Ҳимоя ордери мукофотми ёки муҳофаза? Ёхуд “хўрланган аёллар” қисмати ҳақида ўйлар

Бугун биз ахборот яшин тезлигида етиб келаётган замонда яшаяпмиз. Айнан шу сабаб, бутун Ўзбекистон халқи бир неча ойлардан буён ҳўрланган аёллар тўғрисидаги машъум хақиқатлардан воқиф. Хусусан, Самарқанддаги Мустаҳкам, Намангандаги Гуландом, яна бир тошкентлик келин қисматиХуллас, бу рўйхатни яна давом эттиришимиз мумкин. Аянчли аҳволга тушиб қолган ва бу вазиятдан чиқиб кета олмаётган аёлларни минг афсуски минглаб даражада дейишимиз мумкин. Юқорида исмлари санаб ўтилганлар шунчаки омма эътиборига тушган ва шундан сўнггина муаммо дарё устига қалқиб чиққанини кўра оляпмиз. Яна шу каби хўрликларга чидаб, дардини ичига ютиб яшаётган аёллар турмуши ҳақиқати эса фақатгина ўзи ва Яратганга аёндир…

 

ҚИЙНОҚДАГИ АЁЛЛАР

Самарқанд вилоятида салкам ўн йилдан буён турли хўрликларга чидаб келаётган Мустаҳкам ўз дардини ижтимоий тармоқда ошкора қилгачгина ҳақиқат юзага чиқди. Неча вақтлар на аёл ва на келин ўрнида қабул қилинган ёш аёлнинг тақдирига бутун Ўзбекистон кўз тикишни бошлаганидан сўнг Самарқанднинг “авторитет”ли шахси ниҳоят панжарa ортида.

Маълумки, агар оммавий ахборот воситалари бу ишга аралашмаганида бадавлат қайнота ишларни яна бир бор “ёпди-ёпди” қилиши, келин эса навбатдаги зулмлар остида умр ўтказиши турган гап эди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган яна бир аянчли видеолавҳа Тошкент шаҳрида юз берган. Тасвирда яна айни ҳолат — эркак аёлига нажосатни мажбурлаб едираётгани акс этади. Ҳозирда эркакка Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси 1-қисми (қийноққа солиш) бўйича жиноий иш қўзғатилиб, ҳибсга олинган. Аёл эса ҳозирда вояга етмаган болалари билан оғир аҳволга тушиб қолган аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига вақтинча жойлаштирилган.

“УЙДАН ЎЛИГИНГ ЧИҚСА ЧИҚСИН, ЛЕКИН ҚАЙТМА”

Нима учун?! Бир аёл доимий равишда хўрланишига, беписанд бўлишига қарамай мудом “чидаши” шарт! Бир аёл одамларнинг гапи, жамиятдаги ўрни йўқолишидан хавфсираб ўлса ўлсинки, лекин зулм кўраётган “эри”дан ажралмасинми? Масалага чуқурроқ ёндашсак, аксарият аёлларнинг ўзлари ҳам бу каби масалаларда қисман айбдор! Эри томонидан беписандликка учрашни осонгина қабул қилган аёлнинг қисмати йиллар ўтгани сари фақат салбий тарафга ўзгаради. Ўз ҳуқуқларини билмаган ёки доимий равишда ҳуқуқларини талаб қилишдан қўрққан, атрофдагиларнинг бир қолипдаги “чида!” сўзига кўниб, жабрдийдага айланган аёллар осмондан мўъжизавий куч тушишига ишониб яшаяптилар гўё. Хўш, аксарият аёлларнинг бундай фикрлашига, хўрланишга кўнишларига сабаб нима? Ҳамма гап ота-оналарнинг тарбия негизига ҳам бориб тақалиши яна-да аянчли. Қизларни мактабни битириб-битирмасларидан эрта турмушга узатишлари, изҳор этилган орзуларни ерга кўмиб уларнинг онг-шуурига “аввало, яхши келин бўлишинг зарур” деган қарашни сингдирилиши, ҳар қандай оғриқли ҳолатда ҳам “ажрим ўлимдан қаттиқ” деган қатъий ҳақиқатларидан тонишмаслиги эмасмикин муаммонинг асосий илдизлари?! Катта эҳтимол билан жуда кўп аёллар айнан моддий қийинчиликлардан ҳадиксирашгани туфайли ҳақоратлар-у хўрликларга йиллар давомида кўниб яшашади. Эсини таниб, ҳаёт йўли учун эндигина мақсадлар қўяётган қиз қўллаб-қуватланганида,аёл, она мақомига эришгач бу даражадa ўзини ерга урдириб қўймасди балки!

“ТАРИХ ТАКРОРЛАНЯПТИМИ?”

