлади. Лекин “E-adabiyot” электрон кутубхонасини кўздан кечириб, унинг боридан кўра йўғи авло экан, деб ўйлаб қоласан киши. Унда имло хатолар-ку “майли”, ҳатто шоир-ёзувчилар ижодига ҳам бепарволик ва беписандлик билан қаралар экан.

Сайтда эълон қилинган Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиеванинг шеърларидаги сатрларга эътибор беринг:

“Кутдим, кутдим, келмадинг 6у кун,

Умид қилдим эртанги кундан…”

 

“Тўлкинлар: «Кирғоада лоқайд турмагин», —

Чорладилар шўх.

Мен шўхчан дарёга ўзим урмадим,

Мен борганим йўқ…”

Сайтда мумтоз адабиётимиздан тортиб, жаҳон адабиёти намуналаридан ҳам асарлар эълон қилинган. Айниқса, турли мавзулардаги мақолалар ва улардаги ғиж-ғиж хатоликлар таъбимни хира қилди:

Алишер Навоийнинг ғазали таҳлилига бағишланган “Эл нетиб топқай мени…” сарлавҳали мақолада (Муаллиф Зуҳриддин Исомиддинов) тиниш белгиларини ҳисобга олмасангиз ҳам ғиж-ғиж хато чиқади:

“…оқибат – бошдан-оёқ бало ўқларига нишон бўлиши, кейинчалик эса ўзи торган оҳлар дуди ичда гўё бир мажнун тунда олов ёқиб…”;

Тасаввувда – ҳақиқий солик, адабиётда – чин ошиқ севги шиддатидан ўзини унутиши, хаёлан маъшуқа билан бирлашиб кетиши лозим.”

Сайтда эълон қилинган “Адабий тил ва жонли сўзлашув тили” сарлавҳали мақоланинг ҳоли эса янада аянчли. Тил ҳақида гапириб, шунча хато қилиш учун мактабни каридорда ўқиш керак, менимча:

“Адабий тилда синтақтик қурилиш жиҳатидан ҳам икки шаклга хос хусусиятларни кўриш мумкин”;

“Бу вақтда оҳанг, тўхтам, имо-ишора, нутқ вазияти каби воситалар муҳнм роль ўйнайди”;

“Адабий тилнинг ҳар иккала шакли учун хос алоҳида лексик ва фразеологии тил бирликлари қўлланади, яъни ҳозирги адабий тилда бетараф ва услублараро қатлач: билан бир қаторда, фақат оғзаки ёки ёзма адабий тил учун хос сўз ва иборалар қатлами ҳам мавжуд”;

“…юқорида тилга олингац цшоирларнинг, айниқса Алишер Навоийнинг асарлари XIV—XV асрлардаги эски ўзбек адабий тилининг хусусияти, унинг оғзаки ва ёзма шакллари…”

Ёки ушбу сайтда эълон қилинган Омон Матжон шеърларини олинг:

“…Бошқалардек севишдик биз ҳам,

Куйиб юрдик бошҳалар каби.

Бу савдони бахт билдик биз ҳам,

Бахтдир, дедик висол, ёр лаби.

Бошҳалардек дуч келиб қолсак,

Олислардик минг бор ҳайрилиб.

Мана, биз ҳам бебахт, беҳарсак

Бошқалардек кетдик айрилиб…”

Ёки мана бу сатрларга эътибор қилинг:

“Асли, қайда бўлсанг, мен кўнгли тўқман,

Кунчиқарим ишқтсир, нур ўчса — йўқман…”

Булар-ку техник носозликдир, лекин устознинг “Сендан хабар келтирса” сарлавҳали машҳур шеърининг бир банди бутунлай тушиб қолганига нима дейсиз?! “Аёлга мақтов” шеърини эса, ўқиб, тушунишнинг ўзи инсондан катта машаққат талаб этади:

“Шоирга йўл бўлсин, сизли чизай деб,

бўёқ қуюлтириб турар рассомлар!

Мукаммал ҳуснингиз ёғдуси учун

ой ҳам навбатчилик қилар оқшомлар!

 

Шоирга йўл бўлсин!

Куйлан дсб сизни…”

Сайтга кирсангиз, аввало, дизайн эътиборингизни тортади. Ва экран марказида “Ўзбек тилини ўрганамиз — Online darslar” ёзуви “ёниб-ўчади”. Бунақа савиядаги сайтнинг ўзбек тилини ўргатишига ким ишонади?

Биз фақат мисол учун 3–4 нафар устоз ижодкорлар шеърларига эътибор қилдик, холос. Ҳижжалаб кўрилса, бунақа хатолар сон-саноқсиз, сон мингта! Хўш, шундай экан, сайтларни, қолаверса, АДАБИЙ-МАЪРИФИЙ сайтларни жиддийроқ назорат қилиб, хатоликларни тузатиш вақти келмадимикан? Ахир уларнинг айримлари жамоатчиликка ёлғон ва нотўғри маълумотдан бошқа ҳеч нарса бермаяпти!

Сўнгги йилларда электрон кутубхона ва адабий сайтларимиз сони ортиб бораётгани қувонарли ҳол, албатта. Лекин муаллифлик ҳуқуқи ва адабиёт мезонларига риоя қилинмаса, муаллифлар ижодини китоб билан солиштирмай, пала-партиш жойлайверилса, бу соҳанинг охири бахайр бўладими? Тўғри, бу саҳифалар интернет тармоғида электрон бўлиши мумкин, лекин улар АДАБИЙ сайт, электрон НАШР деган залварли номни елкалаб юрибди-да. Масъулиятни озгина ҳис қилишса, эҳтимол озгина эпақага келган бўлармиди?

Менинг эса фикрим янада қатъийлашди: яхшиси, ҳа энг яхшиси китоб экан. Уни варақлаб, қўлимга олиб мутолаа қилиш баридан завқли, фойдали, энг муҳими ишончли экан!

Абдулазиз АҲМЕДОВ

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + 14 =