Дунё миқёсида ўз жонига қасд қилувчилар йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Хусусан, маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 600 га яқин аёл ўз жонига қасд қилади. Шулар орасида намойишкорона суиқасд усулини танлаганлар борлиги жамият аёллари ҳақлари поймол бўлаётганининг яққол далилидир. Шуни таъкидлаш керакки, Марказий Осиё республикаларида ўз жонига қасд қилишнинг айнан “ўзига ўт қўйиш” ҳолати жуда кўп бора содир бўлган. Маълумотларга қараганда Ўзбекистонда илк бор 1926-1928 йилларда жами 203 та аёл ўзини ёқиб юборган. Бундай юқори кўрсаткич 1987 йилда такрорланиб, 270 нафар аёл суиқасднинг айни шу усулини танлайди. Шу йил наманганлик Гуландом исмли аёлнинг тарқалган видеоси юракни ларзага келтиради. Хўш, аёллар нима учун ўзига ўт қўяди? Чунки ўзига ўт қўйган аёл аслида намойишни истайди. Ҳуқуқлари поймол, турли адолатсизликларга дучор бўлаётганини ниҳоят тушуниб етишларини хоҳлайди. Гуландом ҳам шу хаёлларни бошидан кечирган бўлса не ажаб, аммо… Бу бир исён. Шу жамият аёлининг норозилиги ва минглаб ҳақлари йўққа чиқаётган аёллардан бирининг исёни, холос! Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси   ўринбосари Саида Мирзиёева таъкидлаганидек, “Қонунчилигимиз бу борада номукаммал!”.

Шу ўринда айтиш жоизки, жамиятимизга гендер тенглиги деган қараш ҳам секин-аста кириб келяпти. Шу сабаб эркак ва аёлнинг ўзаро тенглиги ҳақида бонг уриш ва буни одамларимизга сингдириш бироз қийин кечади. Бироқ жамиятимизда шундай нотўғри қараш ҳам борки,оқибат кўриб турган фожиаларимиз бир-бир ўртага чиқяпти. Хўш, ўзи бу атама Ўзбекистонда қачондан бошлаб қўлланила бошланди? Бунга сабаб нима? Ҳимоя ордери қандай шаклга эга? Ҳозиргача ушбу ордердан неча нафар аёллар фойдаланди? Юқорида айтиб ўтилган аёллар қисматидаги ҳолатларда қандай ҳуқуқий ёрдам ва ташкилотлар мавжуд? Шу ва шу каби саволларга экспертларимиз нима дейди?

Наргис ҚОСИМОВА, филология фанлари номзоди, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети доценти:

—                Ўзбекистонда сўнгги пайтлари “гендер тенглиги”, “оиладаги зўравонлик”, “ҳимоя ордери” каби тушунчалар тез-тез қўлланила бошланди. Уларнинг бир бирига ўхшаш жиҳати шундаки, мазкур тушунчалар, асосан, қийин ҳаётий вазиятга тушган, оилада зўравонликка учраган хотин-қизларга нисбатан қўлланилмоқда. Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон “Гендер тенгсизлиги индекси рейтинги”да 57-ўринда турибди.

Ўзбекистонда “гендер тенглиги” атамаси 2018 йилгача деярли қўлланилмас эди. Ҳаттоки республиканинг на Жиноий, на Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларида ҳаттоки “оилавий зўравонлик” деган тушунча ҳам йўқ эди. Айни пайтда республиканинг барча вилоятларида Президентнинг 02.07.2018 йилда имзолаган “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ—3827-сон қарорига мувофиқ Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика маркази ваТошкент шаҳар реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари ташкил этилди. Нега?

Унда халқаро тажрибаларга таянган ҳолда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларга манзилли, ўз вақтида ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш каби ишлар амалга оширилади. Шунингдек, мазкур марказда зўравонлик қурбонига айланган аёллар учун шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, зарурат бўлганда, уларга қўшимча ёрдам кўрсатишлари амалга оширилади. Ҳозирги пайтда Республикада 197 та реабилитация марказлари фаолият юритмоқда. Маълумотларга кўра, ушбу марказларда ўтган йилнинг декабрь ойигача 21 мингдан ортиқ фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинган. Шундан 986 нафари эркак, 788 нафари бола ва 19784 нафари аёл. Биргина 2020 йил 7-14 сентябрь ҳолатига Марказлар 337 нафар хотин-қизларнинг дардига малҳам бўлишган.

Ҳа, гендер тенгсизлиги муаммосига Ўзбекистонда жиддий равишда 2018 йилдан бошлаб эътибор қаратила бошланди. Аввало, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизими мавжуд эмаслиги, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан якка тартибда иш олиб бориш амалиёти йўлга қўйилмаганлиги, хотин-қизлар ўртасида бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича фаолият самарасиз ташкил этилганлиги, шунингдек, эрта никоҳларнинг, оилалардаги низоли ҳолатлар ва ажрашишларнинг олдини олиш бўйича чораларнинг самарадорлиги паст даражада қолаётгани ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўтарила бошланди.

Ўзбекистон аёллари гендер тенглигини таъминлашда ҳуқуқ-тартибот органлари уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, зўравонларни жавобгарликка тортиш борасида ишнинг энг мураккаб қисмини бажаришади. Жорий йилнинг январидан бошлаб август ойига қадар, яъни 8 ой мобайнида Ички ишлар вазирлиги аёлларга нисбатан турли хил жиноят ва ҳуқуқбузарликлар борасида 4847 та мурожаатни кўриб чиқишган.

Фурқат ТОЖИЕВ, Адлия вазирлиги Юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи:

—       Хотин-қизларга нисбатан ишлатилаётган турли хил зўравонликларнинг олдини олиш мақсадида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган.

Қонунга кўра, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки содир этилиши таҳдиди мавжудлиги тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш бевосита ички ишлар органларининг вазифаларидан бири ҳисобланади.

Шунингдек, ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи хотин-қизларга ҳимоя ордери берилади. Ҳимоя ордери орқали тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик қилган шахсларга нисбатан хотин-қизларга тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни, тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган шахснинг тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар билан алоқасини тақиқлаш каби чекловлар ўрнатилиши мумкин.

Ҳимоя ордерида белгиланган талабларни бажармаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Айтиб ўтиш керакки, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ёрдам кўрсатган шахсларга маълум бўлиб қолган барча шахсга доир маълумотлар қўриқланиши таъминланади.

Бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонлик натижасида хотин-қизлар соғлиғига етказилган зарар учун, етказилган зарарнинг даражасидан келиб чиқиб маъмурий ёки жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилади.

Жумладан, содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш натижасида кўриш, сўзлаш, эшитиш қобилиятини йўқотиш ёхуд бирон аъзонинг ишдан чиқиши ёки унинг фаолияти тамоман йўқолишига, руҳий ҳолатининг бузилишига ёки соғлиғининг бошқача тарзда бузилишига, умумий меҳнат қобилиятининг ўттиз уч фоизидан кам бўлмаган қисмининг доимий йўқолишига ёки ҳомиланинг тушиши ёхуд баданнинг тузалмайдиган даражада хунуклашишига сабаб бўлса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси билан жавобгарликка тортилади.

Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказганлик учун 105-модда, қасддан баданга енгил шикаст етказиш учун 109-моддада тегишли жавобгарлик чоралари белгиланган.

Муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш учун эса 110-моддада белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Шунингдек, тазйиқ ўтказиш турли ҳақорат ёки туҳмат кўринишида бўлса, мазкур ҳаракатлар учун уларнинг даражасига қараб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-41-моддаларида ёки Жиноят кодексининг 139-140-моддаларида белгиланган жавобгарлик чоралари қўлланилади.

ЖАБРДИЙДА АЁЛЛАРГА КЎМАКЛАШУВЧИ ҚАНДАЙ ТАШКИЛОТЛАР БОР?

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бугунги куннинг энг долзарб масаласи бўлиб, у кучли ҳуқуқий ёрдам бериш орқалигина амалга оширилиши мумкин.

Турли кўринишлардаги зўравонлик шаклларидан азият чеккан хотин-қизларга ҳар томонлама кўмак бериб келаётган давлат ва нодавлат муассасалар қаторига Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Республика ижтимоий реабилитация ва мослаштириш маркази ва унинг ҳудудий филиаллари, “Юксалиш”, “Барқарор ҳаёт”, “Истиқболли авлод”, “Раҳмдиллик”, “Ойдин нур”, “Меҳржон”, “Юксак салоҳият”, шунингдек, Фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази (ФТҚМ) ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилот (ННТ)ларни киритиш мумкин.

Шуниси эътиборга моликки, юқорида қайд этилган ташкилотлар ҳар куни қийин вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга турли хил масалалар юзасидан бепул юридик маслаҳат хизматларини тақдим этишади, жойларга бориб, турли шакллардаги ҳуқуқий тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришади.

Хусусан, жорий йилнинг 18 сентябридан 1 октябригача бўлган вақт мобайнида нодавлат ташкилотлар томонидан муаммога дуч келган хотин-қизларга жами 575 та бепул ҳуқуқий маслаҳат берилган.

Мафтуна ЖЎРАЕВА ва

Моҳигул ДИЁРХОДЖАЕВА тайёрлади.

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА:

2020 йилнинг ўтган 8 ойи давомида энг кўп ҳимоя ордерлари берилган ҳудуд Тошкент шаҳри (966), шунингдек, кетма-кетликда Фарғона (560), Қашқадарё (502) ва Тошкент (440) вилоятлари жойлашган.

Энг кам ҳимоя ордерлари Қорақалпоғистон Республикасида берилган (158).

4744 та ҳимоя ордерларини беришга қуйидагилар асос бўлиб хизмат қилган:

— зўравонликдан жабр кўрганларнинг аризалари – 3104;

— бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари – 403;

— бошқа масъулиятли идоралар томонидан зўравонлик фактларининг қайд этилиши– 865;

— давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан келиб тушган маълумотлар – 372.

Қайта берилган ҳимоя ордерларининг сони 24 та. Шундан: 14 ордер– жисмоний зўравонликдан ҳимоялаш учун, 1 – жинсий зўравонлик, 1 – иқтисодий зўравонлик, 7 – психологик зўравонлик, 1 – тазйиқ.

7188 нафар зўравонлик содир этган, ҳамда зўравонликка мойил инсонлардан ҳимояланиш учун берилган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × three =